Ҳамдўстликка аъзо давлат раҳбарлари илк бор Тошкентда йиғилди.
Учрашувда Озарбайжон мудофаа вазири З.Гасанов, Арманистон - Д.Тоноян, Беларусь - А.Равков, Қозоғистон - Н. Ермекбаев, Россия - Ш.Шойгу, Тожикистон - Ш.Мирзо, Қирғизистон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Р.Дуйшенбиев ва МДҲ Мудофаа вазирлар кенгаши котиби Ю.Дашкин иштирок этди.
Делегация раҳбарларини қабул қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти МДҲ Мудофаа вазирлари кенгаши йиғилишининг Тошкентда илк маротаба ўтказилиши мамлакатнинг Ҳамдўстлик фаолиятидаги иштироки янги босқичда эканидан далолат беришини таъкидлади.
Ўтган йил давомида Ўзбекистон МДҲнинг иқтисодиёт, энергетика, илм-фан ва инновация, жиноятчиликка қарши кураш каби соҳаларда 10 дан ортиқ ҳамкорлик органларига қўшилди.
Учрашув давомида МДҲ доирасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, идоралараро ҳамкорлик, икки томонлама ва кўп томонлама тадбирлар, шунингдек ҳарбий кадрларни профессионал тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари, шу жумладан, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш юзасидан фикр алмашилди.
МДҲ мамлакатлари Мудофаа вазирликлари раҳбарлари самимий қабул учун Ўзбекистон Республикаси президентига чуқур миннатдорлик изҳор этиб, ўз давлатлари раҳбарлари номидан энг яхши тилакларни етказишди. Мамлакатда Қуролли кучларни модернизация қилиш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича республиканинг ташаббуслари юқори баҳоланди.
Ўзаро манфаатли масалалар бўйича Мудофаа вазирликлари ўртасида конструктив ва яқин ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлик билдирилди.