Устоз эса оила шахсий масала, ҳар бир одамнинг ўз сири, дердилар. Ҳеч бир концертларида оиласи ҳақида гапирмаганлар.
Гарчи бугун орамизда бўлмаса-да, у танти ўзбек халқининг кундалик ҳаётидаги воқеаларни юморга айлантириб, кулги орқали етказиб бера олган сўз устаси бўлган. Шунинг учун инсонлар қалбида мангу яшайди. Бугун истеъдодли сўз устаси Аваз Охун устоз Ҳожибой Тожибоевни хотирлаб, у билан боғлиқ хотираларини биз билан ўртоқлашди.
“Аввало устозларни хотирлар эканмиз, уларнинг руҳлари шод бўлишини тилаб дуо қиламиз. Биз ҳаётда кўриш ва ҳамсуҳбат бўлиш бахтига эришган устозлар орасида Ҳожибой Тожибоев ҳам бор. Менга у киши билан кўришиш 2003 йил насиб қилган. Айнан шу йили “Ҳар қадамда ҳангома” номли концерт дастурини мухлисларига ҳавола этган эди.
Ўшанда 1-босқич талабаси эдим. Курсдошларим билан концерт кўриш учун орқа эшикдан кирдик. Концерт жудаям зўр бўлди, ҳавасимиз келиб, томоша қилдик. Концерт тугагач, саҳна ортида устоз Маъмуржон Умаров бизни Ҳожибой Тожибоев билан таништирди. Ҳожибой ака бу йигитлар қўлидан нима келади, деб сўраганда, биримиз қўшиқ, биримиз шеър айтдик. Мен эса Наби Раҳимов, Сойиб Хўжаев овозларидан пародия қилиб берганман. Шунда устоз бу болада нимадир бор, эртага тайёрланиб келсин, саҳнага чиқарамиз, деган эди.
Мен кечаси билан ухлолмаганман. Эртасига саҳнага чиқдим, натижа зўр бўлди ва мен тезда машҳурликка эришдим. Юқори курс талабалари ҳатто мени ушлаб кўрмоқчи бўлган. Биринчи курснинг ярмини тугатмаган талабага ишониб, саҳнага чиқариш бу катта жасорат. Ҳамма ҳам бундай таваккалга қўл ўрмайди. У кишида келажакни кўра билиш қобилияти ҳам бор эди.
2004 йилги концертида кимдир муқовасига карикатура расми туширилган газета ташлаб кетибди. Расмда бир тарози тасвирланган бўлиб, тарозиниг бир палласида Ҳожибой аканинг расми бир палласида барча қизиқчиларнинг расми бор эди. Ҳожибой ака томон босиб турибди. Буни кўрган устоз жуда қаттиқ хафа бўлган. Ким бу карикатурани чиқарди, нима ҳаққи бор деб ғазабланган. Бу ҳамкасбларимни менга қарши қилиб қўяди-ку, улар нима деб ўйлашади, деб гапирган. Шунда мен яна бир бор ундаги ҳеч кимда йўқ, ажойиб хислатларга тасанно айтганман.
Ҳақиқатан ҳам, у кишида мақтанчоқлик, манманлик, кибр туйғулари йўқ эди. Ҳақиқий ижодкор ана шундай беғараз бўлиши керак. Яна бир жиҳати бор эдики, ҳозиргилар саҳнага чиқиши билан оиласини кўз-кўз қилишга, улар билан расмга тушиб, турли ижтимоий тармоқларга жойлаштиради. Устоз эса оила шахсий масала, ҳар бир одамнинг ўз сири, дердилар. Ҳеч бир концертларида оиласи ҳақида гапирмаганлар.
Ҳожибой аканинг шогирдлари жудаям кўп бўлган, улар қайсидир бир интервьюсида ҳали мени қониқтирадиган шогирд кўрмадим, деганлар. Бу балки ижодининг йўналиши қийинлигидандир. Чунки гуруҳ бўлиб кулдириш бошқа, 2-2,5 соат саҳнада туриб, битта ўзи одамларни кулдириш жудаям қийин. Агар ҳаёт бўлганларида балки мени шогирди сифатида тан олармиди...
2008 йил 3-босқичда ўқиётган пайтимда, Ҳожибой аканинг йўналишида “Талабалик – олтин даврим” деган кичкина 1,5 соатлик концерт қўйганман. Афсуски, шифохонада бўлгани учун бу концертимга келолмаган”.