Ислом Каримов бундан 9 йил аввал, интернет орқали кириб келиши мумкин бўлган хавфларни кўра билиб, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида бундай таҳдидларга қарши нима қилиш кераклиги ҳақида ёзган эди.
“Qalampir.uz”нинг ишончли манбаларидан бири Тошкент шаҳридаги касб-ҳунар коллежларидан бирида ўқитувчилар ижтимоий тармоқлардаги мазкур хавфдан огоҳлантирилгани ҳақида хабар берди.
Воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, бу ўйин секин-аста билан Ўзбекистон ҳудудларига ҳам кириб келмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири шундай дейди:
“15 ёшли синглим менга қўнғироқ қилиб, ўйин ҳақида айтиб берди. Ҳақиқатан буни ўйин деб ўйлаганини, аммо эртасига соат 4:20 да топшириқ юборилганини сўзлаб берди. Ўйинда иштирок этишдан бош тортган ўртоғига эса оила аъзоларини ўлдириш таҳдиди билан қўрқитгани ҳақида ҳам айтиб берди”.
Ҳозирги пайтда, “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида ўйин номи билан аталувчи гуруҳлар сони 300 дан ортган. Гуруҳ модератори иштирокчиларни қандай қилиб, ўз жонига қасд қилиш даражасида руҳиятига таъсир қилиши маълум. Лекин нега ўйин номларидан бири “мени соат 4:20 да уйғот” деб номланади? Бизга маълум бўлдики, 1971 йилдан АҚШдаги Сан Рафаэл мактаби ўқувчилари мактаб ҳовлисида айни шу вақтда марихуана чекишни одат қилган. Кейинчалик бу вақт барча гиёҳвандлар учун одатий вақтга айланиб қолди. Ҳозирда марихуанани қонунийлаштиришини сўраб норозилик ҳаракатини уюштирадиган ташкилотлар ҳам айни шу вақтдан фойдаланар экан. Бу ҳам ўйин тасодифий яратилмаганини исботлаб туради.
Ўйин ўзининг қурбонларини бизга яқин ҳудудлардан қидирмоқда. Қўшни давлат, Қозоғистоннинг Қарағанда ҳудудида яшаган 19 ёшли Галина Сибирякова 6 февраль куни “Кўк кит” таъсирида ўз жонига қасд қилган. Шу куни, Шарқий-Қозоғистон вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқда шахсни ўз жонига қасд қилишга ундовчи квестлар мавжуд гуруҳ топилганини тасдиқлади. (Qalampir.uz гуруҳ номларини хавфсизлик мақсадида ошкор этмайди)
Жамбил вилоятидан яна бир 8-синф ўқувчиси эндигина иккита топшириқни бажарган заҳоти, ота-онасининг ҳушёрлиги туфайли кўнгилсиз ҳодисанинг олди олинди. Ҳозир у билан психологлар ишламоқда.
Бу ҳодисалар ҳаёлотда ёки узоқ ўлкада эмас, биздан унча узоқ бўлмаган шаҳарларда юз бермоқда. Қозоғистон Давлат тили ва маълумот тарқатиш департаменти директори Алмаз Садубаев фуқароларни огоҳ бўлишга чақирди:
“Бола руҳияти билан танишиш имкониятига эга ёпиқ гуруҳ бошқарувчилари квестларни яратиб, унга таклиф қилишмоқда. Сўнггида ўз жонига қасд қилиш талаб этиладиган бу ўйин оқибатларидан барча ота-оналарни огоҳ бўлишга чақираман”.
Қозоғистон Республикаси парламентининг депутати Нурлан Абдиров шундай дейди: “Қарағандада 19 ёшли қизнинг ҳалок бўлгани ачинарли ҳолат. Мен унинг ижтимоий тармоқдаги гуруҳ ташвиқоти сабабли ўз жонига қасд қилганми, деган саволга жавоб бермоқчи эмасман. Депутатлар корпуси бундай турдаги гуруҳларнинг мавжуд эканлигидан ташвишда. Шунинг учун, ҳозир қандай қилиб қонуний равишда бу гуруҳларни ёпиб юбориш ҳақида бош қотирмоқдамиз”.
Азиз ўқувчи, “Qalampir.uz” бу воқеаларга яна ойдинлик киритади. Халқ орасида юрган, Тошкент шаҳрида ўйинга алоқаси бўлган ўсмирлар бор эканлигини иддао қилаётган миш-мишлар ростми ёки уйдирмами, буни хабар қиламиз. Лекин, асосий манфаатни унутмайлик, огоҳлик зиён қилмайди. Бугун, душман қурол кўтариб, бизга ҳамла қилиши шарт эмас. Барча уруш полигонлари энди ахборотлар, маълумотлар ва маънавиятда ўзини намоён қилмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таъбири билан айтганда, “Бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга.”
Ислом Каримов бундан 9 йил аввал, интернет орқали кириб келиши мумкин бўлган хавфларни кўра билиб, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай ёзган эди:
“Шуни унутмаслик керакки, бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин”.