...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мавсумий касалликлар: йўтал ва унинг асоратларини халқ табобати усуллари билан даволаймиз


15:35, 23.10.2017 Саломатлик
 5 121

Йўталнинг кучайиши беморнинг ички ва ташқи аъзоларига хавфли таъсир этади.

Ўзингизга маълум, кимёвий усулда тиббиётга оид дори-дармонлар ишлаб чиқариш XX асрга келибгина юксак тараққиётга эришди. Ундан олдин эса табиблар фақатгина қўлбола усулда тайёрланган малҳамлар билан даволанганлари ҳеч кимга сир эмас.
 
Умуман, она табиатимизда ўсадиган ўт-ўланларнинг ҳар бирида ўз шифобахшлик хусусияти мавжуд. Гап фақат уни тўғри танлай билиш ва амалда синалган усуллар орқали тўғри қўллашда!
 
Мисол учун қайсидир ўсимликнинг барги маълум бир касалликдан даво бўлса, пояси, уруғи ёки илдизи тамомила бошқа хасталикни (ёки турдош касалликни) бартараф этишга кўмак беради.
 
Масалан, ичи кетган кишига оналаримиз анорнинг пўчоғини қайнатиб берадилар. Дармони қочган кишига, юрагига қувват бўлади деб ўрик шарбати ичиришади. Кактус гулларининг айримлари танага кирга ёт жисм туфайли тўпланган маддани (йирингни) сўриб олиш хусусиятига эга.
 
Гельментоз касалликларининг энг кўп тарқалган тури — аскаридозда (1–2 сантиметрлик оқ рангдаги личинка, тўғри ичакнинг сўнгги қисмига чиқиб тухум қўяди ва у кўпинча боғча-мактаб ёшидаги болаларни безовта қилади) оддий ошкадининг хом тухумини чайнаб ейиш маслаҳат берилади.
 
Яхши пишган тарвуз (айниқса лалмикор тарвуз навлари) эса буйрак ва жигар хасталикларидан сўнг уларни “ювиш” учун тавсия этилади. Шунингдек, ора-чорада саримсисоқпиёзни хомлай истеъмол қилиш, булғор қалампирини пиширмасдан ейиш маслаҳат берилади.
 
Яна халқ табобатида минг бир малҳамлар “рецепти” борки, уларнинг хусусиятларини фақат халқ табобати вакиллари яхши билишади.
 
Гап шундаки, буни тиббиёт огоҳлантиради, дейиш ҳам мумкин, халқ табобати усулларини билиб-билмай, ўрнида-ўринсиз қўллайвериш нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин. Негаки уларни тайёрлашнинг ҳам ўзига хос сирлари мавжуд, қайсики кишидан тажриба ва билим талаб этадиган.
 
Бугунги саҳифамиз орқали йўтал ва уни халқ табобати усуллари билан самарали даволаш усулларини ёритишга қарор қилдик.
 
Йўтал
 
Нафас йўли касалликлари, сон жиҳатидан олсак, ўндан ортиқ. Нафас йўли инсонни оғиз бўшлиғидан бошланиб, то ўпка япроғининг пастки учигача бўлган масофани англатади. Шунга кўра, нафас йўлида учрайдиган ҳар бир касалликнинг муайян аниқ бир номи бор.
 
Ташхиз қўйиш учун, яъни нафас йўлида содир бўлган касалликнинг қайси бири эканлигини билиш учун шифокор ёки табиб касални ҳар томонлама синчиклаб ўрганади, бемордан баъзи бир нарсаларни сўрайди, аниқлайди, ташхиз қўяди, сўнг даволашга киришади.
 

Кўпинча куз-қиш мавсумида нафас йўлларида йўталиш пайдо бўлиши кузатилади. Бу ҳақда айрим мавсумий касалликлар (грипп, парагрипп, аденовируслар ва риновируслар) ҳақида маълумотлар берганда ҳам айтиб ўтган эдик.

 

Йўтал хуружли, хуружсиз, буғиқ ёки товушли (калта, узун ёки сурункали), балғамсиз, шунингдек, балғамли (қора, оқ, сариқ, суюқ, қонли, қонсиз, йирингли, йирингсиз, ёпишқоқ ёки юмаловчи) каби кўринишларга эга бўлади.
 
Шунинг учун кўпинча бемордаги “йўтал нуқсони”га қараб даволовчи шифокорлар дарднинг номини ва даволаш усулини аниқлайди.
 
Йўталнинг кучайиши беморнинг ички ва ташқи аъзоларига хавфли таъсир этади. Қаттиқ сурункали йўтал дабба (чурра) чиқишига сабаб бўлади, бавосир касалини уйғотади ёки қўзғатади, ошқозонни касал қилади, томоқда буқоқни пайдо қилади, катта ва кичик таҳорат тартибини бузади, иситма пайдо қилади, кўзни ёшлантиради, беморни куч-қувватдан қолдиради, тинкасини қуритади, бошини оғритади, иштаҳасини йўқотади, юрак фаолиятини бузади, қон юришини тезлаштиради ва ҳоқазо.
 
Шунинг учун, авваламбор, йўтални тўхтатиш керак! Биз шамоллаш билан боғлиқ қаттиқ йўтални тугатиш усуллари ҳақида сўз юритамиз...
 
Даставвал, йўталга чалинган инсон балғамни иложи борича чиқариб ташлашга интилиши керак. Кечаси ётганда унинг ёнида ярми сув билан тўлатилган идиш бўлиб, бемор балғамни ўша идишга бўшатиши лозим. Бемор ётган хона ҳарорати 20–25 даража иссиқ бўлиб, ҳавоси тоза бўлиши шарт.
 
Айрим тавсиялар:
 
  • Айрим иссиқ овқатлар йўтални кучайтиради. Шу туфайли қовурилган, ёғли таомлар, қази, кабоб, сут, шўр ва аччиқ таомлар (вақтинча) мумкин эмас;
 
  • Дўкондаги “узоқ муддатга қадоқланган” ширинликлар, қандолатчилик маҳсулотлари, кофе, какао, музқаймоқ мумкин эмас;
 
  • Чекувчи беморлар дарҳол чекишни ташлашлари лозим;
 
  • Асал мумкин (томоқ оғриғи, хусусан ларингит бўлмаса);
 
  • Барча мевалар (ёнғоқдан ташқари) мумкин;
 
  • Барча сабзавотлар мумкин;
 
  • Мош мумкин эмас;
 
  • Асосан суюқ овқатлар, айниқса, суюқ хамир овқатлари ичиш тавсия этилади;
 
  • Фақат суви қочган нон, қаттиқ нон, талқон мумкин;
 
  • Кунора ловия, нўхот истеъмол қилиш фойдали;
 
  • Ёз фасли бўлса баданни ялонғочлаб, офтобга чиқиб ётиш зарур (тик қуёш нурида 20–25 минутдан ошмаслиги лозим). Жавзо ойида кунига тўрт марта, ҳар чиққанда бир соат ётиш. Чиқишдан олдин қатиқ ичиб олиш, дам олганда қайнатилган ўрик сувидан иссиқ-иссиқ, тўйгунча ичиш лозим. Офтобда ётганда тўшаксиз, силлик тахтада, фанерада ётиш мақсадга мувофиқ. Ёзда офтобга чиқиш орасидаги дам олиш 2 соат бўлиши ва терини куйдириб қўйишгача олиб бормаслик лозим. Куз ойларида бундай хавф йўқроқ;
 
  • Куз, қиш фасли бўлса, бир неча марта исириқ сувига тушиш керак. Бунинг учун бир боғ исириқни майдалаб, бир челак сувга солиб, 15–20 минут қайнатинг. Сўнг докада сузиб, ваннага қуйилади ва шу тариқа етарлича исириқ суви тўпланади. Кейин ушбу сувга тушиб “ванна” қабул қилинади. Сув совигач, бошқа сувда чайинмай қуриниб кийиниш зарур;
 
  • Фаслнинг қандай бўлишидан қатъий назар ҳафтада бир марта ҳаммомга кириб узоқ терлаш керак;
 
  • Кўкракка ва кўкракларга ерқалампири томиридан (хрен) бозиллама қилиш. Бунинг учун ярим қадоқ ерқалампир томирини пиёзни тўғрагандай тўғраб, битта-битта солиб, қийма чиқаргандай чиқариб, латта халтачага солинади. Халтача ёстиқча шаклига келтирилиб, аввал чап кўкракка, сўнг ўнг кўкракка қўйилади. Бемор ерқалампир куйдираётганини айтганда уларнинг жойи секин алмаштирилади. Малҳамнинг кучи икки соат таъсир этади;
 
  • Ҳар куни икки бурда суви қочган нонни асалга ботириб истеъмол қилиш лозим;
 
  • Қон босими касаллиги йўқ кишилар ҳар куни наъматакдан чой дамлаб ичсинлар;
 
  • Ҳар куни оёқ тагига асалдан бозиллама қилиш. Бунинг учун оёқ изи шаклидаги целлофан халтачага асал суркаб товонга ёпиштирилади ва пайпоқ кийиб уйқуга ётилади;
 
  • Ҳар куни овқат билан бир боғ кўк саримсоқпиёз истеъмол қилсинлар;
 
  • Беморнинг қувватига қараб ҳар куни бадантарбия ёки жисмоний меҳнат қилиниши лозим.
 
Азиз мухлислар, юқоридаги тавсиялар “Ўзбек халқ табобатидан” рисоласидан фойдаланилган ҳолда тақдим этилди.
 
Агар бирорта сизга нотаниш, аниқроғи ўз тажрибангизда синаб кўрмаган амалиётни бажармоқчи бўлсангиз, аввал даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг!
 
Саломат бўлинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Куз-қиш мавсуми Тавсиялар Йўтал 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!