Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Арча кўча – Кичик халқа йўлининг асфальтидан шикоят қилдилар.
Бироқ ютуқлар қанча кўп бўлса, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Бугун ижтимоий тармоқлардаги “Водители Ташкента” гуруҳи аъзоларидан бири Тошкент шаҳрининг айрим автомобиль йўллари талабга жавоб бермаслиги, чуқурлар, ямалмай, таъмири якунига етмай қолган йўллар ҳайдовчиларга қатор ноқулайликлар туғдираётгани, автомобилларнинг носоз бўлиб қолишига, ҳатто, йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига сабаб бўлаётганини ёзиб қолдирди.
“Арча кўчада, Жуковский шифохонаси олдидаги йулнинг аҳволи... Тепаликка чиқиш ҳисобига ҳайдовчиларга кўринмийди. Битта балонимни йиртиб юборди. Анчадан бери ямалмасдан ётибди”, деб ёзади йўлнинг суратини ижтимоий тармоққа жойлаштирган гуруҳ аъзоси.
Мазкур сурат ва мулоҳазалар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Кимдир бу йўлдан деярли ҳар куни ўтиши, Арча кўчадаги ўйдимларга ўрганиб кетганини ёзса, яна кимдир бу ҳолат Учтепа тумани ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ғашига тегмаётгани ажабланарли ҳолат эканини айтади.
Гуруҳ аъзоларидан бири Кичик халқа йўлида “Сувсоз” давлат унитар корхонаси томонидан олиб бориладиган таъмирлаш ишларидан сўнг, йўллар йўл учида ямалишини, асфальт қилингандан сўнг йўлнинг қатнов қисмида чўкмалар пайдо бўлишини ёзиб қолдирган.
Ижтимоий тармоқда муҳокама бўлган мазкур ҳудудни кўздан кечириш мақсадида зудлик билан суратда тасвирланган жойга таҳририятимиз мухбирларини юбордик. Йўлнинг ҳолати худди суратда тасвирланганидек. Мухбиримиз айни манзилга элтадиган Кичик халқа йўлини ҳам кўздан кечиганида, бунданда аянчли ҳолатлар борлиги, катта йўлдаги ямалмай қолган чуқурлар сабаб автомобиллар бир-бирига ҳалал бераётгани, чуқурдан қочаман деб йўл қоидаларини бузаётганига гувоҳ бўлган.
Тўғри, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Бироқ камчиликлар тўлдирилганда ютуқларнинг қадри, қиймати ортади. Шу боис тегишли ташкилотлар, масъуллар мазкур масалага жиддий эътибор қаратади, деб умид қиламиз. Зотан ҳайдовчиларнинг йўл қодиларига риоя қилиши, йўл транпорт ҳодисаларнинг келиб чиқмаслиги, автомобилларнинг созлиги кўп жиҳатдан яхши таъмирланган йўлга боғлиқ.