...
МЕНЮ
ONLINE TV

Муҳаммад Исмоил: “Телевидениеда куракда турмайдиган гап-сўзларни эшитасиз”


12:49, 04.04.2017 Жамият
 13 122

Худди биз бошқа сайёрадамизу, у одамлар бошқа сайёрада яшаётгандек. Телевизорда фақат сериал, кино, ашулла.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси фаолиятини танқид қилгани телеканаллар, уларда эфирга узатилаётган кўрсатувларнинг мазмун-моҳияти, журналистлар савияси ҳақида танқидий фикрловчилар, муҳокама қилувчилар кўпайди.
 
Айнан шу соҳада фаолият юритган шоир Муҳаммад Исмоил ҳам ўз фикрларини билдириб, миллионлаб одам кўрадиган телевидениеда эфирга кетаётган кўрсатувлар ва дастурларни танқид остига олди.
 
“Телевидение, истаймизми-йўқми, матбуотнинг юраги. Уни ҳар куни миллионлаб одам кўради. Телевидение, қудратли давлатимиз юритаётган сиёсатнинг яловбардори. Буюк мамлакатимизнинг минбари. Бу минбарга ҳар куни ўттиз икки миллион аҳоли қараб ўтиради. Аммо унга қандайдир нима деяётганини билмайдиган, фаҳм-фаросати ҳаминқадар артистлар, тўртта одамга гапи ўтмайдиган маҳалла фаолларию, чучмал қизиқчиларни чиқаришади. Бу кимнинг асабини ўйнатмайди?!”, деб ёзади шоир ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
 
Шунингдек, унинг фикрича, телевидениеда деярли жиддий кўрсатув йўқлиги ва енгил-елпи кино ҳамда сериаллардан бўшамаётгани ҳақида ҳақида ҳам ёзди.
 
“Давлатимиз телевидение фаолият юритиши учун, мустақиллигимизни мафкурасини кучайтириш учун, миллатимиз маънавиятини кучайтириш учун, мамлакатимизда ғоявий барқарорлик хукмрон бўлиши учун ҳар йили бюджетдан миллиардлаб сўм маблағ ажратади. Аммо телевидениега қарасангиз, фақат куракда турмайдиган гап-сўзларни эшитасиз, чет эл сериалларини томоша қиласиз, тутуруқсиз ашулачиларни тинмай томоша қилаверасиз. Ўзбекистон телевидениесида бирорта таҳлилий, танқидий кўрсатув йўқ. Бирор тележурналист журналистик тадқиқот олиб бормайди. Бирор атоқли олим, файласуф, вазир, вилоят ҳокими чиқмайди. Бирорта элчимиз қаерда, нима иш қилаётганини гапирмайди. Бирорта партия раҳбари нимани ўйлаётганини, нима тўғрию, нима нотўғри бўлаётганини гапирмайди. Партия раҳбарлари фақат сайлов пайти кўриниш беради, қолган пайт улар йўқ. Туман ҳокимлари, вилоят ҳокимлари алмашади, улар нега алмашгани ҳақида бирорта таҳлилий кўрсатувни ҳали кўрганимиз йўқ. Вазирлар алмашади, улар нега алмашгани ҳақида бирор киши чиқиб бир нарса демайди. Уларнинг йўл қўйган хато ва камчилиги бошқаларга ўрнак бўлсин, бу ишлар бошқа қайтарилмасин деган маънода таҳлилий кўрсатувлар қилинмайди. Худди биз бошқа сайёрадамизу, у одамлар бошқа сайёрада яшаётгандек. Телевизорда фақат сериал, кино, ашулла.”, деб ёзади Муҳаммад Исмоил.
 
Шоир фикрини якунлар экан, Шавкат Мирзиёевнинг телевидение фаолиятини тўғри танқид қилганини ҳам таъкидлади.
 
“Хуллас, гапирсак, гап кўп. Шавкат Мирзиёев “Ахборот” дастурини жуда тўғри танқид қилди. Бунга юз фоиз қўшиламан. Бу танқид нафақат “Ахборот”га, балки барча телеканалларга тегишли. Барча телеканал дастурларига ҳам тегишли. Шунингдек, Ўзбекистондаги барча оммавий ахборот воситаларига ҳам тегишли. Расмий газета ва журналларимиз ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг танқидларидан тўғри хулоса чиқариб олишлари шарт. Отни қамчилаш даври етиб келди. Агар отни қамчиламасалар, бу қамчи ўзларининг бошига, албатта, тушади”.
 
Албатта, ушбу фикрларда ҳам жон бор. Миллий телевидениемизни ривожлантириш, унда янгилик ва ўзгаришларни қилиш пайти келди. МТРКнинг янги раҳбарияти шундай ислоҳотларни амалга оширишни бошлаб юборди.
Бобур Жалолов

Теглар:Муҳаммад Исмоил Телевидение Ахборот 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар