Бугун, 5 май куни клуб бош директори Муроджон Алиев ва бош мураббий Миржалол Қосимов ОАВ вакиллари билан учрашди.
Бугун, 5 май куни клуб бош директори Муроджон Алиев ва бош мураббий Миржалол Қосимов ОАВ вакиллари билан учрашди.
“Мавсум стартида қайд этилган қониқарсиз натижалар ўзгаришларни амалга оширишга ундади. Сергей Лушчан истеъфо ҳақида ариза ёзди. У кейинги фаолиятини “Бунёдкор” футбол мактабида давом эттирадиган бўлиб турибди. Клубнинг аввалги мавқеини тиклаш мақсадида жамоага Миржалол Қосимовни таклиф этдик. Жамоа олдига яна аввалги мавқеига қайтиш ва футболимиз ривожи йўлида рақобатни ошириш вазифаси қўйилган. Ҳомийларимиз жамоани қўллаб-қувватлашда давом этишади”, деди Муроджон Алиев.
“Барчангизга маълумки, “Бунёдкор” мен учун бегона жамоа эмас. Бунгача жамоага устозлик қилган Сергей Лушчанга ёшларни тарбиялашда кўрсатган меҳнатлари учун миннатдорлик билдириб ўтмоқчи эдим. Унинг кейинги фаолиятига омад тилайман. Мураббийларнинг қисмати шундай бўлади: футболда ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради”, деди Миржалол Қосимов.
Қайд этиш керакки, “Бунёдкор”нинг янги мураббийлар штаби ишга тўлиқ ҳолатда кейинги ҳафтадан киришадилар. Миржалол Қосимов ва унинг ёрдамчиларига “Ал-Айн” билан бўладиган сафар ўйинига бир куннинг ўзидаёқ хорижга чиқиш визасини расмийлаштиришнинг имкони бўлмади.
Эртага, 6 май куни “Бунёдкор” БААга учиб кетади.