Ислом Каримов ёш авлод маънавиятида, тинч ва осойишта кунлар учун янграган шукроналикда, болалар кулгиси, кексалар дуосида барҳаёт.
Ислом Каримовнинг кенжа қизи, “Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази раиси, Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тилляева кеча, 2 сентябрь куни отаси қабрини зиёрат қилди. Жамоатчи отасининг қабри устида қад ростлаган мақбаранинг қурилиш жараёни ҳақида ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
“Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти – отамдан айрилганимизга бир йил бўлди...
Отам, васиятларига биноан, она шаҳарлари Самарқандда, улар учун азиз ва қадрли бўлган жойлардан бирида, Самарқанднинг энг қадимий ёдгорликларидан саналмиш Ҳазрат Хизр масжиди ёнида дафн этилдилар. Кеча Самарқандга бориб, отам қабрини зиёрат қилдик. Отам қабрлари устига бунёд этилган мақбаранинг барпо этилиши ҳақида сўзлаб бермоқчиман.
Қадимий Ҳазрат Хизр масжиди ЮНЕСКО ҳимоясида бўлганлиги учун, менинг олдимда, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили сифатида, мақбара барча меъёрларга жавоб берган ҳолда қурилиши зарурлиги вазифаси турди. ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қараргоҳига тақдим этиш учун мақбаранинг лойиҳаси устида бир-неча ой давомида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош бошқармаси билан биргаликда иш олиб бордик. Лойиҳа тасдиқлангандан сўнг, Самарқандда хотира обидасининг қурилиши ишлари бошлаб юборилди.
Мақбарани лойиҳалаш ва қуриш жараёнида янги обида меъморий ечими Ҳазрати Хизр масжидига уйғун бўлишига, шу билан бирга, ЮНЕСКО бутунжаҳон мерос объекти тарихий кўринишини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шарқ меъморчилик анъаналари асосида лойиҳаланиб бунёд этилган мақбарада ҳам ўрта асрлар, ҳам замонавий архитектура усуллари мужассам. Обида тузилишига кўра XIV-XVIII асрларнинг бир бўлмали дахмаларини ёдга солади. Бундай мақбараларни Ўрта Осиёнинг кўплаб шаҳарларида учратиш мумкин.
Баландлиги 7,55 метр бўлган иншоотнинг гумбази Ҳазрати Хизр масжиди каби қиррадор сирли кошинлар билан қопланган.
Мақбара пештоқини безашда эса ранго-ранг бўртма кошиндан фойдаланилган.
Иншоотнинг қуйи қисми тўқ яшил мармар, юқориси эса ўйма сополдан ишланган ироқи услубидаги белбоғ билан зийнатланган.
Мақбарага жануби-шарқий томондан кирилади. Обида эшиги устига Қуръони карим ояти араб тилида, сулс хатида нафис нақшу нигор уйғунлигида битилган. Оятнинг таржимаси бундай: “(Уларга) раҳмли Парвардигорлари томонидан салом (айтилур) (“Ёсин” cураси, 58-оят). Пештоққа эса “Нисо” сурасининг 113-114 оятлари кўрк бағишлаб турибди:
“Агар сизга Оллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида эди, уларнинг бир тоифаси Сизни адаштиришга азму қарор қилган эдилар. Улар ўзларинигина адаштирадилар. Сизга эса бирор зарар етказмайдилар. Оллоҳ Сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаганингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга (нисбатан) фазли буюкдир”.
“Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрилган бўлсалар, бу – яхшидир. Кимда ким Оллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз”.
Икки табақали эшикка Самарқанд ёғоч ўймакор усталари усулида Қусам ибн Аббос мақбарасидаги каби уч сатҳли нақш солинган.
Пештоқлар марказидаги аркаларни ҳандасавий нақшли мармар панжаралар безаб турибди. Ички томондан эса уч қаватли шаффоф ойна ўрнатилган. Бу эса мақбара ичига ёруғликнинг бир маромда тушишини таъминлайди.
Мақбаранинг орқа девори аркасига “Шуаро” сурасининг 109-ояти битилган.
Мақбаранинг ички қисми анъанавий усулда безатилган. Иншоотнинг тўртала томонидаги ярим метрли ўйиқ меъморий шакллар унга айрича кўркамлик бахш этган. Пештоқ аркалари орасидаги мўъжаз қуббаларга кундал услубидаги нақшу нигор ва зар билан жило берилган.
Гумбаз ости айланасига кўрк бағишлаган ироқи услубидаги белбоғ XIV-XVIII аср Самарқанд ва Бухоро меъморчилигида кенг қўлланганини айтиш жоиз.
Иншоот ички қисмини безашда Ҳиндистон, Хитой ва бошқа мамлакатлардан келтирилган турфа рангдаги тошлар қадалган оқ мармар истифода этилган.
Ёруғлик туйнуклари теграси “гулдаста” деб аталган устунчалар билан ўралган.
Деворнинг пастки қисмига оч яшил рангли ақиқ ва гириҳ услубидаги мураккаб қирқма ҳандасавий нақшлар зийнат бериб турибди.
Марказий аркага сулс ва куфий хатида Қуръони Каримнинг “Нажм”, “Анъом”, “Шўро”, “Фотир” сураларидан оятлар битилган бўлиб, улар зар билан қопланган.
Арка туйнукларини безашда эса ислимий услубидаги қирқма нақшлар ва турфа рангдаги қимматли табиий тошлардан фойдаланилган.
Гумбазнинг ички қисми кундал услубидаги нақшу нигор ва зар билан зийнатланган.
Обиданинг ички ва ташқи безагига оид ҳар бир бадиий элемент Ўрта Осиё ва Самарқанд анъанавий мактаб ва услубларига таянилган ҳолда махсус ишланган.
Мақбара ўртасидаги қабр тоши ақиқдан бўлиб, унинг теграсида Қуръон оятлари ва Амир Темур ҳамда Темурийлар даврига оид ёзувлар битилган”, дейди Лола Исломовна.
Лола Каримова-Тилляева ўз ёзганлари якунида мақбарани бунёд этишда ёрдам қўлини чўзганлар,чўзганлар хусусан онаси Татьяна Каримова ва Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирган.
“Меъморий мажмуани бунёд этишда кўрсатилган ёрдам учун Биринчи Президент беваси – ойим Татьяна Акбаровна Каримовага, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош бошқармасига, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси марказига ҳамда Ёдгорликлар ва тарихий масканларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро кенгашга (ИКОМОС) ўз миннатдорлигимни изҳор этаман.
Отамнинг мақбараларини барпо этишда иштирок этган барча инсонларга, меъмор ва қурувчиларга самимий ташаккуримни билдираман”, деб сўзларига якун ясайди Ислом Каримовнинг кенжа қизи.