...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мирзиёев раислигида навбатдаги йиғилиш: экспорт соҳасидаги кўзбўямачиликлар танқид қилинди


09:09, 26.12.2017 Жамият
 3 210

Йиғилишда мамлакат иқтисодий сиёсатида нореал рақамлар ортидан қувиш, амалда самара бермайдиган режалар ҳақида баландпарвоз гаплар билан сўз юритишдек номаъқул иш услуби танқид қилинди.

Кеча, 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маданият ва санъат соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Шу куни Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон экспорт имкониятларини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президентнинг Матбуот хизматидан хабар қилинди.
 
Йиғилишда Президентнинг давлат маслаҳатчилари, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этган. Шунингдек, видеоконференция алоқаси орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарияти, маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари, экспортчи корхоналар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари қатнашган.
 
Йиғилишда 2017 йил якуни бўйича прогноз кўрсаткичлари тўлиқ бажарилишини таъминлаш, миллий маҳсулотлар экспорти географиясини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ташқи бозорларга йўналтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
 
Давлат раҳбари иқтисодиётнинг барқарор ва юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолишнинг энг муҳим омилларидан бири бу мамлакат экспорт салоҳиятини изчил ошириш ва ундан тўлиқ фойдаланиш, мамлакат ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини кучайтириш эканини таъкидлади. Шунингдек, корхоналарнинг анъанавий ташқи бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, янги бозорларга кириб бориш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
 
Йиғилишда мамлакат иқтисодий сиёсатида нореал рақамлар ортидан қувиш, амалда самара бермайдиган режалар ҳақида баландпарвоз гаплар билан сўз юритишдек номаъқул иш услуби танқид қилинди.
 
Ҳисобот учун эмас, муайян натижага эришишни мақсад қилган ҳолда иш юритишни ташкил қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йилда иқтисодий ўсиш 5,5 фоизни ташкил этди, экспорт ҳажми қарийб 15 фоизга кўпайди. 2018 йил давомида экспортнинг умумий молиявий қиймати 12,1 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиши кутилмоқда.
 
Йиғилишда сўнгги бир йил давомида тадбиркорларнинг экспорт соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳсулотларни олдиндан тўлов асосида экспорт қилиш, валюта тушумларини мажбурий сотиш, ҳозирги кун талабига жавоб бермайдиган, ортиқча рухсатномаларни бекор қилиш ҳамда экспорт фаолиятида солиқ имтиёзларини қўллашни кенгайтиришга доир қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар қабул қилингани таъкидланди.
 
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22 декабрдаги парламентга Мурожаатномасида кўрсатилганидек, 2018 йилда экспорт соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга яна бир бор тўхталиб ўтилди. Яъни, Марказий Осиё мамлакатлари ва йирик ҳамкор давлатлар – Хитой, Россия, Жанубий Корея, АҚШ, Туркия ва бошқа мамлакатларга амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича қабул қилинган “йўл хариталари”ни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш зарур. Тадбиркорлик субъектларини божхона кўригидан ўтказишда хавф-хатардан огоҳ этиш тизимини жорий этиш, божхона органлари томонидан бериладиган ортиқча ва замон талабига жавоб бермайдиган рухсатномаларни бекор қилиш ҳамда қўлланиладиган тартиб-таомилларни соддалаштириш лозим. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини кескин ошириш бўйича стратегия ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.
 
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди ва муҳокама қилинди. Айрим тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларида масъулият, талабчанлик ва ташаббускорлик етишмаётгани, экспорт дастурини бажаришда сусткашликка йўл қўйилаётгани танқид қилинди.
 
Президент Шавкат Мирзиёев тегишли мутасаддиларга мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт географияси ва номенклатурасини кенгайтириш, экспортчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги тадбиркорлик субъектларини экспорт фаолиятига жалб қилиш юзасидан аниқ топшириқлар берди.

Теглар:Экспорт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар