...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мендан кетгунча, эгасига етгунча: Журналистлар қаршисига чиққан мансабдорнинг тайёргарлиги ҳафсалани пир қилди


14:43, 17.06.2016 Жамият
 7 547

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусан Бобонов матбуот анжуманида ўртага ташланган жуда кўп саволларга бошқа ташкилотларни рўкач қилган ҳолда жавоб қайтарди.

Ёзнинг иссиқ кунлари бошланиб, қуёш танни қиздирди дегунча сув ҳавзаларига ошиқамиз. Айни фурсатда очиқ сув ҳавзалари ҳам одамлар билан гавжум бўлади. Айниқса, куннинг энг жазирама вақтида оқиб турган муздек сувда чўмилишга нима етсин. Бироқ кўп ҳолларда чўмилаётган ҳудудларимизнинг хавфсизлигию, у ерга ўрнатилган тақиқловчи белгиларга эътибор қилмаймиз. 16 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокимиятида ўтказилган матбуот анжуманида ҳам шу ҳақда сўз борди. Унда Тошкент шаҳар ҳокимияти вакиллари, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусан Бобонов, Тошкент шаҳар қутқарув хизмати бошлиғи ўринбосари Акмал Абдусамадов ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
 
Матбуот анжуманида айтилишича, Тошкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи каналлардаги сув ҳарорати доимий паст бўлиб, шу билан бирга оқим тез, ушбу каналлар қирғоқларида жойлашган кафе ва чойхоналарда алкоголли ичимликлар истеъмол қилиб сувда чўмилаётган фуқаролар бундай кескин ҳолатда ўзларини йўқотиб қўйишлари кўп учраяпти. Ҳаво ҳароратининг кескин ошиши, қолаверса, тана ҳароратидаги иссиқ ҳароратнинг совуқ ҳарорат билан кескин алмашиши оқибатида бундай ўгаришга тайёр бўлмаган тажрибасиз, ҳали сузишни пухта эгалламаган кишилар турли бахтсиз ҳодисалар қурбонига айланиб қоляпти. Жорий йилнинг ўзида ўтказилган рейдлар давомида тақиқланган ҳудудда  чўмилган 11 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилган.
 
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусан Бобоновнинг маълум қилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрининг 15та ҳудудида назорат –кузатув постлари ташкил қилинган. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, пойтахтдаги кўплаб каналлар атрофи ободонлаштирилиб, сайр қилиш учун шароит яратилган. Қўриқланмайдиган дарё, канал, анҳор ва сув ҳавзаларида, чўмилиш белгиланмаган ҳудудларда чўмилиш мумкин эмаслиги тўғрисида 810 дона тақиқловчи белгилар ўрнатилиб, 159 маротаба жойларга чиққан ҳолда 7048 нафар фуқаро билан тушунтириш ишлари олиб борилган
 
Матбуот анжуманида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусан Бобоновга ОАВ вакилларидан кўплаб саволлар келиб тушди. “Минор” қабристонининг орқа тарафидаги анҳор бўйида ёз кунлари соат 20:00дан тунги 02:00гача “чўмилиш мавсуми” бошланади. Бу ерда на тақиқловчи белги ва на назорат-кузатув пости бор, одамлар бемалол чўмилаверади. Ўша атрофда сайр қилаётганлар учун бу ҳолат ноқулайликлар туғдиради. Минг афсуски, бир неча йилларким бу ҳолатга нисбатан чоралар кўрилгани йўқ. Қолаверса, Олмазор туманининг Қора-қамиш 2/5 даҳасидан оқиб ўтувчи канал қирғоғида авваллари гаражлар, чойхона  ва шунга ўхшаш бинолар бўлгани сабаб канал атрофи ёпиқ ва хавфсиз бўлар эди. Гаражлар олиб ташланиб, чойхона ва бошқа қурилмалар бузиб ташланди. Кўп қаватли уйлар ёнидан оқиб ўтадиган канал атрофида темир тўсиқлар билан ўралмагани учун аҳоли, айниқса, болалар учун хавфли ҳудудга айланиб қолган. “Qalampir.uz” сайти мухбири айнан юқорида номлари келтирилган ҳудудлардаги мавжуд муаммолар юзасидан Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусан Бобоновга мурожаат қилдию, бироқ арзирли жавоб ололгани йўқ.

Бобоновга кўра, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш маълум ташкилотлар гарданидаги вазифа эмас, аксинча, фуқароларнинг ўз қўлида. Ота-оналар ва маҳалла фаоллари болаларга доим кўз-қулоқ бўлиб туришсагина, очиқ сув ҳавзалари аҳолига хавф туғдирмайди. (!) Оддий ва кутилмаган бундай жавоб матбуот анжуманига йиғилганларни ҳайратда қолдирди. Бошқарма бошлиғи ўринбосари ташкилот фаолияти юзасидан берилган саволларнинг кўпига “оч қорним, тинч қулоғим” қабилида жавоб қайтарди. У ўзига келиб тушган саволларга гоҳ Тошкент шаҳар ҳокимиятини, гоҳ Давлат санитария-эпидемиология назорат марказини, кўп ҳолларда ИИВ ходимларини рўкач қилиб кўрсатди. Кишида савол туғилади: Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг вазифалари нималардан иборат? Улар сув ҳавзалари атрофида истиқомат қилаётган аҳолининг хавсизлиги масаласини маҳалланинг гарданига юкласа, назорат-текширув тадбирларини ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари вазифаси деб билса, кўзланган мақсадга етиб бўладими? Ё матбуот анжумани ўтказишдан мақсад шунчаки ҳисобот топширишми? Саволлар кўп, бироқ жавоблар бунга арзирмикин?
 
Журналистлар бир неча бор чўкиш билан боғлиқ ҳолатлар ва уларнинг ўлим ҳолати билан тугаганлари, 2014-2015 йиллар аниқланган қоидабузарликларнинг сони ҳақида бир неча  бор саволларга билан мурожаат қилишди. Аммо анжуманга жиддий қарамаган икки ташкилот вакиллари саволларга жавоб беришдан бўйин товлашди. Маълум қилинишича, 2008 йилдан то 2016 йилнинг бугунги ҳолатига кўра, очиқ сув ҳавзаларида чўкиш ҳолати 85 фоизга қисқарган.
 
Бундан буён Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот анжумани ташкил этиб, ОАВ вакилларига юзланишдан аввал саволларга пухта тайёргарлик кўрса, ўз гарданидаги вазифани бошқаларга юкламаса, журналистлар билан сен-менга бормаса, мақсадга мувофиқ бўларди. 
Қамариддин Шайхов

Теглар:Тошкент шаҳар ҳокимияти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Тошкент шаҳар қутқарув хизмати Матбуот анжумани 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар