Лола Каримова-Тилляева бошчилигидаги “Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси юрак нуқсони бор 12 нафар боланинг операция қилинишича бош-қош бўлди.
“Мазкур акция ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган оиладан бўлган турли юрак нуқсонларига эга болаларга кардиожарроҳлик ёрдамини амалга ошириш мақсадида йўлга қўйиб келинмоқда”, деб ёзади Каримова-Тилляева.
Хабарда маълум қилинишча, операцияларни франциялик шифокорлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда Тошкент шаҳридаги В.Воҳидов номидаги Республика жарроҳлик марказида амалга оширганлар. Ҳозирда операция қилинган болалар шифокорлар назорати остидалар.
Жамоатчи Лола Каримова-Тилляеванинг фикрича, “Ушбу хайрия тадбири замонавий болалар кардиожарроҳлиги ва кардиореанимация соҳасида франциялик ва ўзбекистонлик шифокорларнинг малака алмашинувига яхши имконият яратади. Франциялик шифокорлар диагностика, даволаш ва реанимация соҳаларидаги янги усулларни қўллаш борасида ўз билим ва малакалари билан ўртоқлашмоқдалар”.
“Умид ришталари” уюшмаси шифокорлари мазкур хайрия тадбири доирасида Тошкентга бешинчи маротаба ташриф буюришлари. Аввал улар Ўзбекистонга 2015 йилнинг июль ва декабрида ҳамда 2016 йилнинг апрель ва сентябрь ойларида ташриф буюрган эдилар.
Ўтган йилнинг май ва ноябрь ойларида эса ўта оғир юрак нуқсонларига эга бўлган ўзбекистонлик болалар “Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси томонидан Франциянинг Нанте шаҳридаги педиатрия клиникасига юборилиб жарроҳлик амалиётидан ўтиб келган эдилар. Фондимиз ва француз уюшмаси ҳамкорлиги мобайнида жаъми 35 нафар ўзбекистонлик болага мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
“Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармасининг молиявий ёрдами билан 2016 йилнинг март ойида Республика жарроҳлик марказининг шифокорлари неонатал кардиожарроҳлик соҳасидаги билим ва малакаларини ошириш мақсадида Францияга юборилган эдилар.
Лола Каримова-Тилляева ўзи бошчилик қилаётган фонд фаолияти, унинг хайрия ишлари хусусида фикр билдирар экан, қуйидагиларни қўшимча қилади:
“Фондимизнинг “Умид ришталари” уюшмаси ва Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари Ўзбекистонда болалар кардиожарроҳлигини ривожлантиришга ва туғма юрак нуқсонларига эга бўлган кўпгина болажонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшади, деб умид қиламан”.