"Божалар"нинг клипини эфирга беришдан аввал “MY5” телеканали бадиий кенгаши аъзоларининг кўзи қаёқда эди. Маънавият, миллий ўзликни англаш ҳақида бонг урамиз-у унга амал қилишга келганда майда икир-чикирларни рўкач қиламиз...
“Юксак маънавият – енгилмас куч” асаридан
Жасур Умиров қулоқни қоматга келтиргудек овоз соҳиби бўлса ҳам ёшлар орасида эътиборга тушган, қўшиқлари билан минглаб ёш-яланг мухлислар орттиришга улгурган хонанда. Унинг қўшиқлари ТВ ва радио эфирларида тинимсиз берилади. Хонанданинг “Кабутарим” номли қўшиғи ва унга ишланган видеоклипи шу кунларда кўплаб тингловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Қўшиқ сўзларига бир эътибор беринг.
Бир кун эрталаб туриб, машинамда айланиб,
Бир-бир айланай дедим, қуёш нурида товланиб.
Олой бозор томонда, “Алайский” томонда,
Бир қизни кўриб қолиб, капалагим учди мани.
Орқасидан ман югуриб, “юлдуз”лигим эсдан чиқиб,
Қизларга ёқар гапларни тинмайин унга сўзладим.
Ўртада бир кулиб олди, бир “серёзний” бўлиб олди,
Қизгина исмин сўрасам, эски танишим экан.
Жасур Умиров куйлаган нарсани қўшиқ дейишга тилимиз бормай турганди. Унинг сўзларини қоғозга тушириб шеър деган номга лойиқмаслигига ҳам амин бўлдик. Қизиқ, муҳаббатнинг таърифига жаргон сўзлардан бошқа тузукроқ таснифлар топилмадими? Умиров қўшиқда “юлдуз”лигини рўкач қилгунча, арзирли сўз топиб айтса яхши бўлмасмиди? Қўшиқни тинглаб туриб мактаб ўқувчилар учун айтилгандирда дегинг келади-ку бироқ, бугунги интеллектуал жиҳатдан ривожланган мактаб ўқувчилари учун ҳам бу қўшиқнинг савияси анча пастдек... Шу ўринда савол туғилади: Жасур Умиров қўшиқни қайси аудитория учун куйлаган экан?
Қўшиқ тингловчининг асабини эговлагани етмагандек, унга ишланган видео клип одамни жазавага тушириши ҳеч гап эмас. Бир вақтлар хонанда Бунёдбек Саидов “Миллион қизлар” деб куйлаб чиққанди. Унинг клипида ҳам ўзбек қизлари Бунёднинг ортидан қувишарди. Бу гал навбат Жасурга тегибди. Қизиқ, реал ҳаётда ҳам Жасур Умировнинг ортидан ўзбек қизлари шундай қувармикан? Жасур қўшиқ ва клип орқали томошабинга нима демоқчи бўлган. “Кубутарим”, “Олмахоним мани” деб аталаётган қизнинг камера қаршисидаги рақсини ўзбек қизларига хос хатти-ҳаракатлар дейиш мумкинми?
Гапни гапир уққанга, жонни жонга суққанга. Жаҳонгир Позилжоновнинг ижоди ҳақида сўз кетганда негадир шу гаплар ёддан ўтади. Неча йиллардан буён хонанданинг қўшиқлари танқид қилиниб, миллий эстрада санъатининг талабларига жавоб бермаслиги бот-бот такрорланса ҳам натижа сезилмайди. Хонанданинг “MY5” телеканали орқали эфирга бериб борилаётган “Вой бошим” номли қўшиғини эшитган бўлсангиз керак. Қўшиқда на маъно бор ва уни айтишдан мақсад. Сўзлар мусиқага тушса бўлди, нима айтиляпти, унда мазмун, қофиянинг бор йўқлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди.
Ўзбекистоннинг бой маданий меросини тарғиб этиш, ёшларда Ватанга муҳаббат ҳиссини шакллантириш асосий мақсади бўлган “MY5” телеканали бадиий кенгаши аъзоларининг кўзи қаерда? Ё клипни намойиш этиш учун телеканалга тўланаётган маблағ ҳар қандай эътирозларни пучга чиқаряптими? Наҳот, Жасур Умировнинг “Кабутарим”ини эфирга беришга нолойиқ деб топган бадиий кенгаш аъзоларининг Позилжоновга келганда тишлари ўтмай қолган бўлса? “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ўтган йилнинг августида бундан буён радио ва ТВ эфирлари орқали бериладиган қўшиқларни назоратга олиши, савиясиз қўшиқлар бадиий кенгашлардан ўтмаслигини маълум қилган эди. Хўш, бу гаплар амалдаги исботини топмай қолиб кетаверадими?
Истиқлол йилларида Ўзбекистонда маънавиятни юксалтириш, миллий ўзликни англаш, ёшлар онгини турли хил ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, бой маданий тарихимизни асраб-авайлаш масаласига жиддий эътибор қаратилди. Бу йўлда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистонда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг негизида эртанги кун яратувчиси бўлган ёшларни турли маънавий таҳдидлардан асраш масаласи ётибди. Санъаткорлар ва уларнинг тутруқсиз қўшиқлари билан эфир вақтларини тўлдириб бораётган телеканаллар бу ишда масъул эканликларини, ёшлар, минглаб тингловчилар улардан ўрнак олаётганини унутмасалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ахир қўшиқ хит бўлиб, унга одамлар тинимсиз рақсга тушиб, тўй-ҳашамларнинг энг шўх яллаларидан бири бўлди дегани санъаткор халқ олдидаги бурчини адо этди дегани эмас.
Фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.