Ўқув йили давомидаги таътил муддатларига ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, 6 ёшли болаларни мактабга қабул қилиш масаласига ойдинлик киритилган. Бундай ҳолларда 6 ёшли бола психологик-педагогик ташхисдан ижобий натижа билан ўтганидан сўнг, у умумтаълим муассасасига қабул қилиниши мумкин.
2016/2017 ўқув йили тугашига оз фурсат қолди. Айни вақтда мактабларда тўртинчи чорак дарслари ўтказиляпти. Бир муддат аввал айрим маҳаллий ОАВ орқали бу йилги ўқув муддати чўзилиши хабар қилинганди. Халқ таълими вазирлиги мазкур масалага ҳам ойдинлик киритди.
Умумтаълим муассасаларида ўқув йилининг даврийлиги ўзгаришсиз қолади, яъни мактаблардаги ўқув йили 2 сентябрда бошланиб, 25 майга қадар давом этади.
Ўқув йилининг давомийлиги 33 ҳафтадан 34 ҳафтага кўпайтирилди. 1-синфларда эса 30 ҳафтадан 33 ҳафтага кўпаяди. Ҳафтанинг 6 кунида дарслар олиб борилади. Айрим мактабларда педагогик кенгашнинг қарори билан 1-синфлар учун ўқиш давомийлиги 5 кун этиб белгиланиши мумкин.
Шунингдек, ўқув йили давомидаги таътил муддатларига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, кузги таътил 2 кунга қисқариб, 4 ноябрдан 6 календарь куни, қишки таътил куни 3 кунга узайиб, 28 декабрдан бошлаб 14 календарь куни, баҳорги таътил кунлари эса 3 кунга қисқарган ҳолда, 21 мартдан 7 календарь куни қилиб белгиланди. Ёзги таътил вақтлари эса ўзгаришсиз қолган.