Сурат остига Муҳаммад Алининг қизи Хана Али ўз қалб кечинмаларини ёзиб қолдирган.
“Отамдан айрилиш қалбларимизни вайрон қилди. Лекин улар боқий дунёга озод бўлиб кетдилар. Отамга ўлимлари олдидан айтган гапларимни ҳечам унутолмайман. Уларнинг сўнги кунларида бирга бўлишга, руҳан далда бўлиб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдим. Қулоқларига майингина “Дадажон, бизлардан хавотир олманг. Биз жуда бахтиёрмиз, чунки сиздай отамиз бор. Бизга ҳаёт берганингиз учун раҳмат. Энди Худонинг олдига бехавотир кетишингиз мумкин”, деб шивирладим”.
Умрининг сўнги кунларида бетоб бўлиб, тўшакка михланиб қолган Муҳаммад Али яқинлари билан видолашишга улгурди. Кўпчилик инсонлар қалбини ўзининг хушмуомала ва одамохунлиги билан забт этган боксчининг дафн маросими 10 июнь куни туғилиб ўсган шаҳри Луисвиллда ўтказилади. Унинг тобути шаҳар кўчаларидан олиб ўтилади. Шу тарзда боксчининг мухлислари ўз кумирлари билан хайрлашиш имконига эга бўладилар. Маросим ижтимоий тармоқларда онлайн трансляция қилиниши кутилмоқда.
Маълумот учун, Муҳаммад Али 4 июнь куни 74 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Ўткан 32 йиллик давр мобайнида Паркинсон хасталигидан азият чекди. Ўлим сабаби аниқ айтилмаган бўлса-да, бунга кутилмаган септик шок сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Али профессионал фаолиятида 61 жангдан 56 (37 та нокаут)тасида ғалаба қозонган. Атиги беш маротаба мағлубият аламини тотган. 1960 йилда Олимпиада чемпиони, 1999 йил “аср спортчиси” сифатида тан олинган Муҳаммад Алининг номи профессионал бокс тарихида ўчмас из бўлиб қолади.