Лола Каримова-Тилляева қўл урган навбатдаги лойиҳа ҳам инсон ва бутун ер юзининг келажаги учун ниҳоятда қийматли.
“Дроплет” (“Томчи”) номли эко арт лойиҳамизни эътиборингизга ҳавола этаман. Сув ресурсларини қандай ишлатамиз? Глобал исиш яқин келажакда инсонлар ҳаётига қандай таъсир кўрсатади? Сув ресурслари билан боғлиқ бўлган масалаларга ёндашувни қандай қилиб ўзгартириш мумкин?
Лойиҳамиз бугун инсоният олдида турган долзарб масалаларни намойиш этиш учун бир майдон вазифасини ўтайди.
“Гармонист” брендининг фалсафаси сув, ер, ёғоч, маъдан ва олов каби беш табиат унсурларини ўрганиш, асраш ва ҳимоя қилишга асосланган. “Гармонист” табиатни асраш мақсадида инсоният соғлом ҳаёт кечиришининг асосини ташкил этувчи мазкур беш унсурни сақлашга ва асрашга бағишланган ўн йиллик лойиҳани бошлайди.
Сув ҳаёт манбаидир. Инсон танаси 60 фоиз сувдан иборат бўлиб, ҳаётимизни сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон ҳар бир ички аъзосининг фаолиятида сув муҳим ўрин эгаллайди. Сайёрамиз экосистемасида сув манбаларининг ўрни беқиёсдир.
Рассом Маркус Лютьенс билан ҳамкорликда яратилган мазкур арт-объект томчи кўринишидаги метал конструкциясидан иборат. Инсталляциянинг интерактивлиги шундаки, унда сувнинг товуши, ифори ва тафтини ҳис этиш мумкин. Шунингдек, унда глобал исишнинг таъсири ҳақида маълумот берилади”, деб ёзади Лола Исломовна.
Лола Каримова-Тилляева нафақат таниқли шахс, балки кўплаб хайрия тадбирлари билан тилга тушган жамоатчи ҳам. У қўл урган навбатдаги лойиҳа ҳам инсон ва бутун ер юзининг келажаги учун ниҳоятда қийматли. У бу ҳақда шундай дейди:
“Жамоатчиликни глобал исиш ва иқлим ўзгариши масалаларидан хабардор қилиш мақсадида санъат кучидан фойдаланишга аҳд қилдик. Бинобарин, санъат инсонларга илҳом баҳш этиб, уларни муайян мақсад атрофида бирлаштира олади.
“Дроплет” лойиҳасини тақдим этар эканмиз, сув ресурсларининг етишмовчилиги ва уларни асраш борасидаги дунё ҳамжамиятининг хавотирига шериклигимизни билдирамиз. Лойиҳамиз ҳақида сизни мунтазам равишда хабардор қилиб борамиз”.