Навоийдаги умумтаълим мактабларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Т.Тўхтаев марихуанна гиёҳванд модасини сотаётган пайтда қўлга тушди.
Тезкор тадбир давомида кузатувга олинган фуқаро Т.Тўхтаев (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) бошқа шахсга пайпоғи ичига яширган марихуанна гиёҳванд моддасини сотаётган пайтда фош қилинган.
Вилоятдаги умумтаълим мактабларидан бирида ёш авлодга таълим берувчи педагог Т.Тўхтаев жиноий қилмишларини яшириш мақсадида ўз ҳовлисида ўстириб, сўнгра қуритилган 2 туп наша гиёҳларини мактаб хоналаридан биридаги ленолиум остига яширган.
Хабарда айтилишича, жиноятни илдизи билан бартараф этиш мақсадида Т.Тўхтаев ва “харидор”нинг кўрсатмалари асосида яна бир фуқаро К.Кетмоновнинг хонадони ҳам амалдаги тартибларга мувофиқ, холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Ушбу хонадон эгаси ҳам қинғир қилмишларини бекитишда устаси фаранг бўлиб, жиноий шеригидан қолишмас экан. Қаранг-ки, бегона кўзлардан пана қилиш мақсадида бу шахс гиёҳванд моддаларни оғилхонага илиб қўйилган аёллар сумкасига, томдаги эски чойнак ичига, меҳмонхона жавонидаги банкага, ғаладондаги гугурт қутиларга, хуллас кутилмаган “нуқта”ларга яшириб чиққан экан.
Мазкур тезкор тадбир давомида ушбу шахслардан жами 1 кгдан ортиқ гиёҳванд моддалар далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва суд томонидан айбдорларга нисбатан жазолар тайинланди.
Маълумот ўрнида, жорий йил бошидан буён Навоий вилояти божхона бошқармаси ҳодимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билар ҳамкорликда аниқланган 16 та қонунбузарлик ҳолатларида 10 кгдан ортиқ нароктик моддаларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйилган.