Мажлисда Сенат ваколатларига кирадиган 23 масала ва 10 қонун кўриб чиқилди.
ЎзАнинг ёзишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси бугун якунига етган.
Деярли икки кун давом этган мажлисда Сенат ваколатларига кирадиган 23 масала, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил ижро этишга қаратилган 10 қонун кўриб чиқилди.
“Сенаторлар томонидан қабул қилинган қарорлар халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда, мамлакатимиз ён-атрофида хавфсизлик муҳитини яратишда, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини мустаҳкамлашда, мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.