...
МЕНЮ
ONLINE TV

МИБ Шароф Убайдуллаевнинг айбловларига расман РАДДИЯ берди


21:50, 05.10.2018 Жамият
 13 416

МИБ Убайдуллаевнинг айбловларига керакли жавобни ҳозирлаб, “Qalampir.uz”га тақдим этди.

Аввалроқ, “Энергетика ресурслари: ислоҳотлар даврида тежамкорлик ва истеъмол маданиятидаги муаммоларнинг таҳлили” мавзусида “Халқаро пресс-клуб” сессияси бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Унда журналист “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Шароф Убайдуллаев ҳам иштирок этиб, “Ўзбекэнерго” АЖ раиси ўринбосари Рўзиқул Раимов ва Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари Шоҳруҳ Аминовга коррупцияга оид бир қатор жиддий саволлар билан юзланган эди. Ўз саволида ўта оғриқли масалаларни кўтарган Убайдуллаевнинг мурожаати Мажбурий ижро бюроси томонидан ўрганиб чиқилган. МИБ Убайдуллаевнинг айбловларига керакли жавобни ҳозирлаб, “Qalampir.uz”га тақдим этди.
 
“Шароф Убайдуллаев “Ўзбекэнерго” раҳбариятига: “Ичкаридаги ўғриларни тугатдингизми, қачон тугатасиз?” номли жойлаштирилган маълумот юзасидан
 
Маълумотда,“Ўзбекэнерго” АЖ раиси ўринбосари Рўзиқул Раимовга, Тошкент шаҳрида 1300 та трансформаторни сотилиб юборганини, соҳада коррупцияни йўқ қилиш кераклигини, соҳадаги тартибни ўрнатишда прокурорларнинг ўрни бўлиши лозимлигини, Мажбурий ижро бюроси фаолиятида бир қатор камчиликлар мавжудлигини билдирган.
 
“Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Ш.Убайдуллаев, Р.Раимовга юзланиб, Тошкент шаҳрида 1300 та трансформаторлар ноқонуний сотилганини, трансформаторларнинг нархи 10 мингдан 50 минг АҚШ долларига боришини, соҳадаги талон-торожлик тугатилмаса, тартиб ўрнатиб бўлмаслигини билдирган.
 
Шундан сўнг, Ш.Убайдуллаев тадбир иштирокчиси Ш.Аминовга юзланиб, қуйидаги:
 
-        биргина Тошкент шаҳрида 1300 та трансформатор сотиб юборилса, буни назорат қиладиган прокурорлар йўқми, сизнинг иштирокингиз йўқми?;
 
-        сиз 500 сўм-1000 сўм тўлай олмаган фахрийлар, ногиронларнинг ортидан қувиб юрибсиз, бизда рўйхатлари ҳам бор. Сиз ногиронларга бошқачароқ қаранг. Тўлов имкониятлари жуда кулгили. Қаерга тўлашини билмайди, илгари майли, электр ёмон, газ ёмон деймиз, уйга келиб оларди (тўловларни). Ҳозир сизнинг хў-ў идораларингизни қидириб бориши керак. Лекин пулга, тўловга келса, электр ўчиб қолаяпти, анави камчилик бўлаяпти, деса сизнинг погонлиларингиз нима дейди, биласизми? “Бизнинг бунга алоқамиз йўқ, таъминот энергияда, биз фақат пул олишни биламиз, дейди. Буни битта қўлга бериш керак: ё сиз раҳбарлик қилинг, ёки таъминот билан бирга;
 
-        ўртоқ прокурор, сизнинг Мажбурий ижро бюроингизда камчиликлар шунақанги кўп. Бир-бирини сўйиб қўйган раҳбарлар сизга қарайдими?
 
Амал талашиб ётибди. Шунинг учун пулнинг орқасидан эмас, адолатнинг орқасидан қувинг, деган фикрларни билдирган.
 
Мажбурий ижро бюроси Ш.Убайдуллаев томонидан келтирилган ушбу фикрларни нохолис, объектив ёндашилмаган ва асоссиз деб ҳисоблайди.
 
Изоҳ: Айнан, таъминотчи корхоналар томонидан идоравий назорат лозим даражада ўрнатилмаганлиги ва истеъмолчиларнинг шартнома мажбуриятларига риоя этиши таъминланмаганлиги, соҳада коррупция ва талон-торожликларга йўл қўйилганлиги каби тўпланиб қолган ўткир муаммоларни бартараф этиш мақсадида,  Давлатимиз раҳбарининг 29.05.2017 йилдаги ПФ-5059-сонли Фармони билан Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган.
 
Мажбурий ижро бюроси фаолиятини бошлаган (2017 йил июль,) давридан буён, “Ўзбекэнерго” АЖ тизимидаги мансабдор ва бошқа шахслар томонидан Тошкент шаҳри ёки бошқа ҳудудларда электр трансформатор ускуналарининг ноқонуний сотилиши ва талон-торож қилиниши билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушмаган ва жиноят ишлари қўзғатилмаган.
 
Ш.Аминов, нутқида фойдаланилган энергия ресурслар учун маблағ тўлай олмаган фахрийлар ва ногиронлар эмас, балки тўлов қобилиятига эга бўла туриб, тўламаётган истеъмолчилар бугунги кунда кўпчиликни ташкил этишига тўхталиб ўтган.
 
Шунингдек, 29.05.2017 йилдаги ПФ-5059-сонли Фармонга мувофиқ, электр ва газ тақсимлаш тармоқларидаги носозликларни бартараф этиш Бюро органларининг вазифасига кирмайди.
 
Бюро давлат инспекторлари энергия ресурслари ва сув таъминоти бўйича тўловлар (нақд ва нақдсиз)ни қабул қилишда истеъмолчиларга қулайлик туғдириш мақсадида, тўлов терминали ва термопринтерлар билан тўлиқ таъминланган, Бюронинг ҳудудий (туман, шаҳар) бўлимларида банк махсус кассалари ташкил этилган.
 
Бундан ташқари, Бюронинг Яккабоғ туман бўлими собиқ бошлиғи Б.Жўраев (марҳум) ходимларга нисбатан қатъиятлик билан ёндашиб келгани ва Бюро органлари сафини нопок ходимлардан тозалагани учун вазият қурбонига айланган.
 
Хусусан, бўлимнинг собиқ  ходими И.Шавкатов бир неча бор интизомий жавобгарликка тортилган ва у билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида, бўлим бошлиғи Б.Жўраевни айбдор деб ҳисоблаб, унинг хизмат хонасида ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан оғир тан жароҳати етказган.
 
Олинган тан жароҳати сабабли, Б.Жўраев жорий йилнинг 2 август куни Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тез тиббий илмий ёрдам марказида вафот этган.
 
И.Шавкатовга нисбатан 03.05.2018 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва суднинг 03.10.2018 йилдаги ҳукми билан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “г” банди билан 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
 
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига биноан, Баҳром Жўраев (марҳум) “Жасорат” медали билан тақдирланди.
 
Бюронинг фаолиятига оид барча масалалар бўйича қисқа “1107” ишонч телефон рақамлари туну-кун ишлаб келмоқда, Ш.Убайдуллаев ёки бошқа шахслар томонидан юқоридаги масалаларда мурожаат келиб тушмагани маълум бўлди.

Теглар:МИБ Шароф Убайдуллаев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар