Кеча Мавлуда Асалхўжаева ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига уни пародия қилиб юрган йигитнинг суратини жойлаштириб, ўз иддаоларини ёзиб қолдирди.
Кеча Мавлуда Асалхўжаева ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига уни пародия қилиб юрган йигитнинг суратини жойлаштириб, ўз иддаоларини ёзиб қолдирди:
“Бу ким? Бунинг қаери менга ўхшайди. Эркак кишига аёлларнинг либосини кийиб, пардоз қилиб юриш тўғри келадими? Бу йигит тўйларда менинг қўшиқларимга оғиз қимирлатиб, ўзича Мавлуда Асалхўжаеванинг шогирдиман деб юрганидан кейин устидан арз қилдим, мен бунга рухсат бермаганимни айтдим. Ўша куниёқ уйимга келиб, кечирим сўради. Болам бор, олиб қўйган тўйларим бор, устимдан шикоят қилманг, деб ялинди. Ўшанда мени пародия қилишига рухсат бермадим. Аммо бу йигит гапларимдан тўғри хулоса қилгани йўқ. Ҳалигача биз қилган меҳнатнинг ортидан пул топиб юрибди. Гап пулда эмас, гап мени пародия қилаётганида кетяпти. Қанча мухлисларимиз ундан норози. Ўзингиз айтинг, мен унга ўхшаб ўйнайманми, унга ўхшаб бежалиб пардоз қиламанми? Унинг қилаётган иши мусулмончиликка ҳам тўғри келмайди. Ҳар куни одамлар нега шунга рухсат бериб қўйгансиз, деган гапларни айтишади. Такрор айтаман, бу йигитнинг мени пародия қилишига умуман рухсат бермаганман. Яна Мавлуда Асалхўжаева бу боладан ҳар ой 800 доллар пул олади, шунинг учун ҳеч нарса демайди, деган гапларни ҳам тарқатишибди. Менга бу йигитдан ҳеч нарса керакмас”.
Мавлуда Асалхўжаева ўз қарашларини баён этаркан, бир неча минг доллар сарфлаб ёзаётган қўшиқларини кимдир шунчаки куйлаб юришига жим қараб тура олмаслигини, бу унинг обрўсига жиддий таъсир ўтказишини ёзади:
“Нима учун биз фалон минг доллар пул сарфлаб ёзган қўшиқларимиз, клипларимиз орқасидан тўйга кириб, ликкиллаб осон пул топиши керак? Ахир меҳнатни ким қиляпти? На санъат соҳасида дипломи ва на “Ўзбекнаво”дан лицензияси бор унинг. Ахир, қачонгача индамай юришим мумкин. ”Ўзбекнаво”дагиларга ҳам бу ҳақда айтгандим, чақиришди, лекин бу йигит ўзгармади. Мен билан яқин қўшиқчиларга бориб дардини дастурхон қилибди. Ўртага уларни қўйишга ҳам уринди. Уйимга келганида йўқ деб айтгандим. Ўшанда суратга тушиб, устозим деб расмни ҳаммага тарқатибди. Менинг бунақа шогирдим йўқ. У қилаётган ишидан уялмаса аёл киши бўлиб мен уяляпман”.
Мазкур масала юзасидан биз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаева билан боғландик.
“Instagram’даги саҳифамга сизлар ўқиган гапларни жойлаштирганимдан кейин қанча мухлисларим менинг сўзларимни маъқуллаб, бу ишни аввалроқ қилишим кераклигини айтишди. Албатта, унинг ёнини олган, мени қоралаганлар ҳам топилди. Суриштирсам, ўша оқловчилардан бири унинг турмуш ўртоғи, қолгани ўзининг маъмури ва бошқа танишлари экан.
Шунча вақт ўзига келиб қолар, одамларнинг гапи ҳам таъсир қилар деб индамай, кўз юмиб келгандим. Пичоқ бориб суякка тақалди. Энг қизиғи шундаки, у атрофимдаги санъаткорларнинг ҳаммаси билан дўст бўлиб олган. Фақат мендан қочиб юради. Мени пародия қилаётган одам аввало ўзимдан рухсат олиши керакмасмиди. Тўғриси, бундай машмашаларга унча ҳушим йўқ. Шунинг учун индамай юргандим. Энди ҳаммасини “Ўзбекконцерт”га қўйиб бераман”, дейди хонанда.
Кўрамиз, бу воқеаларнинг охири нима билан тугаркин? “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси мазкур масала бўйича қандай чора кўраркин.