Меҳмонлар Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам Корея Республикаси Адлия вазири Пак Сан Ги билан учрашди.
Корея Республикаси делегацияси Ўзбекистонга Адлия вазирлигининг соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаолияти билан танишиш, тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюрган.
Томонлар ҳамкорликни яна ривожлантириш, хусусан, коррупцияга қарши кураш, қонун ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва экспертиза қилиш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, хусусан, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва инвестиция иқлимини яхшилаш, юридик хизматлар сифати ва тезкорлигини ошириш соҳасидаги масалаларни муҳокама қилди. 2017 йилнинг 23 ноябрдаги икки мамлакат Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумга мувофиқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Корея Республикаси делегацияси инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунчиликни ишлаб чиқиш соҳасида Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Очиқ ва конструктив мулоқот доирасида Корея Республикаси Адлия вазири Пак Сан Ги Ўзбекистон адлия органлари ва муассасалари фаолиятидаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади ва уларни халққа яқинлашиш, фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга имкон беришини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Адлия вазири бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ўтган йилнинг 26-30 ноябрь кунлари Корея Республикасига ишчи ташрифи доирасида Корея Республикаси Адлия вазирлигидаги учрашуви доирасида ҳамкасбларига Ўзбекистонга ташриф буюришни таклиф қилган эди.