Янги абитуриентларнинг бюджет, тўлов-контракт ёки супер контракт асосида ўқиши масаласи ҳам ҳал қилинган.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида ўтказилган мажлисда топшириқ берганди.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, қуйидаги қўшимча квоталар ажратилди:
Ўзбекистон Миллий университети учун “Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили” таълим йўналиши бўйича - 50 та;
Тошкент давлат педагогика университети учун “Ўзбек тили ва адабиёти” таълим йўналиши бўйича – 50 та.
Бу 100 та ўрин қандай тўлдирилади?
Қўшимча ажратилган бу 100 та квота Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига жорий йилда ҳужжат топшириб, тўлов-контракт учун етарли балл тўплай олмаган мос таълим йўналишлари абитуриентлари ҳисобидан шакллантирилади.
Бу нима дегани?
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг “Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили” таълим йўналиши бўйича контрактнинг энг охиридан (168,6 балл) кейин турган 50 нафар йиқилган абитуриентлар ЎзМУ талабаси бўлди.
Худди шундай Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг “Ўзбек тили ва адабиёти” таълим йўналиши бўйича контрактнинг энг охиридан (160,9 балл) кейин турган 50 нафар йиқилган абитуриентлар Педагогика университети талабаси бўлишди.
Бунда баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинади.
Ушбу 100 нафар омадли абитуриентлар тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Эътиборли томони бу қўшимча контракт эмас, яъни улар оддий миқдордаги контракт тўлаб ўқишади.