Финландияда боланинг хорижий тилларни ўрганиши кучли қўллаб-қувватланади. 2012 йил куз мавсумида 14.000 атрофидаги ўқувчи 50 дан ортиқ таклиф этилган қўшимча тил ўрганиш дарсларига қатнаган.
Финландия умумий аҳолисининг йигирма беш ёшгача бўлган ёшлари фуқароларнинг деярли учдан бирини ташкил этади. Финлар фарзандларининг тўлиқ таълим олишига катта эътибор қилади, унинг давомийлиги 19 йилгача чўзилади. Дастлаб, мажбурий 6-7 ёшдан кичкиналар учун мактабгача тайёрлаш дастури мавжуд. Ёш болалар етти ёшдан қатъи равишда мажбурий тўққиз йиллик мактаб таълимига жалб қилинади. Шу давр мобайнидаги бепул (19 йиллик) таълим давлат томонидан кафолатланган. Ижтимоий парвариш марказлари ва мажбурий таълим мобайнида тўлиқ кунлик бепул иссиқ таомлар тортилади.
Аслида, жамият таълим беришни қуйидагича бошлайди: дастлаб, туғилган чақалоқ ота-онасига “Оналик қутиси” (Maternity box) тақдим этилади. Унинг ичида 3 китоб ҳам мавжуд бўлиб, ота учун алоҳида, она учун бошқа ва кичик чақалоқ учун мўлжалланган. Бола китобида асосан таниб олиши учун юзларнинг расми, буюмлар тасвирланган. Ота-она, албатта, ундаги матни ўқиб бериши лозим.
Саккиз ойлик чақалоққа ижтимоий бола парвариш этиш марказларига қатнашга рухсат берилади. (“Daycare” деб аталади). Бу икки услубда бўлиб, бола парвариш қилиш марказида ва ижтимоий хизмат марказида катта одамнинг (уч ёшгача 1 та ўқитувчи ва 2 та ҳамшира ҳар 12 та бола учун, 6 ёшгача худди шундай таркиб ҳар 20 та бола учун) назорати остида вақтини ўтказади. Оилавий ижтимоий-иқтисодий шароитлар ҳисобга олиниб олти ёшгача бола парвариш марказига қатнаш бепул ёки ойига 200 еврогача белгиланган. Уч ёшгача бўлган болани ота-онасининг хоҳишига кўра, онага уйда болани парвариш қилгани учун маҳаллий маъмурият томонидан “Home care” (Уй парвариши) пули тайинланади.
Эрта ёшдаги фин тайёрлаш дастури ҳар бир боланинг ривожланишига имконият яратиш ва шахсиятини ҳурмат қилишга асосланган. Дастур тарбиячилари боланинг ижтимоий ва интерфаол қобилиятларига эътибор қилишади, бошқаларнинг эҳтиёжлари ва қизиқишларига аҳамият беришга, улар ҳақида қайғуришга ҳамда бошқа маданият, турли муҳитларга нисбатан ижобий тасаввурга эга бўлишга ўргатишади. Математик ҳисоб ва ўқишни ўрганишади, билимларни қандай эгаллаш кераклиги ҳақида тушунчалар берилади.
Ҳозирда мамлакатда тахминан 3000 га яқин мактаб ва уларда 550. 000 ўқувчи таҳсил олади. Хусусий мактаблар очилиши хусусида қарорни маҳаллий маъмурий кенгаш қабул қилади, давлат мактабларида кўрсатиладиган барча имкониятлар таклиф этилиши шарт, ўқувчиларни саралаб қабул қилиш таомили бекор қилинган ва ҳеч қандай ҳолатда ҳам пуллик таълимга йўл қўйилмайди. Шунинг учун маҳаллий маъмурият хусусий мактаблар очилишида давлат мактаблари каби субсидия ажратади ва моддий таъминот бериб туради. Уларнинг фарқи бошқарувида бўлади, молиялаштиришидан қатъи назар хусусий мактаб мустақил бошқарилади. Шунинг учун ушбу мактаблар Штейнер мактаб (Steiner school) тизимидек фаолият юритади. 2012 йил умумий ўқувчиларнинг 9,5 фоизи шундай мактабларга қатнаган.
Барча тарбиячи ва ўқитувчилар ягона уюшмага аъзо ва давлат стандарти талабларини бажариши шарт, лекин дарсларни қандай ўтишни ва ўзларининг муаллифлик дарсликларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Синфхонада 12 тадан сал кўпроқ ўқувчи бўлади. Ўқувчиларга ўқитиш тилидан (кўпинча бу швед ва фин) ташқари яна иккита хорижий тилни ўрганиш шарт қилиб қўйилган. 9-синфга қадар бир ҳафтада ҳар бир ўқувчи мусиқа, дурадгорлик, текстиль, темирчилик, санъат ва таом тайёрлаш дарсларида 411 соатгача (период=90 минут давом этади) вақт ўтказади.
Эрталабги соат 8:00 да дарслар бошланиб, ўқувчилар мактабга келади. Хоналар Финландия табиатида яшовчи ҳайвонлар номи билан номланган: бойўғли, бўри, тулки, кит ва бошқалар. Ҳар бир мактабда мутолаа учун махсус зал, бурчагида ўриндиқлари бор қишки боғ ва шахмат ўйин майдони мавжуд. Мактаб биносининг қурилиши такрорланмас ўзгача дизайнда ташкил этилган.
Ичкари дарс хонасида ўқувчи фаол ҳолда дарсни ўзлаштиради: келиб кўради, савол беради, ёзиб олади, яқиндан томоша қилиб, ушлаб кўриши ҳам мумкин. Баъзида юмшоқ ўриндиққа ўтириб дам олиб олиши ҳам мумкин. Дарсларнинг дастлабки 30 дақиқасини ҳар қандай табиат шароити бўлишидан қатъи назар ташқарида ўтказишади. Бунда ёзги мавсумда футбол майдонидан фойдаланилади, қишки мавсумда конки учишади. Френчман Cэлестин Фреинет таомилига кўра, билимни ҳаракат орқали ва ижтимоий тартибда ўрганиш амалга оширилади. Кейинги қисмда синфхона мавзуни муҳокама этиб, уни ўзлаштирадилар.
Ўқувчилар 5-синфгача имтиҳон натижалари ўзларига айтилмайди ва ягона ўқитувчи томонидан олти йил таълим берилади. Ундан кейин фан ўқитувчилари дарс беради. Кўпинча ота-оналар ва ташриф буюрувчилар учун мактаб эшиклари очиқ: ота-оналарнинг мутахассислиги бўйича мос мавзуда меҳмон қилиб таклиф қилинади ва барча билан муҳокамалар уюштирилади (2006 йилдан бери). Кунлик нормада 3-4 дарс бўлади. Тушликни ҳамма бирга қилади, ўқитувчиларнинг болалар билан овқатланиши уларнинг муносабатига яхши таъсир этади.
Дарсларни ўзлаштириши қийин бўлаётган ўқувчилар учун махсус педагог ёрдамида 3-4 кишилик гуруҳ ташкил қилиниб, шахсий ўрганиш режаси тузилади. Имконияти чекланган ўқувчилар таълим муддати 11 йил бўлиб, махсус режа асосида ўқитилади. Юқори синф ўқувчилари учун мактабнинг ўзида турли йўналиш клуб, тўгараклари мавжуд. Масалан оригами ясаш, япон тили ўрганиш тўгараги, спорт клублари шу жумладан.
Уй вазифа ва дарс жадвалини Леарнинг Диарй портфолиосидан электрон текшириб олиш, бажарилган машқларни юклаш мумкин. Бу жойда ота-оналар учун хабар, уй вазифа бажарилиши юзасидан изоҳ ва аннотация берилади.
Финландияда боланинг хорижий тилларни ўрганиши кучли қўллаб-қувватланади. 2012 йил куз мавсумида 14.000 атрофидаги ўқувчи 50 дан ортиқ таклиф этилган қўшимча тил ўрганиш дарсларига қатнаган. Бу тиллар сирасига глобал мулоқот тиллардан ташқари курд, туарег, кипр камчилик жамоат тиллари ҳам киради. Кўплаб телевидение орқали болалар кўрсатувлари оригинал тилида олиб берилади, тагида субтитр тушунишда ёрдам беради. Бу билан хорижий тил ўрганиш кўникмаси ортади ҳамда доимий ўқишга мажбур бўлади. Финландия дунёда болалар китобларини босиб чиқариш бўйича биринчи ўринда туради.