Ўзбекистонда депутатлар Украинанинг протекционистик сиёсатига кескин муносабат билдиряпти.
Украинада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобилларга нисбатан протекционистик ҳаракатларнинг олиб борилаётгани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳавотирига сабаб бўлмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Абдурашид Абдуқодиров Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларининг ўтмиши, бугуни ва келгуси истиқболлари ҳақида фикр билдирди.
“Дангалини айтганда, Украина “УкрАвто” автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг аризаси асосида Ўзбекистондан енгил автомобиллар импорти масаласида тергов-суриштирув ишлари ҳақида баёнот берганлиги, аниқроқ айтадиган бўлсак, ўзининг автомобилсозлик саноатининг янада ривожланишини таъминлаш баҳонаси билан автомобилларимизнинг олиб кирилишига чеклов ўрнатиш мақсадида Украина томони автомобиль саноатига давлат томонидан субсидия ажратилиши масалаларини ўрганмоқчи.
Биргина 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида ўзаро товар айланмаси жами 335,8 миллион АҚШ долларни, жумладан, 274,6 миллион АҚШ доллари миқдорида Украинадан импорт қилинган бўлса, Ўзбекистондан экспорт қилинган товарлар ҳажми эса 61,2 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Ўзбекистондан экспорт қилинган енгил автомобиллар улуши юқоридаги ўзаро товар айланмасига нисбатан атиги 5,5 фоизни, ёки Украинада ишлаб чиқарилаётган ўхшаш автомобилларга нисбатан 1 фоизга яқинни ташкил этаётган ҳамда 2017 йилда “Ravon” модели сотувлар бўйича 10-ўринни эгаллаганлигига қарамасдан Украина томонидан юқоридаги мазмунда баёнот берилганлиги Украина ҳалқига фойда келтиришидан кўра кўпроқ зарар келтириши аниқ. Биргина Украина ва Ўзбекистон икки карра эркин савдо зонасида бўлиб турганлиги сабабли Украинадан импорт қилинган товарларга нисбатан қўлланилган имтиёзлар 60 миллион АҚШ долларидан ортганлиги ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.
Ўзбекистон ҳар доим ўз ташқи савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларини ҳалқимиз минталитетига, бағрикенглигига мос равишда узоқни кўзлаган ҳолда, вазмин сиёсат асосида амалга ошириб келмоқда. Бироқ, Ўзбекистон бир томонлама манфаатни кўзлаган ҳолда қўпол таъсир чораларига нисбатан ўзининг муносиб жавобини ҳалқаро муносабатларда тан олинган принципларга мутлақо амал қилган ҳолда жавоб беришга ҳам қодир.
Ҳозирги вақтда юзага келган ҳолатда айнан шундай йўл тутилиши зарур. Биринчидан, энг оддий чоралардан бири сифатида Украинадан импорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажмини кескин камайтириш чораларини кўриш мумкин. Украинадан импорт қилинаётган асосий товарлар бўлган шакар маҳсулоти, дори воситалари, шоколад ва кондитер, ёғ-мой маҳсулотлари, метал трубалар, қоғоз ва картон маҳсулотлари, ёғоч ва тахта маҳсулотлари, нефть ва нефть маҳсулотлари, тирик қора молларини ўрнини импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ўзимизда кўпайтириш ҳамда Россия каби стратегик ҳамкор давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш орқали ҳам амалга ошириши мумкин. Иккинчидан, Украинага экспорт қилинаётган товарлар ҳажмини бошқа янги бозорлар излаш орқали камайтириш йўлидан боришимиз ҳам мумкин. Бунда Украинадан импорт қилинаётган товарлар учун қўлланилаётган имтиёз ва преференцияларни бошқа ҳамкорларга қўллаш орқали улар билан ўзаро манфаатли товар айланмасини оширилишига эришиш ҳам мумкин”, деган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров.