Йўл четида ўз хизмат вазифасини олиб бораётган Қўриқлаш хизмати ходими Е.Абдувалитов воқеа жойида вафот этган.
Унда вояга етмаганлар иштирокида содир этилган оғир турдаги жиноятлар, хусусан, вояга етмаганларнинг автомобиль бошқариши ва ЙТҲга учраши билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида сўз борди.
Йиғилишда 2016 йилнинг 24 майдан 25 майга ўтар кечаси содир бўлган даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
Маълум қилинишича, 9-синф битирувчиси бўлган ўқувчилардан бири отасига тегишли бўлган автомобилни уйидан олиб чиққан. Автомобиль рулини эса унинг дўсти бошқарган.
Вояга етмаган ҳайдовчи Юнусобод тумани Амир Темур шоҳкўчасида автомобилни катта тезликда бошқариши натижасида йўл четида ўз хизмат вазифасини олиб бораётган Қўриқлаш хизмати ходими Е.Абдувалитовни босиб ўтган. Мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ички ишлар идоралари ходими воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-модасси 2-қисми “А” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Йўл-транспорт ҳодисаси айбдори Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, жавобгарлик ёшига етмагани учун жиноят иши ўрнатилган тартибда Жиноят процессуал кодексининг 84-модда, 1-қисми, 7-бандига кўра ҳаракатдан тугатилган.
Маълумот учун, вояга етмаган ҳайдовчи Тошкент шаҳридаги 51-умумтаълим мактабининг ўқувчиси бўлган.
Ота-оналарнинг бефарқлиги, фарзандини ўз холига ташлаб қўйиши, бу ҳам етмагандек, вояга етмаган боланинг автомобиль бошқаришига шароит яратиб бериши оқибатида ўз хизмат вазифасини адо этаётган Ички ишлар идоралари ходими вафот этди. Қайсидир ота-она жондан азиз жигарбандидан айрилди. Фарзандлар кўзида ёш билан қолди.