Мажлис олдидан Тожикистон Бош вазири Ўзбекистон раҳбари билан учрашув ўтказиши кутилмоқда.
Тожикистон ҳукумати раҳбари Тошкентда бир қатор учрашувлар ўтказиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашиши ҳам режалаштирилган.
Тожикистон Бош вазирининг хизмат сафари ноябрь ойининг илк саналарига мўлжалланган ва Тошкентда ўтказиладиган МДҲ давлатлари Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси доирасида ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 10–11 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида Тошкентда ўтказиладиган МДҲ давлатларининг Ҳукумат раҳбарлари кенгаши ҳақида маълум қилган эди.
“Бизнинг пировард мақсадимиз — Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлигини фаоллаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишдир.
Буларнинг барчаси муносабатларимизда принципиал жиҳатдан янги саҳифа очишига, кенг кўламли ва самарали шерикликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратишига ишонаман.
Бу борадаги биринчи қадам сифатида 3 ноябрь куни Тошкентда илк бор МДҲ давлатлари Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси ўтказилади”.
Шундай қилиб, МДҲ давлатларининг Ҳукумат раҳбарлари 3 ноябрь куни Ўзбекистонда учрашадилар.