Дональд Трампга қарши ўтказилаётган акция “Биз бирлашамиз” шиори остида олиб борилмоқда
Шаҳар мэри Билл де Блазио, кинот санъати намоёндалари Роберт Де Ниро, Марк Руффало, Алек Болдуин ва Майкл Мур биринчилардан бўлиб митинг йўлбошчиларига айланишди. Бу ҳақда “The Hollywood Reporter” хабар қилмоқда.
Кинорежиссёр Майкл Мурнинг айтишича, Дональд Трампнинг ҳокимият тепасига келиши Америка учун хавфли. “Бу сиз ўйлаганингиздан ҳам даҳшат бўлади”, дея чиқиш қилган Мур. Актёр инаугурациядан сўнг Дональд Трампга қарши 100 кунлик қаршилик акцияси ўтказишни таклиф қилди.
Митингда чиқиш қилган яна бир кино соҳаси вакили Роберт Де Ниро Трампни “Бу мамлакат учун салбий намуна”, дея эътироф этди. Саҳнада нутқ сўзлаган Де Ниро “Биз қаршилик кўрсатамиз, сабаби биз яхши кўрган нарсаларимиз учун қаршилигимизни намойиш қиламиз”, деди.
Дональд Трампга қарши ўтказилаётган акция “Биз бирлашамиз” шиори остида олиб борилмоқда, бу шиор ижтимоий тармоқларда ҳам оммалашиб кетяпти.
Республикачилар партиясидан бўлган Дональд Трамп сайловда ғалаба қозонганидан сўнг, Нью-Йорк, Атланта, Портленд, Калифорния штатининг Сан-Диего, Мичиган штатининг Роял Оак шаҳарларида Трампга қарши митинглар, намойишлар ўтказилди.