...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбек халқининг тарихига оид 5 та лавҳа: иккинчи лавҳа


21:02, 28.08.2017 Бу қизиқ
 4 700

Ўрта Осиё халқларининг энг қадимги ёзуви — бу мил. авв. V–IV асрларга тегишли хумнинг сиртида тасвирланган қадимги хоразм тилидаги қисқа ёзувдир.

2-лавҳа. Ўзбек халқининг қадимги ёзувлари ва маҳаллий халқ ҳақидаги илк ёзма манбалар
 
Халқимиз ва давлатчилигимизга оид илк ёзма манбалар — зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто”, Беҳистун ёзувлари ва қадимги дунё (юнон-рим) тарихчиларининг асарларида ўлкамизда яшаган қадимги халқларнинг номлари, алоҳида жойлар, тоғлар, дарёлар ва кўлларнинг, афсонавий қаҳрамонлар ва подшоларнинг исмлари, юртимиз халқларининг турмуши, дини, маданияти, иқтисодий ва сиёсий тузуми тўғрисида маълумотлар берилади.
 
Ўзбекистонда тилларнинг ривожланиши бир неча минг йиллар билан боғланади. Ёзма манбаларга кўра юртимиздаги энг қадимги маҳаллий тиллар: туркий, форс, араб ва эски ўзбек тиллари ривож топган. Улар иш юритиш ва маъмурий, адабий ва халқаро, маҳаллий қишлоқ ва шаҳар тиллари вазифасини бажарган.
 
Ўрта Осиё халқларининг энг қадимий ёзма маданияти тарихининг ёши 2300–2700 йиллар атрофида. Мил. авв. биринчи мингйиллик ўрталари оромий ёзуви кенг тарқалган эди. Ана шу ёзув заминида кейинчалик хоразм, бахтар, суғд, парфиён ёзувлари шаклланди. Ўрта Осиёга Македониялик Александр қўшини билан  юнон ёзуви ҳам кириб келди.
 
Ўрта Осиё халқларининг энг қадимги ёзуви — бу мил. авв. V–IV асрларга тегишли хумнинг сиртида тасвирланган қадимги хоразм тилидаги қисқа ёзувдир. У Ойбуйирқалъа шаҳар харобасидан топилган. Ўша ердан топилган мил. авв. IV–III асрларга оид яна бир ёзувда “аспарак”, яъни “отлиқ”, “чавандоз” сўзи бор.
 
Қадимги Хоразм ёзуви — оромий алифбосига асосланган. Кейинчалик оромий ва қадимги юнон алифбосига асосланган бақтрия ёзуви ривожланган. Милодий I–IV асрлардан бошлаб суғд ёзувлари кенг тарқалган.
 
Сак тилидаги энг қадимги манба Олмаота атрофидаги Иссиқ қўрғондан топилган кумуш идишдаги ёзувдир. У мил. авв. V асрга тегишлидир.
 
Навбат ёзма манбаларга. Уларда қадимдан Ўзбекистон ва унинг атрофидаги ҳудудларда яшаган халқлар ҳақида битиклар бор…
 
  • “Авесто”да қайд этилган қадимги халқларнинг дастлабки ватани — Сирдарё ва Амударё этаклари ҳамда Зарафшон водийси бўлган.
 
  • Беҳистун ёзувлари — Эрондаги Кирмоншоҳ шаҳри яқинидаги Беҳистун қояларида жойлашган бўлиб, у форс шоҳи Дор I буйруғига кўра уч тилда: қадимги форс, элам ва бобил тилларида ёзилган ғалаба ёдгорлигидир. Унда мил. авв. 523–522 йиллари аҳамонийлар салтанатини ларзага келтирган Гаумата, Фрада, Скунха бошлиқ халқ ҳаракатлари ҳамда Доро I забт этган Қадимги Хоразм, Суғдиёна, Бақтрия ва сак қабилалари ҳақида ёзилган.
 
  • Юнон тарихчиси Арриан Флавийнинг (мил. II аср) “Искандарнинг ҳарбий юришлари” асарида Македониялик Александрнинг Ўрта осиё халқлари устига қилган истилочилик юришлари тарихи батафсил баён қилинган.
 
 
  • Мил. авв. V асрда қадимги юнон тарихчиси Геродот турли мамлакатларга саёҳат қилиб, 9 та китобдан иборат “Тарих” асарини ёзди. Бу асарда Геродот Ўрта Осиёнинг қадимги халқлари, уларнинг турмуши, урф-одатлари ҳамда қўшни мамлакатлар ҳақида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган.
 
  • Мил. авв. II аср охири–I аср бошларида қадимги Хитой тарихчиси Сим Цзянгнинг “Тарихий йилномалар” номли асарида Ўзбекистоннинг қадимги аҳолиси ва давлатлари тўғрисида маълумотлар бор.
 
  • Юнон тарихчиси ва географи Страбон (мил. авв. I аср охирлари) “География” номли асарида кўплаб мамлакатлар, жумладан осиё халқлари маданияти ва тарихий воқеалари ҳақида маълумотлар келтиради.
 
  • Рим тарихчиси Квинт Курсий Руф ўзининг “Буюк Александр тарихи” номли асарида (мил. I аср) Македониялик Александрнинг Ўрта Осиёга ҳарбий юришлари ҳақидаги маълумотларни ёзиб қолдирган.
Улуғ БЕК 

Теглар:Ойбуйирқалъа шаҳар харобаси “Авесто” Беҳистун ёзувлари илк ёзма манбалар Арриан Флавий Страбон Квинт Курсий Руф Сим Цзянг Македониялик Александр Ўзбек халқининг тарихига оид 5 та лавҳа 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!