
Фестивалда каратэ ва таэквондонинг турли йўналишлари бўйича спортчилар ўзларининг кўргазмали чиқишларини намойиш этдилар.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган спорт байрамида мамлакатда фаолият олиб бораётган 25 та спорт яккакураш федерация, ассоциациялар вакиллари, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Шарқ яккакурашлари федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортимиз юлдузлари ва мухлислар иштирок этишди.
Фестивалда шарқ яккакурашлари ҳисобланган каратэ ва таэквондонинг турли йўналишлари, шунингдек, дзюдо, самбо, ушу, пенчак-силат, муайтай, кикбоксинг, ўзбек жанг санъати, қўл жанги, турон каби спорт турлари вакиллари ўзларининг кўргазмали чиқишларини намойиш этишди. Фестивалга ташриф буюрганлар таниқли мураббий ва спортчилар билан мулоқот қилиш имкониятига ҳам эга бўлдилар.
“Фестивални ўтказишдан кўзланган энг асосий мақсад – айни пайтда тарқоқ ҳолда фаолият юритаётган федерация ва ассоциацияларни ягона мақсад йўлида бирлаштиришдир. Миллий олимпия қўмитаси сўнгги пайтларда ноолимпия спорт турларидаги етакчи, иқтидорли спортчиларни Олимпия оиласига мансуб спорт турларига, яъни, дзюдо, каратэ, таэквондо WTF каби турларига йўналтириш ишларини амалга оширмоқда. Бу борада бугун ташкил этилган фестиваль муҳим қадамлардан бири бўлди. Ушбу тадбир уларни ўзаро ҳамкорликда, ҳамжиҳатликда ишлашга ўзига хос даъват бўлди. Бундан буён ана шундай фестивалларни мунтазам равишда ўтказиб боришга келишиб олинди”, дейилади МОҚ хабараида.