...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мирзачўлнинг қайта “туғилиши”


14:23, 01.06.2018 Жамият
 4 335

80 йиллар охирида уйлар аста секин нурай бошлади. Юқорига қилинган мурожаат фақат “кутиб туринглар” деган жавоб билан якунланаверди

Бундан  сал кам 70 йил аввал Ўзбекистон қумликлари ўрнида янгидан янги посёлкалар, қишлоқлар, аҳоли учун зарур уй-жой массивлари қуриш, одамларни иш билан таъминлаш, яшаш учун шароит яратиш мақсадида чўл-у биёбонлар ўзлаштирилди. Минг машаққатлар билан сув келтирилди. Бинолар қурилди, замонавий иншоатлар, биринчи галда ижтимоий-маданий, майиший объектлар тез фурсатда барпо этилди. Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида ҳам бу каби кенг кўламли ишлар олиб борилиб нафақат республикамиздан балки қўшни қардош давлатлардан ҳам биродарларимиз ёрдамга келишди. Кейинчалик бу гўзал гўшаларда муқим яшаб қолишди. Кўп миллатли Мирзачўл тумани аҳли йиллар давомида оға-ини, қуда-анда, қариндош уруғ бўлиб истиқомат қилиб келишади.
 
Бироқ, ўтаётган йиллар ўз таъсирини ҳудудга ўтказмай қолмади. Чунки қурилган иншоатлар, бинолар 70 йил давомида эскириб нураб борди. Ачинарлиси, ўша даврда қурувчи ва ишчилар учун вақтинча қуриб берилган барак уйлар янгиланмай қолди. Оддий ёғочлар бир бирига қалаштириб қурилган, пойдевори ҳам бир неча йилларгагина мўлжалланган уй одамларга доимий бош пана вазифасини ўтади. 80 йиллар охирида уйлар аста секин нурай бошлади. Юқорига қилинган мурожаат фақат “кутиб туринглар” деган жавоб билан якунланаверди.






     
Шукурки, туман аҳлининг кўксидаги оғриқ барҳам топди. Юртбошимизнинг 2018 йил март ойида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа обектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида “Обод қишлоқ” дастури тўғрисидаги фармони ва қарорининг қабул қилиниши Мирзачўл туманида узоқ йиллардан бери тўпланиб қолган муаммоларга ечим топди. Қарорга кўра биринчи галда махсус Комиссия тузилди. Ушбу таркибга 30га яқин ташкилотлардан киритилган мансабдор шахслар, секторлар раҳбарлари, жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия аъзолари мавжуд холатни тўла ва атрофлича ўрганган холда вазиятни тубдан яхшилаш мақсадида маҳаллий йўл харитаси тузилди ва вазифалар белгиланди.
 

  
Комиссиянинг тузилиши эса халқ қалбига қулоқ солиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам бериш, халқнинг талаб ва истаклари асосида ишлаш принципларини ҳаётимизда чуқур жорий қилишга қатъият билан ҳаракат қилинаётгани амалда қучоқ очиб халқ ичига бориш, унинг армонларини ушалтириш, орзуларини рўёбга чиқаришдек улуғ мақсадга қаратилган. Улар мазкур вазифаларни амалга ошириш учун “Ғалаба” маҳалласидаги 17 кўчада истиқомат қилаётган 1405 та хонадонга бирма бир кириб мавжуд муамоларни ўрганишди. Коммунал хизматлар, уй-жой, бандлик, маиший  хизмат кўрсатиш соҳасидаги камчиликлар, зарур хужжатларни тўғирлашда йўл қўйилган мингдан зиёд холатлар аниқланиб, уларнинг аксарияти жойида ўз ечимини топди.
 

 
Мазкур мурожатларнинг кўпгина қисми юқорида қайд этганимиздек, уй-жой масаласи билан боғлиқ. Шу сабаб ҳам, шаҳсан Президентимизнинг топшриқларига асасан ушбу маҳаллада барак ва кўримсиз уйлар ўрнида 400 та намунавий лойиҳалар бўйича 4 сотих майдондаги ер участкасида бир қаватли икки ва уч хонали  уйлар қурилиши белгилани фуқароларни жуда мамнун этди.
 

 
Янгиланган лойиҳалар бўйича барпо этиладиган уйлар ўзининг нарх параметрлари, сифат тавсифлари ва шинамлилиги бўйича Марказий Осиёда ўхшаши йўқлигини эътироф этиш зарур. Бундай уйлар биринчи галда узоқ йиллар ҳеч бир шароитга эга бўлмаган 54тауйда истқомат қилиб келаётган аҳолига берилиши уй эгаларининг қувончига қувонч қўшди. Ана шулардан бири Норқўзиевлар оиласидир. бундан  олти йил аввал хонадон соҳиби бахтсиз ходиса туфайли оламдан кўз юмди. Тўрт фарзанд чирқиллаб қолаверди. Рўзғор ташвиши ҳонадон бекасининг зиммасига тушди. Аммо, ҳудудда иш йўқлиги, уй ҳам тўкиламан деб тургани оила аъзоларининг юрак бағрини эзарди. Ҳатто, оиланниг тўнғич фарзанди, коллеж битирувчиси Нилуфархон ҳам иш излаб қанча эшикни тақилатмади дейсиз. Афсуски, ҳеч қандай иш топа олмай муаммолар исканжасида қоврилиб юраверди.
 

 
Эндиликда мана шундай намунали, замонавий уй-жойлар Нилуфар Норқўзиева каби қийналган оила вакилларига берилиши билан бирга доимий иш ўрнига эга бўлиши адолат қарор топилганининг белгисидир. Уй эгалари бундан руҳланиб, қурилаётган янги уй-жойларда ўзлари ҳам бош қош бўлиб ҳашарчиларга кўмак беришаяпти.


 
Олиб борилаётган ишлар кўлами ҳақиқатданда кенг. Мирзачўл хаётида туб бурилиш даври бошланди. Лоқайдлик сабаб  чўлу, биёбонга айланиб, кун сайин сўниб бораётган туманда, яна жўшқин ҳаёт бошланди. Чорак аср олдин гўшани обод қилишга кишилар қандай ошиққан бўлса, бугун яна минглаб юртдошларимиз мирзачўл томон талпинмоқда. Қалбларда яратувчанлик завқи, ёшлар томирида қайноқ қон оқиб ҳамма бир мақсад, бир ғоя устида ишламоқда – “Мирзачўлни гулистонга айлантириш”.
 

 
Бу ерда бўлаётган ишларга бирма-бир тўхталмай илож йўқ.  Аввало аҳолининг яхши яшаши учун, тинч ва бахтли ҳаёт кечириши учун уй-жой зарур. Шуни ҳисобга олиб ҳудудда намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилишга катта эътибор берилди. 112 та янги уй-жойлар қурилиши бошланиб кетди. Қўшимча қурилаётган 48 та уйда траншея қазилди ва 110 та уйга шибен ташланди.
 

 
Мазкур ишларда ФВВ тизимидаги куч ва воситалар, юзлаб махсус техника ва мосламалар, мутахассис ва ишчи кучлар сафарбар этилган. Вазирлик тизимдаги ҳарбий қисмлардан 600 нафарга яқин аскарлар тантанали кутиб олинди. Уларнинг келиши бу ердаги иш суратини янада оширди. Ёш, билагида кучи бор навқирон йигитларнинг фидойи меҳнатлари бошқаларда ҳам ишга бўлган муносабатини ўзгартирди. Улар ана шу уй-жойлар қурилишида жонбозлик кўрсатмоқда.Тез кунларда яна қўшимча 400 нафар ҳарбийларнинг келиши ҳам кутилаяпти. Бу эса ҳуддаги ободонлаштириш ишлари сурати янада ошишини таъминлайди.
 

 
Ҳашарчилар учун барча шарт шароитлар яратилган. Турар жой, овқатланиш учун ошхона, тиббий кўрик ўтказиш учун пункт ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш учун зарур чоралар кўрилган.
 


Эътиборлиси, маҳалла аҳли ҳам хусусан, 500 нафардан ошиқ фуқаролар ободончилик ишларида қатнашаяпти. Мақсад  обод масканни  тезроқ барпо этиш. Улар кучи билан маҳалладаги 54 та кўп қаватли уйлар  кундан кунга чирой очмоқда. Барча уйларнинг том қисми тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Эски яроқсиз шиферлар янгисига алмаштирлди. Навбат уйларнинг фасад қисмига келди. Кундан кунга кўркамлашиб бораётган уйлар обод қишлоқ дастури шабодаси бу ерга ҳам етиб келганини билдираяпти.
 

 
Ҳар куни мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан янги техника ва воситалар, қурилиш материаллари келиб турибди цемент, ғишт, тахта, шағал, шифер, арматруа, бетон плиталари, хуллас, барча турдаги қурилиш моллари ортиғи билан юк машиналарида кириб келмоқда.
 

 
Айни кунда “Ғалаба” маҳалласида олиб борилаётган бунёдкорлик, ободончилик ишларида иштирок этаётган 3200 нафардан зиёдюртдошларимизнинг қишлоқ кўчаларида, уй-жойлар ва кўп қаватли уйлар атрофида амалга ошираётган ишлари ақлингни шоширади. Бундан 40 кун олдин бу ерга келган одам тор ва диққинафас кўчалар, айқаш-уйқаш қурилган ноқонуний биноларнинг ачинарли холатини кўриб, кишиларни тушкун кайфиятда учратса, бугун келган одам бутунлай унинг аксини кўради. Меҳнат қилаётган инсонларнинг бир-бирларига дўстона ва самимий муносабати, атрофдаги ўзгаришлардан кўнглида мамнунлик хиссини туяди. Бу тарихий ўзгаришларда иштирок этаётган ташкилот, корхона ходимлари ўз ишлари билан машғул. Муҳими белгиланган вазифаларни сидқидилдан бажараяпти.
 

 
Хусусан электр таъминоти корхонаси ходимлари бугунги кунгача жами 16,35 км электр узатиш тармоғи тортилди, 679 та электр ҳисоблагичлари мансублик чегарасидан чиқарилди. 4 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди, 1 та янги транформатор пункти ўрнатилди, 170 дона устунлар демонтаж қилинди, 160 та темир бетон таянчлар ўрнатилди. Бу ишлар 5 та махсус техника ва 55 нафар ишчилар жалб этилмоқда.Натижада 400 га яқинхонадонларниузлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имкони яратилди.
 

 
Ичимлик суви ва оқава сув таъминотидаги янгиликлар ҳам кишини хурсанд этади. Мисол учун 9,5 км ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари бошланиб, ҳозирда 6 км қувурлар келтирилди.  400 метр траншея қазилиб, бугунги кунга қадар жами 3850 метр қувур тортилди.
 

 
Ҳудуддаги мавжуд жами 68 та канализация калодецини тозалаш ишлари якунланди. 12 та янги колодец олиб келинди. Мавжуд 4 та канализация қудуқларидан 2 тасини тозалаш ишлари тугатилди. Оқава сув тармоқлари  кўп қаватли уйлар олдига 100 метр траншея қазилди, 300 метр оқава сув тармоғи олиб келинди, 3 та канализация калодецлари ўрнатилди.
 
Йўлсозларимиз ҳам ўзларига юклатилган вазифани ортиғи билан уддалашмоқда. Улар томонидан шу кунга қадар жами 483 дона 2898 метр янги латок, 590 тонна бетон, 2050 тонна кум-шағал аралашмаси ётқизиш ишлари бажарилди.
Биласиз, йилдан йилга аҳолининг табиий газга бўлган эхтиёжи  ортиб бораяпти. Мазкур туманда ҳам  табиий газ муаммоси йиллар давомида ечилмай келади. Дастур доирасида бу камчилик ҳам ўз ечимни топадиган бўлди. 15,0 км узунликдаги газ қувурлари демонтаж қилиниб, ҳудудда газ таъминоти яхшиланишга эришилди. Чекка ҳудуд аҳолиси учун 570 дона суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди.
 
Маҳаллани тоза ҳудудга айлантириш мақсадида бир кунда 680 тонна, мавсум бошидан буён 23 000 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари ташиб чиқарилди.
 

 
Туман марказида аҳолига маиший хизмат кўрсатиш деярли йўқ ҳисоби эди. Ваҳоланки, кундалик ҳаётимизни хизмат кўрсатиш тармоқларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бундай хизматларнинг йўлга қўйилиши, биринчидан аҳоли бандлигини таъминласа, иккинчидан шу ерда яшовчилар фуқароларнинг оғирини енгил қилади. Шу сабаб ҳам ҳудуддаги 70 та маиший ҳамда ижтимоий объектларнинг 45 тасида лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, таъмирлаш ишлари бошланди.
 
Жумладан, 13 сонлиМТМ муассасасида ҳам капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, болажонлар ва ота-оналар учун зарур шароитлар яратилмоқда. Бундан маҳаллий аҳолининг боши осмонга етмоқда.
 

 
Айтганча, қишлоқда чорва моллари боқмайдиган хонадонларни учратиш қийин. Бироқ кўп қаватли уйларда бунинг иложи йўқ. Аммо шу вақтга қадар шароит йўқлиги боис Ғалаба маҳалласида кўп қаватли уйларда яшовчилар чорва молларини боқишга қийналишарди. Жой йўқлиги боис ҳам атрофда ўргимчак тўридай ноқонуний, талабларга жавоб бермайдиган молхоналар қуриб ташланган эди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида бу хайрли иш ҳам инобатга олиниб, маҳалла чеккасидан замоанвий чорва моллари ҳамда ем ҳашак сақланадиган бино қурилиши ҳам қизғин олиб борилаяпти.
 

 
Мирзачўл туманида ҳам меҳнатга лаёқатли аҳоли қатламларини иш билан таъминлаш, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш йиллар давомидаги муаммога айланган. Боиси, туманда саноқли кичик корхоналарни ҳисобга олмаса, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳалари бўйича марказлар, ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилмаган. Муаммо гирдобида қолган фуқаролар уни қай йўсинда ҳал этишга чора топмаган. Дастур доирасидаги ишларда бу муҳим масала ҳам алоҳида эътиборга олинган. Туман марказида 200 ўринли тикув цеҳи ҳамда ип калава, мато ва трикотаж махсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган умумий қиймати 9 млн АҚШ долларини ташкил этадиган “Мирзачўл текст”  фабрикалари ишга тушади. Мазкур фабрикага эса 250 нафар хотин қизлар ва ёшлар жалб этилиб экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирлган. Ҳозирда фабрика учун ажратилган 12 гектар майдонда қурилиш ишлари  олиб борилаяпти.
 

 
Мирзачўл тумани марказига борсангиз қизғин меҳнат қучоғи сизни қарши олади. Ҳамма томонда замонавий, қудратли техникаларнинг гуриллаган товуши, меҳнат қилаётган кишиларнинг “олдик”, “кўтардик”, “баракалла”- деган овозлари жаранглаб турибди. Ишлар шу даражада қизғин кетмоқдаки, кун кеч бўлганини ҳам сезмай қоласиз. ФВВ ва ҳарбийлар эса ишни куни-тун ташкил этганлиги, иш унимини янада оширмоқда.
 

 
Бу ўзгаришларни кўриб бир замонлар айтилган “Чўл эдинг, айлади бўстон. Раҳмат сенга ҳазрати инсон”дегинг келади. Бир сўз билан айтганда Мирзачўлда бошланган бунёдкорлик одамлар қалбига ҳам ободлик олиб кирди.
Ўткирбек Холбеков, журналист

Теглар:Мирзачўл Обод қишлоқ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар