...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбек халқининг тарихига оид 5 та лавҳа: учинчи лавҳа


12:43, 29.08.2017 Бу қизиқ
 3 745

Илк тарихимизнинг тамал тошлари — илк бор аждодларимиз томонидан Селунғур ғорида қўйилган. Унинг ёши 1 млн 200 минг йил билан белгиланади.

3-лавҳа. Ўзбекистон ҳудудидан топилган тарихий-маданий ёдгорликлар
 
Илк палеолит даври маданий ёдгорликлари — Тошкент вилоятидан 1963 йилида топилган Кўлбулоқ ҳамда Фарғона водийсидан 1985 йилда топилган Селунғур манзилгоҳларидир.
 
Ўзбекистондаги энг қадимги меҳнат қуроллар — бир томони ўткирлаштирилган қўпол дарё тош қуроллари айнан шу ерлардан топилган. Бундай усулда ясалган тош қуролларни олимлар «чопперлар» деб аташади.
 
Кўлбулоқ маданий ёдгорлиги МДҲ миқёсида энг қадимги маданий ёдгорлик ҳисобланса, Селунғур маданий ёдгорлиги ибтидоий одамнинг суяк қолдиқлари топилиши билан машҳур.
 
Илк тарихимизнинг тамал тошлари — илк бор аждодларимиз томонидан Селунғур ғорида қўйилган. Унинг ёши 1 млн 200 минг йил билан белгиланади. Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳудудида яшаган қадимги халқларнинг тарихи Селунғур ғорида пайдо бўлган архантроплардан бошланади.
 
Бу нарса Ўрта Осиё халқларининг аждодлари илк бор Фарғона водийсида пайдо бўлган, деган тахминга асос бўлади.
 
Ўзбекистонда қадимги деҳқончилик манзилгоҳлари Зарафшон, Сурхондарё ва Хоразм ҳудудларидан топиб ўрганилган. Сўнгги палеолит даври одами манзилгоҳлари Ўзбекистонда Самарқанд шаҳри ҳудудидан, Тошкент вилояти Оҳангарон дарёси бўйидаги Кўлбулоқ манзилгоҳининг юқори маданий қатламларидан, шунингдек, Фарғона водийсидан топилган.
 
Бугунги кунда мезолит даврига оид юздан зиёд манзилгоҳлар очилган. Фарғона водийсининг тоғолди ва тоғли туманларида, Тошкент воҳасида ҳамда Ўзбекистон жанубида бундай манзилгоҳлар кўплаб учрайди.
 
Обишир, Қўшилиш ва Мачай манзилгоҳлари, шунингдек, Зараутсой дарасидаги қоятош расмлари анча муфассал ўрганилган.
 
Келинг, уларнинг айримлари билан танишамиз:
 
  • Замон­бобо — Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Замонбобо кўли бўйларида мил. авв. иккинчи мингйилликда яшаган чорвадорлар ва деҳқонларнинг қадимий манзилгоҳидир.
 
  • Сополлитепа — Сурхондарё вилояти, Шеробод шаҳри яқинидан археологлар томонидан топилган қадимги зироатчилар манзилгоҳларидан бирининг номи. Ушбу манзилгоҳ мил. авв. иккинчи мингйилликка оид бўлиб, бу ердан пахса иморат, сопол буюмлар, бронзадан ясалган меҳнат қуроллари ва зеб-зийнатлар ясаладиган устахона қолдиқлари, шунингдек, йирик-йирик хумларда сақланган буғдой ва арпа донлари топилган.
 
  • Жарқўтон — бундан 3.5 минг йил муқаддам Сурхон воҳасидаги ҳозирги Шерободдан унча узоқ бўлмаган жойда вужудга келган манзилгоҳ. Жарқўтон манзилгоҳида шаҳарнинг илк аломатлари кўзга ташланади. Ушбу қўрғон икки қисмга ажратилган эди: қаср (ҳукмдор қароргоҳи) ҳамда жамоа аъзолари, ҳунармандлар ва савдогарларнинг аркни қуршаб турган уйлари. Қаср ичида ибодатхона бўлган.
 
  • Зараутсой — 1912 йилда археолог И. Фёдоров томонидан Сурхондарёнинг Зараутсой номли жойида қадимги қоятош суратлари топилган манзилгоҳ. У ердаги ҳозирда дунёга машҳур расмлар тош даврига мансуб. Қоятош суратларида ёввойи ҳўкиз ва ов манзараси тасвирланган.
 
  • Соймолитош — Фарғона водийсидаги топилган яна бир манзилгоҳнинг номи. Соймолитош манзилгоҳида ҳам Ўзбекистон ҳудудида яшаган ибтидоий одамларнинг содда тасвирий санъат намуналари мавжуд. Ушбу қоятош суратлари аждодларимизнинг атроф-муҳитни билиш ёки дунёни англашга интилиши юқори бўлганидан далолат беради. Улар бундай суратларни бўлажак овга ёрдам беришига ишонганликлари сабабли чизишган, деган тахминлар ҳам мавжуд. 
Улуғ БЕК 

Теглар:Илк палеолит\ Маданий ёдгорликлар Замон¬бобо Сополлитепа Жарқўтон Зараутсой Соймолитош Обишир Кўлбулоқ Мачай Ўзбек халқининг тарихига оид 5 та лавҳа 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!