...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўлимга маҳкум африкалик боланинг ҳаёти сақлаб қолинди


14:26, 02.04.2016 Олам
 10 028

Шифокорлар, болакай яна 1 ҳафта шу ҳолатда юрганида нобуд бўлиши мумкинлигини айтишганди...

Сиз кўриб турган суратдаги ҳолат юракни лазага келтиради, шундай эмасми?

Бу кичик ёшдаги қора танли болакай мисолида Африка қитъасидаги давлатлар, хусусан, Нигерияда очлик ва ноҳақ айбловлардан нобуд бўлаётган болакайларни кўриш мумкин. Ноҳақ айбловлар, деганимизга ҳайратланаётгандирсиз? Аммо бу ҳақиқат...

Гап шундаки, ҳатто, исми ҳам номаълум бўлган бу болакай оиласи томонидан кўчага олиб чиқиб ташланган. Гўёки ушбу бола сеҳргар эмиш, унда ёвуз куч бор эмиш.

Афсуски, болакай ўз оила аъзолари томонидан кўчага улоқтириладиган ягона бола эмас. Ҳар куни, ҳар йили юзлаб, балки минглаб болалар тақдир измига, бешафқатларча ташлаб кетилади. Ҳаммаси эса қандайдир аҳмоқона фикр сабабли...



Нигерия кўчаларида 8 ойдан бери оч-наҳор тентираб юрган ўғил болани Даниялик аёл ўлимдан асраб қолди. Суратда у болакайга сув ва егулик бераётгани тасвирланган. Бунгача болакай ўтган-кетганларнинг унга берган егуликларини, овқатланиш жойларида бировлардан қолган сарқитларни еб кун кечирган. Бу суратда болани Даниялик Аня Ринггрен Ловен уни топиб олган вақтидаги аянчли ҳолатини кўриш мумкин.

Ловеннинг турмуш ўртоғи африкалик. Аёл киши бўлишига қарамай 3 йил аввал у африкалик болаларга ёрдам бериш билан шуғулланувчи Фондга асос солган. Бу фонд яқинлари томонидан сеҳргарлик, ёвуз кучлар мавжуд деб уйидан ҳайдалган болаларни ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Чунки бундай болалар ўлимга маҳкум. Уларнинг аҳволи ҳеч кимга қизиқ эмас, ҳатто, бегоналарга ҳам. Улар болакайларнинг нима учун кўчада тентираб юрганларини билишади ва ёвуз кучларни ўзларига “жалб” қилишни исташмайди. Айнан мана шу бешафқат ва аҳмоқона урф-одатлар туфайли болаларнинг ўлими Африка давлатларининг аксариятида юқори даражада.



2016 йилнинг 31 январида Аня кўчада ҳолсиз, базўр юрган болакайни топиб олади. Болакайнинг олдига тиз чўкаркан сув билан унинг чанқоғини қондирди. Сўнг қўлидаги печеньедан берди. Бола ҳар қанча оч бўлсин, Аня берган овқатларни ейишга шошилмасди, чунки унинг овқат ейишга ҳам мадори қолмаган эди. Болани қалин матога ўраб, Аня уни зудлик билан шифохонага етказди. “Минглаб болаларни сеҳргарлик, жодугарликда айблашади. Шу баҳона билан қийноққа солинган, калтакланган, кўчага ҳайдалган ва ўлдирилган, қўрқувдан эси оғиб қолаёзган болаларни кўрганмиз, уларнинг айби йўқ”, – дейди Аня.

Болакайнинг аҳвли ўта оғир эди. Унинг яшаб кетишига умид қилган ҳолда Аня унга Хоуп – Умид деб исм қўйди.

Хоупнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун маблағ керак эди. Аня унинг суратларини Facebook итимоий тармоғидаги саҳифасига жойлаштирди ва болакай учун очилган ҳисоб рақамининг манзилини қолдирди. Шундан сўнг, Анянинг ёзган ҳикоясига эътибор қаратган меҳрибон инсонлар туфайли, дунёнинг турли чеккаларидан Хоупнинг ҳисоб рақамига пул келиб туша бошлади. Икки кун ичида 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йиғилди. Йиғилган маблағлар эвазига ичи инфекция, гижжага тўлиб кетган болакайни даволаш ишлари бошланди. Уни гижжалардан халос қилиш ишлари ҳозиргача давом этяпти. Ҳар куни оз миқдордан қон қуйилди. Дори-дармонлар ичирилди. Албатта, боланинг организми шу қадар толиққан ва зўриққанидан дастлаб, унинг организми дориларни қабул қилмади. Томчилаб юбориладиган баъзи дори воситаларини тери остига юборишга тўғри келди.



Орадан бир неча ой ўтган бўлса ҳам шифохонада ётган Хоупнинг аҳволи аввалгидан анча яхши. У овқат еяпти, дориларни ўз вақтида, назорат остида ичяпти.

“Меҳрибон инсонларнинг ҳаммаларига ташаккур. Улар юборган пуллар эвазига биз Хоупни энг яхши дори воситалари билан даволаяпмиз. Қолаверса, тақдир измига ташлаб кетилган бошқа болаларнинг ҳам ҳаётини сақлаб қолиш учун тиббиёт клиникаси кўринишидаги болалар учун уй қуриш ишларини бошладик”, – дейди Аня.

Аслида Аняга бу ишларда унинг турмуш ўртоғи Дэвид Эммануэль Умем ёрдам беради, қўллаб-қувватлайди. Дэвид ҳам Африкалик. Шу сабабли у кўчага жодугар деб улоқтириладиган болаларнинг тақдири қандай кечишини ҳамадан кўра яхшироқ билади. Уларнинг ҳам ўғиллари бор.



Хоуп ҳозир ҳам шифохонада. Айтиб ўтганимиздек, унинг аҳволи анча яхши, бироқ у ҳали узоқ даволанишга муҳтож. Аня ва Дэвид Хоупни кўргани ўғилларини ҳам олиб келишади.

Баъзи ОАВлар ва интернет тармоқларида Анянинг икки ҳолатда тушган суратига нотўғри талқин берилаётганини кўриб, очиғи ҳайратландим. Одамларни ўзига жалб қилиш учун ёлғон маълумот бериш тўғримикин?

Бир бутун сурат аслида икки суратдан ташкил топган. Уларнинг бирида Аня қўлида кичик ёшдаги болани ушлаб турибди, иккинчисида эса у очликдан силласи қуриган болага сув ва печенье бермоқда. Суратга қуйидаги сўзлар илова қилинади:



“Фотосуратлар орасидаги фарқ 1 йил. Бу аёл Африкада очликдан ўлай деган болани ўзи билан олиб кетган ва боқиб катта қилаяпти. Одамийлик амалда”. 

Аммо, бу ёлғон маълумот. Аня сув ва печенье бераётган болакай Хоуп. Қўлида кўтариб турган болакай эса ўзининг ўғли. Юқорида айтиб ўтганимиздек, у африкалик Дэвид Эммануэль Умемга турмушга чиққан. Бу уларнинг ўғилларидир.

Теглар:Африка Нигерия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!