“Hyundai-Namangan KD” янги завод пойдеворига белкуракларда қум ташлаб, ўзига хос тамал тоши қўйилди.
“Ўзбекистон Жанубий Корея билан иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқалар борасидаги ҳамкорлик алоқалари йил сайин кенгайиб бораётган энг ишончли ҳамкор давлатлардан биридир. Биз бугун қўйилган тамал тошининг самарасини янги йилнинг худди шу кунларида кўришга ишонамиз”, дейди “Hyundai Motor” компаниясининг юк машиналари бўйича президенти Ли Ин Чеол.
Корея Республикасининг “Hyundai Motor”, “Evergreen Motors” ва “Posco-Daewoo corporation” компаниялари ҳамкорлигида қурилиши режалаштирилган бу завод, 2019 йилнинг сентябрида илк маҳсулотларини чиқаришга бошлайди. Дастлаб йилига 400 та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқарилади. Босқичма-босқич бу кўрсаткич 3000 тага етказилади. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 50 фоиз эҳтиёт қисмларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Дастлабки босқичда 1000 та, завод тўла ишга туширилгач 6 мингдан зиёд иш ўрни яратилади, деб ёзмоқда ЎзА.
Корея делегацияси ва республика вазирликлари ҳамда вилоят раҳбарияти томонидан рамзий лентани қирқилиб, “Hyundai-Namangan KD” янги завод пойдеворига белкуракларда қум ташлаб, ўзига хос тамал тоши қўйилди.
Шу куни вилоят ҳокимлигида “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестицион шартномани имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Шартномани Ўзбекистон Республикаси томонидан Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозаров, Корея Республикаси томонидан “Hyundai Motor” компаниясининг юк машиналари бўйича президенти Ли Ин Чэол, “Posco-Daewoo corporation” компанияси Автоматив бўлими президенти ўринбосари Ли Санг Хун ва “Evergreen Motors” компанияси Президенти Ким Чанг Кеон имзолади.
Шартномаларни имзолаш маросимида шунингдек, Жанубий Корея Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Элчиси Квон Ён У, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Л.Қудратов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирининг ўринбосари С.Саифназаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Б.Юсупов иштирок этди.