Тушимга Абдумўмин кирибди. Кўриниши хотиржам. Кулранг костюмда. Сочлари оппоқ оқариб кетган эмиш. Ўзи жудаям озиб кетган...
Таниқли сухандон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев Facebook’даги шахсий саҳифаси орқали Абдумўмин Ўтбосаровни ёдга олиб, куни кеча дўстини тушида кўрганини айтиб, у билан боғлиқ хотираларини ёзиб қолдирди.
Муслибек Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:
— Тушимга Абдумўмин кирибди. Кўриниши хотиржам. Кулранг костюмда. Сочлари оппоқ оқариб кетган эмиш. Ўзи жудаям озиб кетган. Лекин чарчаган, касалманд эмас. Ёшлигидагига ўхшаш ихчам. Мен ўзимча айтармишман: Сочи оқарганига мослаб, кулранг костюм кийибди. Қорамтирроқ бўлса, сочи оқаргани яққол билиниб қоларди, дермишман...
Мен кароматчи ҳам, таъбирчи ҳам эмасман. Лекин, одам боласи ҳамма нарсадан ҳам яхшилик кўришга интилади, айниқса, тушларимиздан.
Сочлари оқарганини "оқлик"ка йўйдим. Бутун умр халққа ва юртга хизмат қилган одамнинг охирати оққа бурканганига ишорат бу, дедим... Озганини ҳам унинг у дунёдаги "иши" – савол-жавоблари "енгил" кўчганига ишорат деб билдим. Илоҳо, шундай деб ишонаман. Чунки "ноумид – шайтон" деб бежиз айтилмаган. Бугун, дўстимнинг бу дунё ташвишларини ташлаб кетганига бир ой бўлди. Охирати обод бўлгани рост бўлсин. Омин!
Қуйида минг йил олдин олинган бир фотосуратни эълон қилаяпман. Лайлак қорлар ер юзини оқликка буркаётган лаҳзаларда Чорбоғда тушилган...
МЎМИН, МЎМИНЖОН!..
Мухлислардан узр сўраган ҳолда яна қайғули мавзуда ёзишга мажбурман. Орамиздан яна бир муносиб инсон, моҳир сухандон, ўз ишининг устаси, жамоат ва жамиятда ҳурмат қозонган, босган қадамида одамларга яхшилик улашиб юрган қадрдонимиз – Абдумўмин Ўтбосаров кетиб қолди. Ўттиз йилдан ортиқроқ елкама-елка ишладик. Ўтган йиллар давомида не ерларга қадамимиз етмадию, не инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлмадик. Қанчадан-қанча кўнгилли ё кўнгилсиз воқеа ва ҳодисалар оқимида бирга суздик. Олдинма-кейин сочимизга оқ тушди. Кетма-кет унвонлар, мукофотларни қўлга киритдик. Ўзимиз ҳам, фарзандларимиз билан бирга ҳам тоғлар ошдик, кўнгилга эрк бердик. Қаерда юрмайлик, уйимизни, ишимизни, демакки бурч ва вазифамизни бажаришни олдинги қаторга қўйдик.
Оллоҳим одам зотига на фаришталарию ва на бошқа махлуқотига бермаган неъматларни ато этган. Ҳис-туйғу, муҳаббат ва нафрат, адолат ва жаҳолат, садоқат ва хиёнат. Келиб-кетаримизда уларнинг қай бири бизни ўзига оғдириб олганига қараб, орқамиздан ё гул ва ёки тош отилади.
Орқасидан гул отиладиган одамлардан бири Абдумўмин эди. У менинг дўстим эди. Қадрдоним эди. Қиёматлигим эди. Шогирддан – ҳамкасб, ҳамкасбдан – дўст, дўстдан – жигарлик даражасига сазовор бўла олган укам эди. Оллоҳга қасамки, мен иккита катта ўғлимга, баъзи-баъзида эса, ҳаддим сиққан яна бошқа жиянларимга доимо уни мисол қилиб, намуна, йигитнинг эталони сифатида келтирардим. Меҳнаткашлиги, ҳалоллиги, интилувчанлиги, ишбилармонлиги ва оилапарварлиги менга жуда ёқарди. Умуман, у нима қилса, менга маъқул бўлаверарди. Чунки менинг ўзим шунақа эдим. Душманим – дангаса, танбал одам. Ёмон кўрганим – бекорчиликда саланглаган киши. Уям шунақа эди. Мана, хоҳ ишонинг хоҳи йўқ, йигирма йилга яқин “Чорбоғ”даги дала ҳовлимизга чиқиб дам оламиз. Лекин бирон марта кунни саланглаб, бекорчиликда қарта ёки нарда ўйнаб ўтказмаганмиз. Ё мазмунли ва кети кўринмас суҳбатлар қурар, ё биргалашиб кетмону белкурак, гулқайчию арраларни ишга солиб боғбонлик қилардик. Жуда бўлмаганда гоҳи биргалашиб, гоҳи алоҳида-алоҳида китобхонликка мук тушардик. Аммо асосий машғулотимиз, болаликда ўрганолмаганимиз, ошхона илмининг сир-асрорларини таваккал ўзимизда синаш – пазандалик қилиш билан дам олардик. Пиширган таомимиз ўхшаса, маза, ўхшамайроқ чиқиб қолса, кўз ва қўлни ўргатганимиз фойдага қолади, дея ҳар турлик овқатларни тайёрлаб кўрардик. Бир гал у қийма думалок қилиб берарди. Бу "французча тефтели" дейилади аслида. Биз уни ўзлаштириб ва "ўзбекчалаштириб", "Французские тефтели по бостандыкски" деган атамалар ясаб олиб, ўзимизни кайфиятимизни кўтарардик. Бир гал мен унга ўзбекчалаштирилган "рассольник" – перловка (арпа ёрмаси) шўрва қилиб берардим. Ўзбекчалиги шуки, сал гўштлироқ ва илиги тўлароқ бўларди. Онамдан қолган шокосаларга сузиб келсам, шунақанги бир иштаҳа билан ичиб олардики, ҳар қандай ошпазнинг ҳаваси келиб кетарди.
Агар, ўша дала ҳовли шароитида эринмасдан шилпилдоқ қилиб берган, десам, балки ишонмассиз! Лекин бунга гувоҳларим бор. Гап овқатдамас. У овқатхўр, дастурхонпарвар, чойхонабоп йигит эмасди. Гап шавқда! Шавқли йигит эди.
Менга унинг бунёдкорлиги ёқарди. У йўқ нарсаларни бор қилишни яхши кўрарди. Бир хиллар йўқ гапларни тарқатиб, одамларни уриштириб қўйиб, жанжал-тўпалонни бир четдан томоша қилиб, маза қилади. У эса аввал кооператив квартира бунёд қилди. Ўша йиллар мен анча яйраб қолувдим. Чунки у "Лисунова" даҳасидан, менга жуда яқин бўлган "Жарариқ" даҳасига кўчиб келувди. Шундоққина яқинимда турарди. Кўп кўришардик. Лекин шаҳарнинг чеккаси бўлгани учун ишимизга жуда ҳам ноқулай эди. Шунинг учун у марказдан бошқа квартира сотиб олди. Бу ерни сотиб, янги квартирасини таъмирлаб, ўша ерга кўчиб ўтди. Мен яна хурсанд бўлдим. Чунки одамларнинг кўпчилиги ўз ҳузур-ҳаловатини бузмасдан, битта айвонча ёки ошхона қурмасдан бу дунёдан ўтиб кетишяпти. Мен уларни ҳам яхши танийман. Ўлигини ташлаб олганча, “ана, укам қилсин”, ёки “болалар катта бўлса ўзи қиволади”, – деб телевизор олдида ағанаб ётганларнинг манзилларини бераман, керак бўлса. Лекин Абдумўмин тиним билмайдиганлар тоифасидан эди. Ахир рости ҳам шу эмасми. Бир марта яшайдиган шу умрни чиройли, муносиб яшаб ўтганга нима етсин! “Мен ўн саккиз минг оламни бунёд қилувдим. Бандам, сен ҳаётингда нима бунёд қилдинг”, – деб бир куни Яратган сўраб қолса, нима деган одам бўламиз? Абдумўмин шу тахлит ўз ҳаётини чиройли қилишга уриниб яшади. Ва бунинг уддасидан чиқди ҳам. Кейин у "Бодомзор"дан бир тўкилган ҳовлини сотиб олиб, уни тагидан текислаб ташлади-да, ўрнида иккала ўғлига етар даражада чиройли, замонавий, кўркам ва ҳар томонлама қулай уй қуриб олди. Хурсандлигим, кўнгил хотиржамлигимнинг чеки бўлмади. Бунёдкор дегани мана бундай бўпти!
Бу уйида ҳам туз-насиба тотиб кўришга муяссар бўлдик. Фахрландим. Шукур қилдим. "Эй, бор худоё, шундай дўстга рўпара қилганингга шукур! Шу сафар адаштирмаганингга, юзимни шувут қилмаганингга шукур!" дедим. Адашган пайтларим ҳам бўлган, мисни тилло деб юрганман.
Она деган зот икки чақирим наридан ёнингиздаги одам сизга дўст бўладими ё йўқми, айтиб бера олади. Уларга бир илоҳий сезги берилган. Бу онанинг ўз жигарпорасини ҳимояси учун ато этилган туйғу – энг кучли инстинкт. Ҳожи онам баъзи-баъзида "Муслимбей, шу ўртоғинг яхши бола. Гап-сўзи дуруст. Уни эҳтиёт қил. У бир сўм сарфласа, сан икки сўм сарфла. У бир марта меҳмон қилса сан икки марта сийла. Тилинг тез, одамнинг юзига айбини шартта гапирасан. Унга бунақа қилмагин, аяб юргин”, – арар дердилар. Онам, онаизоримнинг имтиҳонидан ўтган дўст эди Абдумўмин. Билмадим, онам айтганларини қанчалик уддаладиму, лекин бугун шукур қиламанки, шунча йил ичида бир нима туфайли хафалашганимиз, тушунмовчилик сабаб аразлашганимиз ёки бир ҳафта йўқлашмай қолганимиз йўқ. Биз, Абдуваҳоб дўстимиз билан уни "Мўмин мирзо" деб чақирар эдик. Улар иккови мени "ҳожи бобо" дейишса, Абдумўмин икковимиз Абдуваҳоб акани "қудабува" деб эркалаб чақирардик. Бизлар нисбатан каттароқ бўлганимиз учун ҳам унинг баъзи бир инжиқликлари, ёки ҳолатини тушунишга, эътибор бермасликка ҳаракат қилардик. У дўстлик бунёд қила олди.
У билан ишлаган ижодкорлар – режиссёр ва муҳаррирлар, муаллифлар ундан доимо кўнгиллари тўлган тарзда ҳамкорлик қилишган бўлиши керак. Чунки у енгил-елпи иш қилмасди. Ўзи бошқаларни доимий назоратда ушлаб турадиган одам, қандай қилиб чала-чатти иш қилиб кетиши мумкинлиги ақлга сиғмайди. Телевидениеда, телефильмда, кинода ва радиода яхши ишлар қилиб кетди. Шу унга насиб этди. Бундан ҳам кўпрок бўлиши мумкин эди, ижодий ишлари. Лекин мажбурияти, талабгирлиги боис, катта-катта оммавий тадбирларда кўпроқ банд бўлишига тўғри келарди-да. Шунга қарамай, радиодаги охирги ишларидан бири – "Амир Темур сиймоси" радиофильми бўлди. Пиримқул Қодиров асари асосида тайёрланган бу иши Абдумўмин Ўтбосаровнинг ҳақиқий сухандонлик иши, информациявий ёки публицистик эмас, бадиий иши бўлдики, бу унинг Ўзбекистон халқ артисти унвонига лойиқ ва шуни оқлайдиган ижодий иши эди ва мен бундан яна бир бора хурсанд бўлдим. Бугун, у оламдан ўтиб қолганида эса, мана шу ишидан яна бир марта қониқиш ҳосил қилдим. Чунки айнан мана шу радиофильми авлодларга қоладиган иш бўлди. Ижодида янги саҳифа бунёд қилди. Сон-саноқсиз “Ахборот”ларни эса, ана, “қотириб ётишибди” сухандонмаслар.
Мўмин, Мўминжон, нега ундай қилдинг, а? Ҳали қанча-қанча ишларинг бор эди, режаларинг бор эди. Ўзинг 55 ёшга кирган бўлсангу икки паҳлавон ўғлингни олдингга солиб олган бўлсанг ҳам, олам-олам орзуларинг бор эди. Бошингга ҳар хил кўргуликларни солишсаям, ҳафсаланг пир бўлмовди. “Бор-ей”, деб қўл силтаб кетвормовдинг, ишингдан. “Ўшалар ишласин, мен уларга ўгайман”, демовдинг. Сабринг, бардошинг етмадими а, укам?
Айтгин, дўстим, айтақол, жигарим, бу гал нима бунёд қилдинг? Биз нима қилайлик? Ҳайрон бўлайликми ё вайронлигимизча ўтаверайликми?
P. S. Абдумўминга ўхшаган одамлар тўғрисида халқимиз бир чиройли ибора тўқиган. “Бир келдию, бир кетди”, деган. Абдумўмин сингари сухандон, дўст, қадрдон ҳам бир келдию, бир кетди! Энди бунақаси бўлмайди. Ҳар қалай, менинг бу ёшимда... Охиратинг обод бўлсин, жаннати Наъйимларда ҳурлар ичида қанотларингни кенг олиб учиб юрган бўлгин, дўстим! Алвидо!