Билолхўжанинг кўзларида отаси бор, ботинида ҳам... Отасининг боласи, деб шуни айтишса керак. Умри ўхшамасин!
Халқимиз 2009 йилнинг 29 июнини яхши эслайди. Шу куни таниқли хонанда, “Божалар” гуруҳи аъзоси Мўмин Орипов мудҳиш ЙТҲ сабаб оламдан ўтган эди.
25 ёшида ёруғ олам билан хайрлашган Мўмин Ориповни таниган, билганлар, яқинлари, мухлислари илиқ хотиралар билан эслайди. Бугун ана шу илиқ хотиралар дилдан яна бир бор тилга чиқди. Хонанда ҳаёт бўлганида бугун 34 ёшни қаршилаган бўларди.
9 йил... Ҳаммаси ҳудди кеча рўй бергандек. Орадан шунча вақт ўтса ҳам у ҳамон мухлислари қалбида яшаб келмоқда. Яшаб қолади ҳам, қўшиқлари, ёдга олишга арзирли хотиралар, самимий табассуми билан.
Мўмин Орипов 2006 йилнинг 27 ноябрь куни севиб, севилиб Камола Орипова билан турмуш қурган эди. 2007 йилнинг 5 сентябрь куни Мўминнинг давомчиси – Билолхўжа туғилди. У бугун 10 ёшда. У ҳам отасининг йўлини танлади, айни дамда мусиқа мактабида ўқияпти.
Билолхўжанинг кўзларида отаси бор, ботинида ҳам... Отасининг боласи, деб шуни айтишса керак. Умри ўхшамасин!
Одатда эл-юртга фойдаси теккан, яхши инсонлар хотирасига ҳайкал ўрнатилади. Ҳайкални кўрганлар ўша одамларнинг эзгу амалларини хотирлайдилар. Мўмин Орипов эса минг-минглаб инсонлар қалбига ўз ҳайкалини ўрнатиб кетди. Самимий табассум, меҳр ва муҳаббатдан бунёд бўлган бу ҳайкални ўчириб ҳам, синдириб ҳам бўлмайди. Йиллар ўтса ҳам у янада улуғворлашиб бораверади.