...
МЕНЮ
ONLINE TV

Руминияда ҳукуматга қарши митинг авж олиб бормоқда


13:15, 07.02.2017 Олам
 2 034

Бу митинг 1989 йилдан буён қайд этилган энг йирик норозилик акцияси сифатида тарихда муҳрланиб қоладиган бўлди.

Бир неча кундан буён Руминия шаҳарларида норозилик намойишлари ўтказилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, якшанба, 5 февраль куни ярим миллион яҳоли Руминия кўчаларидаги митингларда иштирок этган. Уларнинг 300 минг нафари Бухарестдаги акцияларда қатнашган. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
 
Бу митинг 1989 йилдан буён қайд этилган энг йирик норозилик акцияси сифатида тарихда муҳрланиб қоладиган бўлди.
 
Айтиш керакки, Руминияда митинг 19 январь куни бошланган эди. Аввалига акцияларда жуда кам одам қатнашган бўлса, январь ойи сўнгги ва февраль ойи бошига келиб Бухарестдаги намойишчилар сони кунига 100 мингдан 150 минг нафаргача кўтарилиб кетди. Айрим намойишчилар полиция ходимларига қарата тош отишган, биноларга зарар етказишган, томларни ёқиб юборишган. Полиция ҳам уларга қарши кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланишга мажбур бўлган.
 
Жаҳон экспертларининг фикрича, Руминиядаги митинг парламент сайловидан сўнг бошланди. 2016 йил декабрь ойида ўтган сайлов якунларига кўра, Социал-демократик партия парламентда кўп овоз тўплашга эришди. Бош вазир лавозимини эса Сорин Гриндяну эгаллади.
 
Аслида Социал-демократик партияси ҳокимият тепасида бўлган, аммо 2015 йил ноябрь ойида Бухарестдаги тунги клублардан бирида юзага келган ёнғиндан сўнг истеъфо беришга мажбур бўлган. Воқеа сабаб ўшанда 58 киши ҳаётдан кўз юмган. Аниқланишича, клуб раҳбарлари аслида кенг қамровдаги тадбир ўтказиш учун рухсати бўлмаган, аммо Социал-демократик партия вакиллари бу ноқонуний ҳаракатга “кўз юмишган” эди.
 
Воқеадан сўнг ҳукумат назорати Миллий-либерал партияга ўтган эди. Партия вакилларининг иқтисод соҳасидаги шафқатчизларча ислоҳотлари ва ҳар бир ҳаракатини Европа бюрократияси билан келишган ҳолда олиб бориши туфайли нуфузи кўтарила олмаган. Якунда эса Социал-демократик партиясига имкониятни бой беришган.
 
Айни вақтда Руминияда митингларда иштирок этаётган намойишчилар нима исташади, деган савол туғилиши табиий. Уларга янги ҳукуматнинг жазога ҳукм қилинган кишиларни авф этиш ҳақидаги қарори маъқул келмаяпти. Адлия вазири Флорин Иордаче бу қарорни амалга оширишнинг ижобий тарафи сифатида мамлакатдаги қамоқхоналарнинг тўлиб кетганлигини кўрсатди. Янги қарорга кўра, коррупцион жиноят туфайли қамоққа олинган шахслар ҳам жазодан озод этилиши керак.
 
Намойишчилар бундай қарор қабул қилинишига 2015 йил Бухарест клубида юз берган воқеа ҳам боғлиқ эканлигини айтишмоқда. Сабаби клубга Социал-демократик партияси вакиларининг ҳам алоқаси бор ва бу орқали партия ўзига ҳамоҳанг кишиларни жазодан озод этиш истагида.
 
Руминиядаги намойишчиларни мамлакат президенти Клаус Йоханнис ҳам қўллаб-қувватлади. У Миллий-либерал партияси етакчиси ҳисобланади. Бош вазир Сорин Гриндяну бу ҳаракатни “давлат тўнтаришига қадам”, деб атади.
 
Намойишчиларни шунингдек, Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер ҳам қўллаб-қувватлади. У “Коррупцияга  қарши курашни якунлаш эмас, кучайтириш зарур”, деб таъкидлаб ўтди.
 
Руминиянинг тадбиркорлар иши вазири Флориан Жиану ва ҳукумат Бош котиби Даниел Шандру истеъфога чиқишди.
 
Мамлакатда тин олмаётган намойишлар туфайли Бош вазир адлия вазирлигига сиёсий партиялар ва жамоатчилик билан қарорнинг бекор қилиниши борасида очиқ муҳокама ўтказиш ҳақида буйруқ берди. Аммо эндиликда жазони тугатиш ҳақидаги қарорнинг бекор қилиниши намойишчиларни қониқтирмайди. Улар ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилишяпти. 
Дурдона Расулова

Теглар:Руминия Митинг Намойиш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!