...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мўмин Ориповнинг турмуш ўртоғи Камола Орипова дўкон очди


19:43, 23.02.2016 Шоу-бизнес
 22 888

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева, хонандалар Шаҳзода, Нилуфар Усмонова, Манзура Йўлдошева, Мадина Мумтоз, Амира Алибекова каби кўплаб таниқли санъаткорлар Камола Орипова ясаган тақинчоқлардан клиплар ва фотосессияларда фойдаланишган.

“Божалар” гуруҳининг марҳум вакили Мўмин Ориповнинг турмуш ўртоғи Камола Орипова куни кеча эри илк бор совға қилган “открытка”нинг суратини Instagram’даги шахсий саҳифасига жойлаб, турмуш ўртоғини хотирлаган эди.

Бир неча йиллардан буён Камола Орипова ҳунармандчилик билан шуғулланиб, аёллар учун сирға, узук, зебигардон, соч турмагига мўлжалланган турли тақинчоқлар ясаш билан шуғулланиб келади. У ижтимоий тармоқлар орқали қўлда ясаладиган ноёб буюмлар ва совға-саломлар дўконини очганини маълум қилди.

“Ўзим Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаганман. Лекин негадир ўз соҳамда ишламадим. Ҳар бир инсоннинг ичида яратувчанлик қобилияти бўлади. Кимдир уни юзага чиқаради, кимдир эса йўқ. Мен бундан 3 йил аввал оддийгина зираклар ясашга қизиқиб қолгандим. Тан оламан, биринчи ишларим унчалик яхши чиқмаганди. Кейинчалик бу йўналишда жуда кўп нарса ўргандим. Ясаган нарсаларим одамларга ёқиб, раҳматлар эшитганимда хурсанд бўлардим. Чунки кимдир сизнинг кўз нурингиз кетган меҳнатингиздан баҳра оляпти. Мен ясаган нарсаларимни ҳатто, чет элдаги ўзбекларимиз буюртма қилиб олиб кетишганидан хурсанд бўламан. Мана энди сизларга бир янгиликни айтиш фурсати етди. Тошкентнинг ЖАР стадиони ёнидан ўзим учун дўкон очдим.

Бугун менинг қилаётган ишларимни кузатиб турган Мўмин акамнинг ҳам руҳлари шод, менимча”, – деб ёзади Камола Орипова.

Камола Орипова тайёрлаган маҳсулотлар ижтимоий тармоқларда “BMK” номи билан жуда машҳур бўлган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева, хонандалар Шаҳзода, Нилуфар Усмонова, Манзура Йўлдошева, Мадина Мумтоз, Амира Алибекова каби кўплаб таниқли санъаткорлар Камола Орипова ясаган тақинчоқлардан клиплар ва фотосессияларда фойдаланишган. Бугун уни Instagram’да 56 мингга яқин фойдаланувчи кузатиб келмоқда.

“Қачонлардир ўзим бошлаган иш билан шунчалик муваффиятга эришаман, деб ўйламаган эдим. Таниқли санъаткорлар, моделлар ва раққосалар дунёга машҳур брендларнинг тақинчоқлари турганда, меникини танлашлари – меҳнатларимнинг юзага чиққанидан далолат”, – дейди Камола Орипова.

Маълумот учун, “Божалар” гуруҳининг марҳум вакили Мўмин Орипов 2009 йилнинг 28 июнида автоҳалокат сабаб оламдан ўтган эди. Мўмин ҳамда Камоланинг битта ўғли бор.

Теглар:Камола Орипова Мўмин Орипов Билолхўжа Орипов Божалар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Sardor
23:19 23.02.2016

Qo'lin dard ko'rmasin o'rto



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!