Хонанда Тамиланинг лицензияси қайтариб берилди. Лола Йўлдошева эса ҳамон “Ўзбекнаво”дан рад жавобини олмоқда.
24 ноябрь куни “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Махсус рухсатнома (лицензия) берувчи ташкилий бошқарма бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг маълум қилишича, хонанда Тамиланинг лицензияси қайтариб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги 498-сонли қарори ҳамда лицензия битимида назарда тутилган талаблар ва шартларни бузганлиги учун “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан хонанда Тамилага берилган лицензия жорий йилнинг 1 июлида муддатидан аввал тўхтатилган эди. Ўша вақтда ҳам “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Тамиланинг лицензияси нима учун тўхтатилганинига аниқлик киритмаган эди. Буни эса қўл телефонлари орқали хонанданинг беҳаё суратлари тарқалиб кетиши билан боғлаганлар ҳам топилди.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси шу вақтгача қанчадан-қанча янги овозларнинг халққа танилишида ёрдам берган бўлса, оёғи ердан узилиб қолганларни “жазолаш”ни ҳам унутмади. Сўнги йилларда бу такшилотнинг оқилона ва одилона фаолияти кўпгина “юлдуз”ларнинг қайта тарбияланишига ҳам сабаб бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бироқ, танганинг иккинчи томони ҳам бор. Лицензияси муддатидан аввал олиб қўйилган бирор хонандаданинг келажак фаолиятида ўзгариш кузатиляптими ё йўқ? (!) Масаланинг энг оғриқли нуқтаси ҳам айнан шу ерда, бизнингча. Лицензия олиб қўйиляптию, маълум муддат ўтгач яна қайтариляпти. Бу орадаги натижани фақат “Ўзбекнаво” эмас томошабин ёки тингловчи ҳам кўриши керакми? Мисол учун Тамиланинг лицензияси олиб қўйилгандан кейин ижодида нима ўзгарди? Ё бу шунчаки хўжакўрсинга “жазолаш”, бироз кўздан нари қилишнинг янги усулимиди? Шу ўринда муҳтарам президентимизнинг “Юксак маънавият – енглимас куч” асарида келтирилган қуйидаги фикрларга тўхталишни жоиз деб билдик. “Айрим ёш ижрочи ва ижодий гуруҳларнинг жамоатчилик эътиборига тақдим этаётган “асар”лари санъатнинг ҳеч қандай талаб ва мезонларига жавоб бермайди. Нафақат мавзу ва мусиқа, ижро усуллари, балки саҳна ҳаракатларида ҳам очиқдан-очиқ ажнабий “оммавий маданият” кўринишларига тақлид қилиш, “юлдузлик” касалига чалиниш ҳолатлари тез-тез учраб тураётгани чинакам санъат мухлисларини ранжитмасдан қолмайди, албатта.” Хонанда Тамиланинг шу бугунгача шоу-бизнес оламида олиб борган фаолиятига назар ташлар экансан, юқоридаги фикрлар хонанданинг ижодига ҳам тегишли эканини, қўшиқ ва клипларида оммавий маданият ниқоби остидаги иллатларни кўрасан киши.
Дарвоқе, юқорида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг оқилона фаолият юритаётганига алоҳида эътибор қаратган эдик. Бундан бироз аввал “Ниҳол” мукофоти совриндори Лола Йўлдошева ҳам концерт қўйиш важи билан лицензиясини қайтариб беришларини сўраб, “Ўзбекнаво”нинг эшигина қоқиб борганди. Бироқ, хонанда рад жавобини олди. Қизиқ, Лола лицензия битимида назарда тутилган талаблар ва шартларни Тамилага қараганда кўпроқ ва қўполроқ бузган экан-да?
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси эса хонанда Тамиланинг лицензиясини қайтариб, унга яна бир бор ишонч билдирди. Кўрамиз, Тамила ўзига берилган имкониятдан энди тўғри фойдалана олармикин?
Қамариддин Шайхов