Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев “Qalampir.uz” ҳақида жўяли фикрлар билдирди.
Муслимбек Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
- “Qalampir.uz” сайти ташкил этилганига 1 йил тўлибди, бу билан сизларни табриклайман. Илк бор, ушбу веб-сайтнинг номини эшитганимдаёқ, “номи кишини ўзига тортар экан” деган фикрга келгандим. Бу яхши ғоя.
“Qalampir.uz” сайти жамиятдаги муаммоларни ёритаяпти. Кимдир бундан мақолаларни кўриб, “нима кераги бор душман орттириб, шулар ҳақида ёзиш шартмиди?”, деган фикрни айтиши ҳам мумкин. Бироқ, танқидий фикрни ҳам кимдир айтиши керак-ку?! У ўз номи билан Қалампир, “Биродарлар кенгаши” ёки “Дўстлар даврасида” эмас!
“Qalampir.uz” сайтида ана шундай мақолаларнинг ёритилаётганидан жуда хурсандман. Келажакда жамиятнинг муҳим звеноларида учраётган, тобора авж олаётган, географик ҳудуди кенгаяётган муаммолар ҳақида мақолалар ёзилишини истардим.
Айни вақтда журналист этикаси, нутқи, тили мавзуларига ҳам тўхталиб ўтиш керак, менимча. Чунки ҳозир мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган телеканалларнинг ҳам радиостанцияларнинг ҳам сони ортиб бормоқда. Бундай ташкилотларга эса малакали, маълумоти олий бўлган журналистлар керак. Сайтга ана шу масалаларга оид мақолалар ҳам чоп этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Мен сайтингиз, қолаверса, ижодий жамоангиз танқидий мақолалари орқали жамиятдаги муаммоларни бартараф этишда дастури амал бўлишига ишонаман.