Фильмда Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле каби жаҳон киноси юлдузлари суратга тушди. Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров, Ҳошим Арслонов сингари ўзбек киносининг таниқли вакиллари тарихий асарда роль ижро этиш бахтига муяссар бўлишган.
Лола Каримова-Тилляева ҳамда Темур Тилляев томонидан продюсерлик қилинган фильм “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” деб номланган бўлиб, картина таниқли режиссёр ва клипмейкер Баҳодир Йўлдошев томонидан суратга олинди.
Ҳужжатли фильм буюк мутафаккир ҳамда аллома Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.
“Бу улуғ инсон ҳақида фильм яратиш ғояси менда кўп йиллар аввал пайдо бўлган. Таъбир жоиз бўлса, Мирзо Улуғбек шахси мени болалагимдан ўзига мафтун этган. У наинки қомусий билимлар эгаси, етук олим ва сулҳпарвар ҳукмдор, ўз даври учун фавқулодда саналган ҳислатлар соҳиби ҳам эди. Сирасини айтганда, Улуғбек замон ва макон сарҳадларини ошиб ўтган умрбоқий сиймодир”, деб ёзади Лола Каримова-Тилляева.
Жамоатчи Мирзо Улуғбекка таъриф берар экан, уни дунё илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган Галилео Галилей, Коперник, Жоанас Кеплер каби буюк алломалар билан бир қаторда туришини, Самарқанд унинг ҳукмронлиги даврида астрономия соҳасида илғор тадқиқотлар ўтказиладиган халқаро марказга айлангани, Улуғбек бунёд эттирган муаззам расадхонада ўз даврнинг етук олиму фузалолари жам бўлганини эътироф этади.
“Фильм сценарийсини ҳозирлаш асносида кўп ва хўб изланиб, бобокалонимиз ҳаётини таваллуд топган кезларидан бошлаб қайта тиклашга ҳаракат қилдик.
Амир Темурнинг набираси бўлмиш Мирзо Улуғбек бобоси шафелигида ўз даврининг пешқадам олимлардан сабоқ олганини таъкидлашни истардим. Давлатнинг қудрати энг аввало маърифатда, деб билган Соҳибқирон нуридийдаси бўлмиш Улуғбекнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратган. Бу эса унинг одил шоҳ ва етук олим сифатида шаклланишига хизмат қилган”, деб ёзади Каримова-Тилляева.
Лола Каримова фильм режиссёри Баҳодир Юлдошев билан кўп йиллардан бери танишлигини айтаркан, унга фильмни суратга олиш хусусида гап очганида таклифини мамнуният билан қабул қилганини, кўз очиб юмгунча буюк олим ва ҳукмдор яшаган даврга шўнғиб кетганини айтади:
“Ушбу кинокартинани Ўзбекистонда туғилиб ўсган, мавзуни қалбан ҳис эта оладиган ижодкор яратиши керак эди. Назаримда, Баҳодир улуғ алломанинг фожиавий тақдирини маҳорат билан акс эттира олди”.
Маълум қилинишича, фильмда Франция, АҚШ, Россия, Ўзбекистон, Буюк Британия, Дания ва Нидерландиянинг етакчи олим ва мутахассислари Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти хусусидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашади. Кинокартинани яратишда Бодлиан кутубхонаси (Оксфорд университети), Британия музейи, Пристон университети, Гриффит расадхонаси, Франциянинг Observatoire de la Cote d’Azur Côte расадхонаси, Калифорния университети, Даниянинг The David Collection музейи, Оксфорднинг Илм-фан тарихи музейи, Оксфорднинг St. John’s коллежи, музей ва кутубхоналарнинг бисотидан фойдаланилди.
Чет эллик олимларнинг аксари айнан Мирзо Улуғбек сиймоси сабаб мамлакатимизга меҳр қўйганини эътироф этган.
Фильм жанр нуқтаи назаридан ҳужжатли саналса-да, унда бадиий воситалардан ҳам фойдаланилган. Тасвирга олиш жараёнига ўзбекистонлик ва қозоғистонлик каскадёрлар жалб қилиниб, ўша даврга мос тарихий либосларни танлаш ва тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Фильмда Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле каби жаҳон киноси юлдузлари суратга тушди. Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров, Ҳошим Арслонов сингари ўзбек киносининг таниқли вакиллари тарихий асарда роль ижро этиш бахтига муяссар бўлишган.
Лола Каримова-Тилляеванинг хабар қилишича, Голливуднинг “Титаник”, “Оловуддин”, “Геркулес” каби фильмларига мусиқа басталаган машҳур композитори Уолтер Афанасьев картина учун махсус мусиқа ёзган. Саундтрекни эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон ижро этган.
Тез кунларда мазкур фильмнинг премьераси бўлиб ўтиши кутилмоқда.