МБ валюта айирбошлаш шохобчаларига аҳолидан валюта сотиб олиш учун махсус низом асосида нақд пул беради.
Қарор билан жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасини сотиб олиши учун Марказий банк томонидан мадад пуллари бериш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчалари орқали нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун тижорат банклари филиалларини етарли миқдорда нақд сўм билан таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари — тижорат банклари филиалларига мадад пуллари беради.
Мадад пуллари Марказий банкнинг ҲББ (ҳисоб-китоб-касса) маркази айланма кассасидаги нақд пуллар ҳисобидан берилади.
Мазкур мадад пуллари — тижорат банки филиалларининг валюта айирбошлаш шохобчалари орқали жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун ишлатилади.
Банк кассаларидаги маблағ нақд чет эл валютасини харид қилиш учун етарли бўлмаган ҳолларда, нақд чет эл валютасини харид қилиш учун талаб этиладиган сумма — мадад пули сўраш орқали, яъни Марказий банкнинг ҲББларига йўриқнома асосида буюртма қилиниш орқали амалга оиширилади.
Банк томонидан сўралган мадад пуллари Марказий банкнинг ҲББ фармойишига асосан ҲККМ айланма кассасидаги нақд пуллар ҳисобидан, инкассация хизмати орқали берилади.
Маълумот учун, 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг “Тижорат банкларига жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасини сотиб олиши учун “Марказий банк томонидан мадад пуллари бериш тартиби тўғрисидаги низом”ни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган эди.