...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Qalampir.uz” интернет нашри нега ишламай қолди ё мамлакат ичкарисида унга тақиқ қўйилдими?


15:49, 21.06.2018 Жамият
 3 534

Сайтдан доимий равишда хабарларни ўқиб боришга одатланган ўзбекистонликлар ва хорижийдаги айрим фойдаланувчилардан сайтдаги янгиликлар билан танишиш имконияти чеклаб қўйилгани ҳақида мурожаатлар келиб тушди.

Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида иштирок этиб, бир олам таассурот билан хабарларни сайтимиз орқали ўқувчиларга етказиш учун ишхонага югурдим. Ярим йўлда “Qalampir.uz” сайтига кириб бўлмаётгани ҳақида хабар топдим. Ўшанда соат 11:30 эди. Мана, соат 16:00 бўлди ҳамки, сайтнинг ишга тушишидан дарак йўқ. 

Сайтдан доимий равишда хабарларни ўқиб боришга одатланган ўзбекистонликлар ва хорижийдаги айрим фойдаланувчилардан сайтдаги янгиликлар билан танишиш имконияти чеклаб қўйилгани ҳақида мурожаатлар келиб тушди.  

Гап шундаки, турли интернет провайдерлар ва алоқа компаниялари фойдаланувчиларининг айримлари ушбу муаммога дуч келиб, сайт материаллари билан танишолмаяпти. 

Бугун, 21 июнь куни “Qalampir.uz”  DNS созламалари маҳаллий Арсенал-D фирмаси томонга йўналтирилди. Бундай носозлик .uz домендаги бошқа сайтлар билан ҳам юз бермоқда. Масалан, бундан ҳолат Ўзбекистондаги етакчи янгиликлар сайтларидан бири бўлган “Kun.uz”да кузатилмоқда. 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот коммуникациялар ва технологияларини ривожлантириш вазирлиги “носозликдан хабардор эмас”лигини билдирди. Шунингдек, UZINFOCOM маркази ҳам кузатилаётган муаммолардан йироқ экани таъкидланди. Бир неча кундирки, Миллий қидирув тизими - www.uz манзилида .uz домендаги барча сайтларга ташриф буюрувчи фойдаланувчилар сони кескин тушиб кетган. Бу вазиятга ҳам расмий изоҳ берилмаяпти. 



Масаланинг энг қизиқ жиҳати шундаки, “Qalampir.uz”  интернет нашрига ёпиқ тизимдаги сайтларни кўриш учун махсус дастурлар, яширин йўллар орқали кириш имконияти мавжуд. Хўш, қани мантиқ? Бундан чиқди биз Ўзбекистон ичкарисида ёпиб қўйилган сайт “мақомини” оляпмизми? Мазкур масала юзасидан “Qalampir.uz”   Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига мурожаат қилди. Расмийлар бу борада амалий ёрдам беришни ваъда қилдилар. Бироқ масалага бевосита алоқадор бўлган UZINFOCOM маркази ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот коммуникациялар ва технологияларини ривожлантириш вазирлиги доимгидек масалага панжа ортидан қарамоқда. Бошқа сайтларнинг узлуксиз ишлаб туриши эса кишида шубҳа уйғотади. 

Мамлакатимизда 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганидан буён 6 ой вақт ўтди. Бу орада на интернетнинг нархи тушди, на симсиз тармоқда фаолият юритаётганларга қулайлик яратилди!.. Яратилган бўлса ҳам бу янгиликлар шамоли “Qalampir.uz” ва “Kun.uz”га етиб келмагани бугунги носозликлардан маълум. 

Ўзбекистоннинг энг оммабоп икки интернет нашри айни дамда қатор техник муаммоларига ечим тополмай турибди. Бу эса мамлакатнинг имижига ҳам салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Энг ачинарлиси, қайси эшикни қоқишни билмаймиз, кимга мурожаат қилишимиз номаълум. 

Эшакнинг ўзи ҳаром, меҳнати ҳалол, дейди халқимиз. На тадбиркор бўлмаган ва на бюджетдан кун кўрмайдиган интернет-ОАВнинг муаммоларини ҳал қилишга келганда, ким жонбозлик кўрсатиши ҳам ҳозирча номаълум. Маълуми шу: сайт қачондир ишлайди, муаммоларни яна ўзимиз ечамиз. Кеткизилаётган сармояга ачинмаймиз, ачинганимизда фойда топмасак-да, сайтни шунча вақтдан буён юритмаётган бўлардик. Ачинганимиз – вақт, йиллар давомида тўпланган ишонч... 

Шу ўринда ўзимизга алоқадор бўлмаса-да,  “Qalampir.uz” таҳририяти юзага келган вазият ўқувчиларга қийинчилик туғдираётгани учун узр сўрайди.

Теглар:“Qalampir.uz” 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар