Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази бўлим бошлиғи порахўр бўлиб чиқди.
Маълум қилинишича, 2018 йилнинг 13 октябрь куни Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасига фуқаро Ч.Н. ариза билан мурожаат қилиб, унда 2018 йилнинг октябрь ойи бошларида Х.А. Олий таълим вазирлигида ишловчи У.А. орқали унинг икки нафар танишларини Тошкент ҳуқуқшунослик лицейига ўқишга киритиб қўйишга ваъда қилиб, эвазига 3 минг АҚШ доллари сўраганлигини айтган.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Наманган вилояти ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда, хусусий тадбиркор Х.А. Наманган шаҳрининг Нодира кўчасида фуқаро Ч.Н.дан 3 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган. Х.А. ўз кўргазмасида ушбу пулларни ўқишга киритиш масаласини ҳал қилиш учун жиноий шериги У.А.га бериши лозим бўлганлигини кўрсатган.
Шу муносабат билан 14 октябрь куни Х.А.нинг кўргазмаси асосида тезкор тадбир давом эттирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази бўлим бошлиғи У.А. Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани “Қирққиз” қишлоқ фуқаролари йиғини ҳудудида жиноий шериги Х.А.дан 3 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ИИБ Тергов бўлими томонидан Х.А. ва У.А.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.