Накд валютани тез орада сотиш йўлга қўйилади, лекин бу амалиёт эрта-индин содир бўладиганга ўхшамайди...
Ушбу форматдаги учрашув Марказий банк томонидан биринчи марта амалга оширилди. Буни Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари ҳам таъкидлади. Мазкур учрашув охиргиси эмаслигини ҳам айтиб ўтилди.
Хорижий валюта курси бозор қоидаларига асосан талаб ва таклиф асосида белгиланади. Курсга таъсир этувчи ташқи ва ички омиллар мавжуд бўлиб, бошланғич курс бозор талаби бўйича 8100 сўм қилиб белгиланган эди.
Марказий банк расмийсининг фикрига кўра, валюта кўп бўлса нарх тушади, етишмовчилик бўлса нарх ошади. Бу бозор конунияти эканлиги айтилди.
Бир ҳафта давомида валюта айирбошлашда тижорат банклари томонидан аҳолидан 200 миллион АҚШ доллари қабул қилинди. Хорижга экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари ва корхоналар томонидан 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ валюта биржага чиқарилган.
Тижорат банклари томонидан корхоналар учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида конвертация килиб берилган.
Энди табиий савол туғилади, жисмоний шахслар учун нақд валюта сотиш амалиёти қачондан жорий қилинади?
Ушбу саволга Марказий банк расмийлари ўтказилган матбуот анжуманида жавоб бериб, нақд валюта сотилиши яқин вақтларда йўлга қўйилишини айтиб ўтган.
Расмийнинг айтишича, халқаро тўлов карталаридан АҚШ долларини хорижда ечиш бўйича чекловлар олиб ташланган. Банкдан валюта харид қилиш бўйича умуман чеклов мавжуд эмас.
Тимур Ишметов жисмоний шахс ўзи истаганича сотиб олиши мумкин, ҳеч қандай “ҳар чоракда икки минг, беш минг” деган гаплар мавжуд эмаслигини айтиб ўтди.
Накд валютани тез орада сотиш йўлга қўйилади, бироқ унинг аниқ муддати ҳақида бирорта маълумот берилмади, демак, бу амалиёт эрта-индин содир бўладиганга ўхшамайди...