Давлат раҳбарлари катта йўқотишга учраган, 25 йиллик Йўлбошчисидан айрилган Ўзбекистон халқини доим қўллаб-қувватлашларини билдирганлар.
Бугун, 7 октябрь куни ЎзАда Мустақил Давлат Ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг Ўзбекистон халқига мурожаати чоп этилди. Мазкур мурожаатда давлат раҳбарлари катта йўқотишга учраган, 25 йиллик Йўлбошчисидан айрилган Ўзбекистон халқини доим қўллаб-қувватлашларини билдирганлар. Унда шундай дейилади:
Биз, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти муносабати билан мустақил Ўзбекистон тарихидаги мураккаб даврда дўст Ўзбекистон халқини қатъий қўллаб-қувватлашимизни билдирамиз.
Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш, халқаро нуфузини ошириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилган кенг кўламли ислоҳотлар буюк давлат арбоби Ислом Каримов номи билан боғлиқдир. У ўзининг бутун ҳаётини халқига садоқат билан хизмат қилишга бағишлади.
Ислом Абдуғаниевич Каримов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг асосчиларидан бўлиб, Ҳамдўстлик давлатларининг халқлари ўртасида иқтисодий алоқалар, дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида жуда кўплаб ишларни амалга оширди. Ўзбекистон раҳбари сифатида Марказий Осиёда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, минтақани хавфсиз ва барқарор ривожланаётган ҳудудга айлантиришга бениҳоя катта ҳисса қўшди.
Ўзбекистон бундан буён ҳам изчил ривожланиши ва Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари билан дўстлик, яқин қўшничилик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ишларини қатъий давом эттиришига ишонч билдирган ҳолда, Ўзбекистон халқининг тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасидаги ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг тарихий мероси Ҳамдўстлик халқларининг аҳил оиласида дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга доимо хизмат қилишига ишонамиз.
2016 йил 16 сентябрь
Бишкек шаҳри