...
МЕНЮ
ONLINE TV

Наҳотки, Месси ва Роналдуга мундиал ғолиблиги насиб этмаса?!


10:27, 04.07.2018 Спорт
 1 967

Ҳар икки юлдуз чорак финал йўлланмаси йўлида борки имконларини ишга солди. Келинг, уларни ортиқча айбламайлик.

Футбол сайёрасининг табиати қизиқ. Бу сайёра қуёши ёки қуёшлари тез-тез алмашади. Астрономия фани билимдонларига яхши маълумки, бепоён галактикалар дунёсида 2 та, 3 та, ҳаттоки, 10 та қуёш порлаб турадиган сайёралар ҳам мавжуд. Футбол дунёси, унинг ўзига хос сайёраси ҳам бу каби ғайритабиийликдан холи эмас. Унда сўнмас қуёшлар йўқ.
 
Буюк Пеле, унинг ортидан Йохан Кройфф, Диего Марадона, Роналдо каби даҳолар кўрсатган бетакрор ўйинлар тарихга айланди. Бугун футбол сайёрасида Лионель Месси ва Криштиану Роналду қуёши порлаб турибди. Ҳозирча, албатта.
 
Чунончи, бу икки қуёшнинг бундан 2-3 йил аввал кўзларни қамаштирган ёрқин нурлари аста-секин қувватини йўқотмоқда. Факт шуки, ЖЧ-2018 нимчорак финали доирасидаги дастлабки 2 та баҳс бу жараённи анчагина тезлаштириб юборди, гўё.
 
Тўғри, қарийб 10 йил давомида “Олтин тўп”ни бошқа бирор даъвогарга бермаган аргентиналик ва португалиялик даҳонинг даври тугаётгани хусусида мундиалдан олдинроқ фикр-мулоҳазалар билдирилганди.
 
Аммо миллионлаб кўнгилларда “Месси ва Роналду даҳосига наҳотки, мундиал ғолиблиги насиб этмаса?! Наҳотки, иккиси ҳам Йохан Кройфф каби фаолиятини армон билан якунласа?! Йўқ, ҳар иккови бунга кўнмайди! Улар жаҳон чемпиони бўлиш учун охирги марта чинакамига курашадилар!” - қабилида шубҳа, гумон, илинж, умид ғужғон ўйнарди.
 
Таъкидлаш жоиз, ҳар икки юлдуз чорак финал йўлланмаси йўлида борки имконларини ишга солди. Келинг, уларни ортиқча айбламайлик. Зеро, нимчорак финал учрашувида Роналду “Реал” эмас, балки Португалия термасида ўйнади, Месси эса “Барселона” эмас, аргентиналикларни майдонга бошлаб тушди.
 
Хорхе Сампаоли қўл остидаги Аргентина термаси Хосеп Гвардиола гуллатиб-яшнатган “Барселона”, Фернанду Сантуш мураббийлигидаги Португалия дружинаси эса Зайниддин Зидан зафарларга бошлаган “Реал” бўлолмади. ЖЧ-2018, бетакрор Россия мундиали Месси ва Роналдусиз қолди.
 
Мундиал манзаралари кўркамлигини таъминлаётган икки қуёш бирдан сўнди. Бир он, бир лаҳза мундиалга қоронғулик чўмди, гўё. Чемпионат бир муддат ғариблашгандек туюлди барчанинг кўзига. Мундиал дунёси қандай воқеалар содир бўлганини англамай, маълум муддат тик қотди. Бир баҳя, холос.
 
Кейин ҳаммаси ўрнига тушди. Йўқ, футбол сайёраси ҳеч қачон қоронғулик қўйнида қолмайди. Килиан Мбаппе ва Поль Погба каби “офтобча”лар қуёш бўлмоқ орзусида футбол осмони узра чақнадилар. Лионель Месси, Анхель ди Мария, Серхио Агуэродек улкан юлдузлар уларнинг пойига тиз чўкишди.
 
Салом, ёшлик ва янги давр, ғайрат ва тараққиёт тантанаси! Хайр, аламларни ичга ютиб, ўтмишга айланаётган ўктамлик, оғир-оғир қадам ташлаётган танти улканлик!
 
Мундиал дунёси шу зайл Лионель Месси ва Криштиану Роналду учун изтироб чекди. Айни чоғда ҳар иккисини юксак эҳтиром ила юпатди. Уларни оловли олқишлар оғушида майдондан кузатди. Бундан бошқача бўлиши тасаввурга сиғмайди.
 
Ёшлар кунида “ИнтерФУТБОЛ” газетаси мутасаддилари ташкиллаган байрам дастурхонида, Месси ва Роналду мағлубиятлари арафасида фахрий журналист, футбол билимдони Ёқубжон ака Дадажонов таъкидладилар: “Футболнинг 50 йиллик тарихи бизнинг авлод кўз ўнгида намоён. Аввал Пеле ва Кройффни бир-бирига қиёслардик, кейинчалик эса Пеле ва Марадона иқтидорини солиштиришга кўникдик. Месси ва Роналду рақобати эса ҳаттоки, катта ва кичик авлодни бирдек ҳайратлантирди. Ҳар икки буюк истеъдодга, бу даҳоларни бизга туҳфа қилган футболга раҳмат!”. Ҳамма шу пурмаъно сўзлар таъсирида телеэкран қаршисига шошилди.
 
Яққол сезилдики, 30 ёшлик довонни ҳатлаган ва ҳатлаётган Месси, ди Мария, Агуэро томирларида қон кўпириб тошмади. Мбаппе ва Погба, Павар ва Эрнандес эса тутқич бермас тулпорлар каби тўп ортидан югуришди, беқиёс иштиёқ билан, ютоқиб-ютоқиб ҳужумга ташланишди. Уларни жиловлаб бўлмасди. Чунки ёшликнинг бу ҳайратбахш ғайратини Гризманн ва Жиру тажрибаси қўллаб-қувватлаётганди. Сампаоли айнан мана шундай ҳузурбахш қувноқликни топиб, жамоасига сингдиролмагани учун ўзини ҳам, клубларида суюкли саналган шогирдларини ҳам синдирди. Аргентина футболи юзини ерга қаратди.
 
Евро-2016да Ренато Сантуш деган йигитчага ишонч билдириб, тўғри йўл танлаган Сантуш эса бу сафар Роналдунинг икки ёнида қарийб 35 ёшни уриб қўйган Пепе ва Куарежмани кўрди. Оскар Табареснинг ҳамлалардан тоймас ва толмас жамоаси бу “қария”ларни бутун борлиғи билан қарши ҳужумларда жазолади. Бошқача айтганда, Табарес португалиялик ҳамкасбини футболдаги энг оддий усулда алдади. “ПСЖ” билан ЕЧЛда эзилган Кавани эса имкониятдан фойдаланиб, шунчаки, яйради. У ҳам чарчоғини чиқариши керак эди ва шундай қилди.
 
Хуллас, нимчорак финалнинг дастлабки икки баҳси мухлисларга беқиёс ҳайрат ва ҳаяжонларни туҳфа айлади. Бизни фақат бир жиҳат афсуслантирди. Сампаоли тополмаган тактик схема туфайли Дибала бутун потенциалини кўрсатолмади. Ишончимиз комилки, келажак Дибаланики! Муҳтарам мухлис!
 
Мазкур мулоҳазалар шу руҳда якунланиши, мақолани тезроқ таҳририятга етказишимиз керак эди. Бироқ нимчорак финалнинг 2-4-баҳсларини томоша қилмасдан бу ишга қўлимиз бормади. Ниҳоят, позитив фикрлар ўзини оқлади. Пешқўрғондан Қурбонали Йўлдошев “Мен нима дегандим!” - дея ҳайқирди телефон орқали.
 
Телеэкранда эса қизиққон журналист Давид Махалин айиқдек бўкирди мислсиз қувонч билан. Автогол муаллифи - 38 ёшли Сергей Игнашевич бутун борлиғи билан Россия ҳимоясига отланди. Умуман, руслар жамоаси илк бор тушкунликка берилмай ўйнади, босимга бардош берди.
 
Шундай ўйнаш, кучли рақибни шу тахлит енгиш мумкин экан-ку. Охир-оқибат, Игорь Акинфеевнинг қўллари ва оёқлари Россия футболи учун самарали ишлади. Бизнинг футболимиз ҳам шу каби омад ва ғалабаларга лойиқ.
 
Демак, шундай шукуҳли дамларни кутиб яшаймиз! Унгача эса Андрес Иньестани Испания терма жамоасидан биргаликда кузатамиз. Юқорида таърифланган икки қуёшдан кам бўлмаган одамийлик офтоби бўлиб футболда яшайди у. 
 
Эътиборлиси, нимчорак финалнинг 3-4-баҳслари дарвозабонлар ўртасидаги дуэлга айланиб кетди. Игорь Акинфеев испан Давид де Хеадан, хорват Даниэль Субашич эса Каспер Шмейхелдан устун. Оҳ-оҳ, қандай совуққонлик, қандай жасорат, қандай чаққонлик! Яшасин, дарвозабонлик эффекти!
“ИнтерФУТБОЛ” газетаси.

Теглар:ЖЧ-2018 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!