...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Божалар”нинг “Шарманда”си шармандалими ёки Фаррух Раимовнинг “Отанг раис”ими?


12:33, 22.07.2017 Шоу-бизнес
 20 934

Йўқ, биз бу хонандаларни “саваламоқчи” эмасмиз. Шунчаки, айнан шу икки хонанданинг қўшиғи ва клипи кенг омма орасида кўплаб танқидларга учрамоқда.

“Божалар” гуруҳининг ҳам, хонанда Фаррух Раимовнинг ҳам ижод фаолиятида мухлислар қалбига етиб борган, сара қўшиқ ва клиплари мавжуд. Аммо... Гуруч курмаксиз бўлмайди. “Божалар” гуруҳининг “Шарманда” ва Фаррух Раимовнинг “Отанг раис” тароналарини сифат тарозисида ўлчайдиган бўлсак, аҳвол бироз чатоқ.
 
Келинг, дастлаб “Божалар” гуруҳининг мазкур қўшиғи ва клипига холис баҳо берсак. “Шарманда”. Қўшиқни эшитганлар тарона нима учун бундай номланганини англаб етгани аниқ.
 
Шармисоли шарманда,
Кулишади, бизни бирга кўрганда.
Нима деса, деяверишсин майли-да,
Улар ҳам бизга ўхшаган банда.
 
Бу қўшиқнинг нақорати. Ундан сал аввал Жаҳонгир Позилжонов “Бўлди жоним энди, мени жоним дема, Жоним деган сўз йўқ мен учун. Жоним битта, у ўзимни жоним, Яна келавериб, тегма жонимга” деб куйлаётган эди. Нақоратда эса... Сиз бу ерда бирор мантиқий боғлиқлик кўряпсизми? Қўшиқни ҳеч бир муаллиф юлдуз санаб ёзмайди, лекин нега энди ашуланинг савияси бундай? Биз бир нечта одамларнинг фикрини сўраганимизда, улар Жаҳонгир Позилжоновнинг қўшиқ ва клиплари аввалдан савиясиз эди-ку, деган фикрларни билдиришди. Биз хонанданинг барча қўшиқларини бачкана ва савиясиз, дейишдан йироқмиз. Лекин, журналист сифатида минглаб ёшларимиз тинглаши мумкин бўлган қўшиқлар савиясининг “оқсаб” қолишига ҳам йўл қўя олмаймиз.
 
Майли, қўшиқнинг номини ҳам, маъносини ҳам қўя турайлик. Клипи-чи? Унда беш нафар қиз ҳар мақомга йўрғалади. Осмонни кузатиб фойда топсангиз, топасизу, аммо бу “зараркунандалар”ни кўриб эмас. Жаҳонгир Позилжонов дўстлари билан тушиб келган машина қимматбаҳо. Аммо қизларнинг рақси жуда арзон-гаров бўлди-да!
 
Хонанда аввало ижодкор инсон. Шу хислати билангина у халқ орасида қадр топади, эъзозланади. Унинг соч турмагидан тортиб кийган либоси, овози, ўзини тутиши, ҳатто у ҳақдаги миш-мишлар ҳам доим эътиборда. Қизиқ, наҳот клип яратаётган хонанда шулар ҳақида ўйлаб кўрмаса? Ахир савиясиз қўшиқ айтганларни ким ҳам ҳурмат қилади? Умаман, у клипни нима мақсадда яратади? Уни кўрганлар “таъмизи борми бу хонанданинг?” дейиши учунми? Бу борада узоқ ўйласа арзийди…
 
Қўшиқни “бошдан оёқ” танқид қилмоқчи эмасмиз. Ҳар ҳолда, қўшиқ ритми, аранжировкаси ёшларбоп. “Божалар” гуруҳининг ҳар бир ижод маҳсулида креативликни кузатиш, янгича ёндашувни кўриш мумкин. Аммо буларнинг ўзи камлик қилишини юқоридаги фикрлар кўрсатиб турибди.
 
Навбат Фаррух Раимовга. Йўқ, биз бу хонандаларни “саваламоқчи” эмасмиз. Шунчаки, айнан бу икки хонанданинг қўшиғи ва клипи кенг омма орасида кўплаб танқидларга учрамоқда.
 
“Сани (сенинг бўлиши керак) даданг раис,
Олиб (аслида қўшиқда оп келади деб куйланган) келади майиз,
Олиб кемаса майиз,
Ну, погоди заяц”.
 
Қизиқ, бу қўшиқ кимларга мўлжалланган экан-а? Болажонларгами? Агар ёшлар учун бўлса, Фаррух Раимов манзилда бироз адашган кўринади. Бу ахир ёш болаларнинг тез айтишига ўхшайди-ку! Келинг, шу сўзларни мантиқ ипига тизиб чиқамиз. Клипда йигит юқоридаги сўзларни севган қизига қарата куйлаяпти, тўғрими? Унда қизнинг отасига “Олиб келмаса майиз, ну, погоди заяц”, деётган экан-да! Қизиқ, бу ерда йигит бўлажак қайин отасини қуён (заяц) демоқчими? Етмаганига, бир қайнови ичида бўлган қиз ҳам йигитнинг бу сўзларига оғзи қулоғига етгунча жилмаймоқда. Ана, сизга ўзбек қизининг отасига бўлган меҳр-муҳаббатию, мана сизга ўзбек йигитининг севган ёрининг отасига бўлган ҳурмати!
 
Қўшиққа ишланган клип ҳақида нима дейсиз? Айниқса, йигитларнинг қўлни чўнтакка солволиб, қимирлашига-чи? Балки клипни ишлаш жараёнида хонанда мухлисларимни бир рақсга туширай, деб ният қилган бўлса, ажаб эмас. Клипдаги бошқа рақслар эса, очиғи, муҳокама қилишга ҳам арзимайди.
 
Азизлар, биз пашшадан фил ясашни ёки тирноқ ичидан кир қидиришни ният қилганимиз йўқ. Шунчаки, ўзбек санъати янада гуллаб-яшнаши тарафдоримиз. Ахир, хонандалар юқорида тилга олинган камчиликларга йўл қўйишмаганда, қўшиқ янада савияли чиқмасмиди? Биз ижодкорларга фақатгина омад тилаймиз. Аммо, унутмаслик керакки, қўшиқ ва клип хонанданинг “фарзанди”. Унга бефарқ қараш хато. Ҳар қандай қўшиқ ҳамда клипнинг негизида халқнинг маънавияти, маданиятини оширишга хизмат қиладиган, тарбиявий аҳамиятга эга булган ғоя ва мақсад мужассам бўлиши керак. Ана шундай эзгу ғояга йўғрилган клипнинг имижи ҳам гўзал бўлиб, кўплаб мухлислар кўнглида узоқ яшайди.
 
Қолаверса, яқинда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонандалар устидан назоратни кучайтираётгани ҳақида бонг уриб чиқди. Жонли ижро имтиҳони, YouTube ижтимоий тармоғига қўйиладиган тақиқлар шулар жумласидан. YouTube ижтимоий тармоғида эса клиплар айланиб ётибди. Ҳозирча натижа кўринмаяпти.
Нигина Ҳакимова

Теглар:Божалар Фаррух Раимов Ўзбекконцерт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Ilhom
13:15 16.08.2017

Jahongir yangi guruh bo'lib chiqqanda sal ma'noliroq qo'shiq aytishar edi. Xozirgi qo'shiqlarida faqat hayqiriq bor xolos.


Люша бабаева
18:06 24.07.2017

Одамларни алами келса нималар езмейдия кани Жахонгир Позилджонов каби сахнага чикиб узини тутиб олсинчи одам 12-14 йил элга хизмат килсин чи "бакирок туя" зато лапашанг лох мас хотинлар каби оркасидан гапиредигон савияси баланд одам бундей езмас эди Ман Таджикистандан ман бу инсони бизани мамлакатимизада хам жуда яхши куриб хурмат килишади Жахонгир акани емон деган вообще паст инсон


Рихсибой
19:32 23.07.2017

Мақола муаллифи анчайин юмшоқ қилиб ёзибди мақоласини. Жаҳонгир Позилжоновнинг деярли барча "қўшиқлари" (уларни қўшиқ дейишга оғиз бормайди). оддийгин бақироқ туянинг қутуриш олди бақириғига ўхшайди. Шу даражада савияси паст (аслида савиянинг ўзи йўқ) қўшиқларни телевизор экранларига, радиога ва умуман оммага тақдим этилишининг ўзи ҳам тўғри эмас.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!