Президент Ўзбекистонда ўзбек-ҳинд Ёшлар фестивалини ташкил қилишни таклиф этди.
Президент Мирзиёев ўз нутқида Андижонда Ўзбекистон-Ҳиндистон минтақалари бизнес-форумини ўтказиш таклифини киритиб, шундай деди.
“Гужаратнинг улкан иқтисодий салоҳияти ва Андижон вилояти билан шериклик алоқаларидан келиб чиқиб, шоҳ Бобур туғилган ва улуғ Акбаршоҳ аждодларининг ватани бўлмиш Андижонда Ўзбекистон-Ҳиндистон минтақалари бизнес-форумини шу йили ўтказишни таклиф қиламиз”.
Ўзбекистон раҳбари 2020 йилда Ҳиндистонда “Ўзбекистон маданияти йили”ни ҳамда Ўзбекистонда “Ҳиндистон маданияти йили”ни ўтказиш, жорий йилда Ўзбекистонда ўзбек-ҳинд Ёшлар фестивалини ташкил қилишни таклиф этди.
Президент Мирзиёев сўзининг якунида Ўзбекистоннинг саноат, инвестицион ва сайёҳлик салоҳияти, бой тарихи ва маданияти ҳақида танишиш имконини берувчи саммит доирасида ташкил этилган Ўзбекистон кўргазмасига барчани таклиф қилди.
“Жўшқин Гужарат” саммитида сўзга чиққанлар ҳамкор мамлакатлар ўртасида ўзаро тажриба, технология алмашиш, янги ҳамкорлар ва инвестицияларни жалб этиш йўлларини топиш бўйича ўз нуқтаи назарларини баён этди.