Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулованинг ёш хонандаларга қаратилган танқидлари ҳақида Асалхўжаеванинг фикри қандай?
Мавлуда Асалхўжаевага кўплаб саволлар ёш хонандаларнинг бачкана ва тутуруқсиз қўшиқлари ҳақида бўлди. Савол йўлловчилардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулованинг ёш хонандаларга қаратилган танқидлари ҳақида Асалхўжаеванинг фикри билан қизиқди.
“Гулбаҳор гапирмаса, ким гапиради... Гулбаҳор Эрқулова ўзбек санъатида ўз ўрнига, мавқеига эга, профессионал хонанда. У жуда катта мактаб кўрган ва бугун устозлардан қолган ўша мактабни муносиб давом эттириб келяпти.
Унинг ёшларни танқид қилишига келсак, гапларида жон бор. Мен ҳам Гулбаҳорнинг танқидларига қўшиламан. Фақат кимдир буни оммавий равишда айтади, кимдир эса индамай кетаверади. Тўғри-да, биз ёш бўлган пайтларимиз устозларимиздан, биздан аввал санъатга кириб келган санъаткорлардан қўрқиб турардик, маслаҳатларига қулоқ солардик, танқидларидан тўғри хулоса чиқарардик. Бугун бундайлар бармоқ билан санарли.
Яхши овозли қўшиқчилар кўп, аммо яшаб қолаётган қўшиғи йўқ. Кўпларининг овозида дарди сезилмайди, қўшиққа юрагини бермайди. Гулбаҳор ҳам танқидларида шуларни назарда тутганига аминман. Ҳар ҳолда биз катталар ёшларни ёмон кўриб танқид қилмаймиз”, дейди Мавлуда Асалхўжаева.
Аввалроқ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулованинг Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаевга қаратилган танқидлари катта шов-шувларга сабаб ўлган эди.