...
МЕНЮ
ONLINE TV

Непал ШҲТда мулоқот йўлида ҳамкорлик мақомига эга бўлди


10:47, 22.03.2016 Олам
 2 272

2016 йил июнда Тошкентда ШҲТнинг юбилей саммити бўлиб ўтади.

Непал  Шанхай ҳамкорлик ташкилотида мулоқот йўлида ҳамкорлик мақомига эга бўлди.  Мазкур меморандум ташкилотнинг бош котиби Рашид Алимов ва Непал Бош вазири Кхадги Прасад Шарма иштирокида ШҲТнинг Пекиндаги бош қароргоҳида имзоланди.  Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
 
“ШҲТ 2001 йилда хавфсизлик ва унинг аъзолари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлик қилиш учун тузилган. Унинг таркибига дунёнинг етакчи кучлари ва тезкор суратларда ўсаётган иқтисодиётлар киради. Непал ШҲТнинг бир қисми бўлишни хоҳлайди.  Непал мазкур халқаро ташкилотнинг тамойилларига амал қилади ва қадриятларини ҳурмат қилади”, – дейди Непал Ташқи ишлар вазири Камол Тхапа.
 
“Биз муҳим воқеанинг гувоҳи бўлдик.  Мулоқот йўлида ҳамкорлик мақоми Непалга ШҲТнинг кўп режали фаолиятига қўшилишга ёрдам беради.  Жорий йилнинг июнида Тошкентда ШҲТга аъзо-давлат раҳбарлари иштирокида юбилей саммит бўлиб ўтади. Непал билан меморандум имзоланиши ташкилот ривожи учун муҳим ҳисса бўлиб хизмат қилади”, – дея таъкидлади Алимов. 
 
Камбоджа,  Озарбайжон ва Арманистонга кузатувчи мақомини бериш қарори 2015 йил июлда ШҲТнинг Уфадаги саммитида қабул қилинган эди.  Пномпень ва Баку ўз мақомларини юридик жиҳатдан тасдиқлади. Арманистон билан меморандум эса 16 апрелда режалаштирилмоқда.
 
Ташкилотга Қозоғистон,  Қирғизистон,  Хитой,  Россия,  Тожикистон ва Ўзбекистон каби давлатлар киради.  Жорий йилнинг июн ойида Тошкентда ўтадиган саммитда Ҳиндистон ва Покистонга ташкилот аъзолиги мақоми берилиши кутилмоқда.  Бундан ташқари,  ШҲТга аъзо бўлиш учун Афғонистон ва Эрон ариза берган.  Мазкур давлатлар айни дамда кузатувчи мақомига эгалар.
 
“ШҲТ оиласи”га кузатувчи ва мулоқот йўлида ҳамкорлик қилувчи давлатлар билан қўшиб ҳисоблаганда жами 18 давлат киради.  
Руслан Сулаймонов 

Теглар:Рашид Алимов Непал ШҲТ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!