...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мақом куйлаш эстрадачиларга қолдими?


18:26, 08.12.2015 Шоу-бизнес
 3 588

Мақомчиларнинг концертида Ўзбекистон халқ артистлари Зулайҳо Бойхонова ва Гулсанам Мамазоитова иштирок этади. Мақом ансамблининг концертида эстрада “юлдуз”лари иштирок этиши тўғрими?

Жорий йилнинг 14 декабрь куни соат 19:00 да “Истиқлол” санъат саройида Ёшлар маданият ва санъат маркази ташаббуси билан “Кексалар эъзозда” номли мақом ансамбли концерт дастури бўлиб ўтади.

Илк бор ўтказилаётган мазкур гала концерт ҳақидаги хабарни эшитганимиздаёқ, ниҳоят мақомга алоҳида эътибор қаратилиб, катта гала концертлар уюштириш ҳам йўлга қўйилибди деган ўй хаёлимиздан ўтган эди. Концерт афишасида эса Ўзбекистон халқ артистлари Зулайҳо Байхонова ва Гулсанам Мамазоитованинг савлат тўкиб турганини кўриб ҳайрон бўлдик. Мақомчиларнинг концертида эстрада “юлдуз”лари нима қиляпти? Зулайҳо Бойхонова қачондан мақом хонандаси бўлиб қолди? Унинг бир вақтлар мақом ансамблида ишлаб, кўпга бормагани, яна театрга қайтганини эшитгандик. Гулсанам Мамазоитова эса 1999 йилда Юнус Ражабий номидаги Республика мақомчилар кўрик танловида иккинчи ўринни қўлга киритганини айтмаса, халқ олқишини ҳам, эътиборини ҳам миллий эстрададан топганди-ку. Тўғри, бундан бир неча йил олдин “Марди майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивалида Ўзбекистон халқ ҳофизи Маҳмуджон Тожибоевдан ўрганган мақомларидан бирини куйлаб чиқди. Унинг мақом қўшиқларини куйлай олиши ва овоз имкониятларига эътирозимиз йўқ. Лекин мақомнинг чинакам усталари қолиб, эстрадачилар концертда чиқиши тўғрими?

Ўзбек мақом санъати ҳақида гап кетганда, Юнус Ражабий, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Саодат Қобулова, Фаттоҳхон Мамадалиев, Берта Давидова, Ҳабиба Охунова каби устоз санъаткорларнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этиб ўтиш жоиз. Бугун улар йўлини муносиб равишда давом эттириб келаётган, ўзбек мақом санъатини дунёга ёйган ижодкорлар ҳам талайгина. Ўзбекистон халқ ҳофизлари Маҳмуджон Тожибоев, Сойибжон Ниёзов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Эрқулова, Насиба Саттороваларни айни шу рўйҳатга киритиш мумкин. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева, “Ниҳол” мукофоти совриндори Гулзода Худойназаровалар эса уларнинг йўлини давом эттириб келаётган, ҳатто халқаро танловларда ҳам ўзини кўрсата олган ижодкорлардан. Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиеванинг санъатига эса алоҳида таъриф ва тасниф шарт эмасдек. У бугун ўзининг йўлига, мактабига эга, дунё халқарига ҳам мақомдан “дарс” берган ҳофиза.

Бироқ юқорида номлари санаб ўтилган санъаткорларнинг ҳеч бири 15 декабрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилаётган концертга киритилмагани ажабланарли ҳол. Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов эса Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблининг бадиий раҳбари бўла туриб, наҳот тажрибали, халқ эъзозидаги, мақом қўшиқларимизнинг моҳир ижрочиларини бу концерт дастурига кирита олмаган бўлса? Шундай экан илк бор мақом гала концерти деб жар солишдан, хўжакўрсинга мақом концерти ташкил этишдан не наф?

Ўйлаймизки, юқоридаги фикрларимиздан концерт ташкилотчилари тўғри хулоса чиқаришади. Ўзбекистон халқ артистлари Зулайҳо Бойхонова ва Гулсанам Мамазоитовага эса ҳеч қандай адоватимиз йўқ. Аксинча, бу ҳолатда уларни айбдор санашимиз ноўрин. Концерт ташкилотчилари Мамазоитова ва Бойхоновани дастурга киритишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўришса, концертга томошабин йиғиш, чиптани зўрма-зўраки ўтказиш учун учун таниқли чеҳралардан фойдаланиш каби арзон рекламалар аллақачон ўзини оқламай қўйганини тушунишса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Агар бу концертни ҳар йили ўтказиш анъанага айланса, миллий мумтоз мусиқамизни асраб-авайлаш, уни ёш авлодга бус-бутунлигича етказиш йўлидаги сайъ-ҳаракатлар яна бир бор ўз тасдиғини топарди. Ва албатта бу йилдаги баъзи камчиликлар, келаси йилда такрорланмаслигига, мақом концертига мақомнинг ҳақиқий усталари жалб этилишига умид қилиб қоламиз.
Қамариддин Шайхов

Теглар:Мақом эстрада 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Сардорали
15:03 10.12.2015

Хурматли Қамариддин жаноблари биз ўзбеклигимиздан хар доий фархланиб ва ғурурланиб келганмиз. Азал азалдан ўзбек хонодонига мехдорчилик борди келди маросимларини йўлга қўйишган. Инчинун бирор бир йиғин маросим ёки тўй тантанада мехмоннга чақирилади. Юқоридаги мақолангизнинг айрим жумларида "" ичидаги фикрларингиз умуман қарама қаршилигини кўришимиз мумкин. Бойхонова Мамазоитова хам мехмон сифатида чақирилган бўлиши мумкин Консерт ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб қоламиз Ушбу дурдона санъат асарларини келажак авлодга етказишда. асосий восита вазифасини бажармоқда. Мархамат қилиб Қамариддин жаноблари инсонни камчилигинимас кўпроғ ютиғини оммага тарғиб қилиш мақсадга муофиқ.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!